Ўзбекистон | 18:18 / 17.04.2024
6381
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Афғонистонга 15 турдаги 2,7 тонна уруғлик туҳфа қилди

Уруғлик Афғонистон ҳудудидаги турли тупроқ-иқлим шароитларида экиб, синаб кўриш мақсадида етказилгани таъкидланмоқда. 

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Афғонистонга 15 турдаги экинларнинг 35 хилдаги селекция навларидан иборат 2,7 тонна уруғлик туҳфа қилинди. 

Қайд этилишича, уруғликлар Афғонистон ҳудудидаги турли тупроқ-иқлим шароитларида экиб, синаб кўриш мақсадида Термиз шаҳридаги «Айритом» халқаро чегара ўтказиш пункти «Ҳайратон – Мозори Шариф» темир йўли орқали етказилган. Уруғлик Афғонистон Қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазирлиги Илмий тадқиқотлар бош бошқармаси бошлиғи доктор Муҳаммад Рофий Боварий томонидан қабул қилинган. 

Таъкидланишича, Ўзбекистон ва Афғонистон тарихида илк бор кузатилаётган бу ҳамкорлик, Ўзбекистон ҳудудида яратилган навларнинг агротехнологияларини ўргатиш, пахтачилик йўналишида эришилган ютуқлар айнан, пахта, ғалла, сабзавот етиштирувчи масъул фермерларни бириктирган ҳолда афғон диёри қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган.

Мавзуга оид