БМТ бош котиби: Яқин Шарқ кенг кўламли ҳалокатли можаронинг ҳақиқий хавфига дуч келди
Антониу Гутерришга кўра, Эроннинг Исроилга ҳужуми фонида Яқин Шарқ аҳолиси кенг кўламли ҳалокатли можарога дуч келмоқда.
Яқин Шарқ аҳолиси кенг кўламли ҳалокатли можаронинг ҳақиқий хавфига дуч келмоқда. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш 14 апрел, якшанба куни бўлиб ўтган жаҳон ташкилоти Хавфсизлик кенгаши йиғилиши чоғида маълум қилди. Гутерриш Эроннинг Исроилга ҳужуми фонида минтақада «максимал вазминлик»га чақирди.
Халқаро ҳамжамият вазият янада авж олишига йўл қўймаслик учун барча манфаатдор томонлар билан ҳамкорлик қилишга масъулдир, деди БМТ бош котиби. У, шунингдек, Ғазо секторида зудлик билан гуманитар ўт очишни тўхтатиш, ҲАМАС ҳаракати томонидан гаровга олинганларни озод қилиш ва гуманитар ёрдамни тўсиқсиз етказиб бериш зарурлигини таъкидлади.
Исроил ва Эрон кескинлашувда бир-бирини айбламоқда
Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан Эрон ҳужумини «огоҳлантиришлар эътиборсиз қолдирилганда содир бўлиши мумкин бўлган мисли кўрилмаган кескинлашув» деб атади. Унинг сўзларига кўра, Теҳрон бутун дунё бўйлаб иттифоқчиларини қуроллантиради, молиялаштиради ва ўқитади, бироқ ҳозир «инкор ниқобини ечди» ва ўз ҳудудидан зарба бера бошлади. «Бу ҳужум барча қизил чизиқларни кесиб ўтди ва Исроил жавоб қайтариш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади», деди у.
Ўз навбатида, Эроннинг доимий вакили Амир Саид Иравоний Исроилга қилинган ҳужум ўзини ҳимоя этиш ҳаракати эканлигини айтди. У ҳужум кескинлашув хавфини минималлаштириш ва тинч аҳолига зарар етказмаслик учун «аниқ ҳарбий нишонларга қаратилган»лигига ишонтирди.
Исроил томонининг маълум қилишича, мамлакатдаги бадавийлар яшайдиган қишлоқлардан бирида Эрон зарбаси натижасида бир бола оғир яраланган.
Эроннинг Исроилга ҳужуми
14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга ҳаводан катта ҳужум уюштирди. Исроил мудофаа кучлари маълумотларига кўра, 170 та дрон, 120 дан ортиқ баллистик ракеталар ва 30 дан ортиқ қанотли ракеталар мамлакатга ҳужум қилишга уринган, бироқ Исроил ва унинг иттифоқчилари уларнинг 99 фоизини, аксариятини - мамлакат ташқарисида уриб туширишга муваффақ бўлган. Фақат бир нечта ракета Исроил ҳудудига етиб борди, жанубдаги авиабазага тушиб, «кичик зарар» келтирди», дейилади ЦАҲАЛ хабарида.
Эрондан ташқари, Исроилга ҳужумлар Яман ҳусийчилари, шунингдек, Ироқ ҳудудидан эронпараст гуруҳлар томонидан амалга оширилган.
10 апрел куни Теҳрон Исроилга Сурия пойтахти Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига уюштирилган ҳужум учун жавоб қайтариш билан таҳдид қилган эди. Ҳужум оқибатида Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг етти нафар аъзоси, жумладан, икки генерал ҳалок бўлди. Шундан сўнг Эроннинг олий етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаий «сионистик режим жазоланишини» айтди.
Мавзуга оид
13:31 / 03.11.2024
АҚШдаги сайловлар: Яқин Шарқдаги уруш фонида исроилпараст лобби пуллари қаёққа кетяпти?
14:50 / 01.11.2024
БМТ: 2023 йилда парник газлар концентрацияси янги рекорд даражага етди
08:56 / 01.11.2024
БМТ бош котиби Исроилнинг UNRWA ишини тақиқлаш қароридан чуқур хавотирда
11:18 / 29.10.2024