Одесса яқинидаги зарба Осиё ва Африка учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йўқ қилди
Россиянинг Одесса яқинидаги Южний портига ракета ҳужуми натижасида Осиё ва Африка мамлакатларига экспорт қилиш учун мўлжалланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари йўқ қилинди, деб хабар берди Киев. Сумига ҳам зарба берилди. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар йўқ.
Россиянинг 19 апрел, жума куни Одесса яқинидаги Южний портига ракета ҳужуми натижасида Осиё ва Африка мамлакатларига экспорт қилиш учун мўлжалланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари солинган контейнерлар йўқ қилинди. Бу ҳақда Украина тикланиш вазирлиги шу куни ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
«Южний портидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта юклашга ихтисослашган иккита терминалга ҳужум қилинди, терминаллардан бири 2004 йилдан бери Украинада фаолият юритиб келаётган ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича бир нечта заводларга эга бўлган дунёга машҳур Сингапур компаниясига тегишли. Бу - 300 миллион доллардан ортиқ инвестициялар ва 1000 га яқин иш ўринларидир», - дейилади департамент баёнотида.
Шунингдек, хабарда қайд этилишича, бу Одесса вилоятидаги порт инфратузилмаси объектларига Россия томонидан 39-ҳужум бўлди. Умуман олганда, ушбу ҳужумлар натижасида 215 та объект, 153 та транспорт воситаси, 8 та фуқаролик кемаси зарар кўрган ва қисман вайрон қилинган, 26 нафар тинч аҳоли жабрланган.
Украинанинг бошқа вилоятларига ҳам зарбалар уюштирилди
19 апрел оқшомида Россия Суми шаҳридаги фуқаролик инфратузилмасига ҳам ракета ҳужуми уюштирди. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар йўқ, деб хабар қилди Суми вилояти ҳарбий бошқармаси.
Бундан ташқари, жума куни кечқурун Россия Федерацияси Днепропетровск вилоятини ўққа тутди. Днепр ва Синелниководаги турар жой биноларига ракеталар тушиши натижасида саккиз киши ҳалок бўлди, 25 киши яраланди, деди вилоят ҳарбий бошқармаси бошлиғи Сергей Лисак. 20 апрел Днепрда қурбонлар хотирасига мотам куни деб эълон қилинди.
Мавзуга оид
20:28 / 01.11.2024
Фермер энди ерга ижара ҳуқуқини сотиши мумкин – саволларга жавоблар
12:10 / 25.10.2024
Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги вазири тайинланди
16:26 / 16.10.2024
Хоразмда яна рейдерлик. Шоликорлар ҳосилини тортиб олиш оммавий тус олганми?
17:23 / 15.10.2024