Ўзбекистон | 10:40 / 08.04.2024
18104
2 дақиқада ўқилади

Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасида аёл ҳомиласи билан вафот этди. ССВ изоҳ берди

3 апрел куни Оҳангарон тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлимига олиб келинган 32 ёшли аёл 1 кундан кейин вафот этган. Бош прокуратура ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилаётганини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлимида вафот этган аёлни ўликхонага олиб кетишаётганда унинг яқинлари ва шифохона ходимлари ўртасида тортишув бўлган. Ҳолатга Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамдутдинов муносабат билдирди. Унга кўра, воқеа юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётгани, текшириш ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминлиши таъкидланган.

Аёлнинг ўлими бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам расмий муносабат эълон қилди. Унда кўрсатилишича, 2024 йилнинг 3 апрел куни соат 02:45 да 1992 йил Оҳангарон шаҳрида туғилган Х.А. қорин ва белдаги оғриқ билан Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлимига қабул қилинган. Аёлга “Ҳомиладорлик 4, 39 ҳафта туғуруқ 3. Туғуруқнинг 1 даври, латент фазаси. Семизлик 3 даража” ташхиси қўйилган бўлиб, бемор шифокорлар назорати остида бўлган. 4 апрел куни соат 14:10да аёлнинг тўсатдан аҳволи оғирлашиб, ҳаво етишмаслиги ва юрак соҳасида оғриқ билан нафас олиши қийинлашган.

Шундан сўнг зудлик билан реаниматолог иштирокида беморда зарур реанимацион чоралар амалга оширилган. Шунга қарамай, соат 14:35 да аёлда биологик ўлим ҳолати кузатилган”, – дейилади муносабатда.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, беморнинг ўлимига юрак ишемик касаллиги, ўткир коронар етишмовчилиги, юрак мушакларининг гипертрофияси ва ўткир миокард инфаркти сабаб бўлган. Асорати: Ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги. Ўпка шиши. Бош мия шиши. Ёндош: Ҳомиладорлик 4, туғуруқ 3, ҳомиладорлик 39-40 ҳафта. Бачадон шиллиқ қаватларига қон қуйилиши. Семизлик 3 даража. Ўткир жигар гепатози. Ҳомила ичи асфикцияси. Ҳомила антенатал ўлими.

Вазирлик ҳолат бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани, якуний хулосалар бўйича жамоатчиликка қўшимча маълумот берилишини маълум қилган. 

Мавзуга оид