Ўзбекистон | 11:44 / 18.04.2024
7181
8 дақиқада ўқилади

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берганларни ҳимояга олиш ҳақидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди 

Хабар берувчиларнинг хавфсизлиги ИИВ, ДХХ, Миллий гвардия ва уларнинг ҳудудий органлари томонидан таъминланади.

“Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Қонуннинг мақсади коррупцияга нисбатан муросасиз муҳитни шакллантириш, ҳалоллик стандартини жорий қилиш ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида жамият манфаатларини кўзлаб хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш ва уларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ бошқа муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу қонун тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга махфийлик асосида кўмаклашувчи шахсларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатларга татбиқ этилмайди.

Хабар берувчини ҳимоя қилишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

  • қонунийлик;
  • хабарларни жамият манфаати сифатида кўриб чиқиш;
  • ҳимоя қилишнинг адолатлилиги;
  • холислик;
  • хабар берувчи ҳақидаги маълумотларнинг сир сақланиши;
  • хабар берувчининг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, шахсий ҳаёт, турар-жой ва мол-мулкининг дахлсизлигини таъминлаш.

Хабар берувчига қуйидагилар кафолатланади:

  • хабар берувчининг ҳаёти, соғлиғи, шахсий ва ишчанлик обрўси ҳамда мол-мулкининг ҳимоя қилиниши;
  • хабар берувчининг шахсига оид маълумотлар ёки бошқа сир тутилиши зарур бўлган маълумотларнинг учинчи шахсларга ошкор қилинмаслиги;
  • зарур ҳуқуқий ёрдам билан таъминланиши;
  • хабар берувчидан қасд олишга қаратилган ҳаракатлар, шу жумладан уни ноқонуний таъқиб қилиш ва жазолашга йўл қўймаслик;
  • хабар берганлиги туфайли ишдан бўшатиш, лавозимини пасайтириш, камситиш, босим ўтказиш ва бошқа шаклларда таъқиб қилинишига йўл қўйилмаслигининг таъминлашиши, меҳнат қонунчилигида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

Хабар берувчи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорда рағбатлантирилади. Хабар берувчи рағбатлантиришдан воз кечишга ҳақли. Мазкур модданинг биринчи ва иккинчи қисмида назарда тутилган кафолатлар хабар берувчининг яқин қариндошларига нисбатан ҳам татбиқ этилиши мумкин.

Хабар берувчини ҳимоя қилишни таъминловчи давлат органлари қуйидагилардан иборат:

  • ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи органлар;
  • хавфсизлик чораларини таъминловчи органлар.

Ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисидаги қарор Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар, терговга қадар текширув органлари, суриштирув органлари, дастлабки тергов органлари, прокуратура органлари ва суд томонидан қабул қилинади.

Хабар берувчиларнинг хавфсизлиги Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси ва уларнинг ҳудудий органлари томонидан таъминланади.

Ушбу қонун бўйича қуйидаги тоифадаги шахслар хабар берувчи сифатида кўриб чиқилади:

  • ўз меҳнат фаолиятини амалга ошириб келаётган ташкилотда коррупция ҳолатларига тайёргарлик кўрилаётганлиги ёки содир этилганлиги ҳақида хабар берган ходимлар;
  • коррупция ҳолатларига тайёргарлик кўрилаётганлиги ёки содир этилганлиги ҳақида ишончли маълумот берган собиқ ходим ёки ишга кириши истагини билдирган номзод;
  • суиистеъмолчилик ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги ҳақида ишончли маълумот берган давлат буюртмаси бўйича пудратчи ташкилот вакили ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ишга жалб қилинган жисмоний шахс;
  • давлат ташкилотида коррупция ҳолатларига тайёргарлик кўрилаётганлиги ёки содир этилганлиги ҳақидаги хабар берган харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари ёки ижрочилари ёхуд бошқа турдаги шартномавий муносабатларда контрагент сифатида иштирок этувчи юридик шахс ёки якка тадбиркорлик субъектида меҳнат фаолияти олиб бораётган жисмоний шахс;
  • таълим муассасаларида коррупция ҳолатларига тайёргарлик кўрилаётганлиги ёки содир этилганлиги ҳақидаги хабар берган талаба, тингловчи ёки стажировка ўтаётган шахс ҳамда унинг васийси ва ёки ҳомийси;
  • ташкилотда коррупция ҳолатларига тайёргарлик кўрилаётганлиги ёки содир этилганлиги ҳақидаги хабар берган ва фаолияти ушбу ташкилотга боғлиқ касаначилар, корпоратив бошқарув органлари аъзолари, акциядорлар ва бошқача турдаги муассислар;
  • журналистик текширувни ўтказиш жараёнида аниқланган коррупция ҳолатлари ҳақида хабар берган оммавий ахборот воситалари вакиллари.

Хабар берувчи:

  • хабар беришда ғаразгўйлик ва шахсий адоватга йўл қўймаслик;
  • ваколатли давлат органлари томонидан қабул қилинган қарорларни, шунингдек уларнинг қонуний талабларини бажариши;
  • ўзига нисбатан қилинган ҳар бир таҳдид ёхуд ғайриқонуний ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тўғрисида ваколатли давлат органларини дарҳол хабардор қилиши;
  • ўзига нисбатан қўлланилган ҳимоя чоралари ҳақидаги маълумотларни ошкор этмаслиги;
  • хабар беришда беғараз бўлиши, бошқа шахсларнинг нуфузи ва ижтимоий мавқейига қасддан ёки шахсий адоват асосида путур етказмаслиги шарт.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида ташкилотнинг раҳбари ёки коррупцияга қарши курашиш бўлинмалари ва юқори турувчи ташкилотга хабар бериш ички хабар бериш ҳисобланади.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида давлат ташкилотларига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш ташқи хабар бериш ҳисобланади.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали ёки бундай маълумотларни жамоатчиликка очиқ тақдим этилиши мумкин бўлган ҳар қандай воситалар орқали эълон қилиш ошкора хабар бериш ҳисобланади. Агентлик, давлат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жамоатчиликка очиқ тақдим этилган хабарларни мониторинг қилиб боради.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида маълумотларни агентликнинг электрон тизимига жойлаштириш марказлаштирилган электрон тизими орқали хабар бериш ҳисобланади. Агентлик жисмоний ва юридик шахслар томонидан юборилган, шунингдек, давлат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан қабул қилинган хабарларнинг марказлаштирилган электрон тизими орқали ягона маълумотлар базасини юритади.

Хабарлар қуйидаги тоифалардан иборат:

  • мулкни мақсадсиз ёки ноқонуний сарфлаш ёхуд талон-торож қилиш;
  • хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик;
  • ҳужжатларни сохталаштириш ёки қалбакилаштириш;
  • мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, ҳаракатсизлик, совуққонлик;
  • порахўрлик ёки қонунга хилоф равишда бошқа турдаги моддий ёхуд номоддий наф олиш;
  • рақобат, давлат харидлари ёки давлат – хусусий шерикчилик соҳаларидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларининг бузилиши;
  • манфаатлар тўқнашуви ва одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши.

Хабар берувчини ҳимоя қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

  • хабар берувчи ёки унинг қонуний вакили ёхуд яқин қариндошининг мурожаати;
  • жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар;
  • хабар берувчига нисбатан таъқиб ва зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари томонидан бевосита аниқланиши;
  • қонунга зид бўлмаган бошқа манбалардан олинган маълумотлар.

Хабар берувчини ҳимоя қилиш чоралари қуйидагилардан иборат:

  • хабар берувчи тўғрисидаги маълумотларни учинчи шахсларга ошкор қилмаслик;
  • хабар берилгани туфайли хабар берувчига нисбатан ҳар қандай шаклда тазйиқ ўтказишни тақиқлаш;
  • хабар берувчига ҳимоя ордери бериш;
  • хабар берувчига махсус индивидуал ҳимоя воситаларини ва техник воситаларни бериш;
  • хабар берувчини, унинг уй-жойи ва бошқа мол-мулкини қўриқлаш;
  • хабар берувчини вақтинчалик хавфсиз жойга жойлаштириш;
  • хабар берувчини бошқа яшаш жойига кўчириш, иш (хизмат) ёки ўқиш жойини ўзгартириш;
  • хабар берувчининг ҳужжатларини вақтинча алмаштириш;
  • хабар берувчига оммавий ахборот воситалари орқали баёнот бериш имкониятини яратиш.

Мавзуга оид