Жаҳон | 09:53 / 22.04.2024
5043
2 дақиқада ўқилади

Арманистоннинг Киранц қишлоғидаги намойишчилар олдига махсус кучлар юборилди

Киранц аҳолиси Ереван ва Боку ўртасида чегарани белгилаш бўйича келишувларга қарши норозилик билдирмоқда. Улар махсус кучлар таҳдидига қарамай, «ўз ўрнида қолишда давом этмоқда», дея хабар беради арман матбуоти.

Фото: armeniatoday.news

Арманистоннинг Киранц қишлоғига махсус кучлар отряди жўнатилди, унинг аҳолиси 19 апрелдан бери М6 давлатлараро автомагистралининг Воскепар-Киранц қисмини тўсиб қўйган. Бу ҳақда Арманистоннинг Hraparak ахборот портали 21 апрел, якшанба куни кечқурун Миллий мажлиснинг «Арманистон» фракцияси аъзоси Гарник Даниэлянга таяниб хабар берди. Унинг сўзларига кўра, Киранц аҳолиси махсус кучлар таҳдидига қарамай, «ўз жойида қолишда давом этмоқда».

Тавуш вилояти аҳолисининг итоатсизлик ҳаракати 

19 апрел оқшомидан бери Тавуш вилояти аҳолиси Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги чегарани делимитация қилиш бўйича келишувларга қарши норозилик билдирмоқда. Ереван ва Боку ўртасидаги янги келишув 1990-йиллардан бери Арманистон назоратида бўлган Тавуш вилоятидаги тўрт қишлоқни Озарбойжон томонига ўтказишни назарда тутади. 

«Новости-Армения» агентлигига кўра, намойишчилар келишувлардан норози, чунки Озарбойжон ҳарбий постлари аҳоли гавжум жойларга жуда яқин жойлашгани сабабли уларнинг хавфсизлиги хавф остида. 

Ереван ва Боку ўртасида чегарани белгилаш бўйича келишув

19 апрел куни Арманистон ташқи ишлар вазирлиги Ереван ва Боку чегарани делимитация жараёнини бошлашга аввалроқ келишиб олгани ҳақида хабар берди. Давлатлар СССР парчаланган пайтда мавжуд бўлган чизиқ бўйлаб Тавуш вилоятининг тўртта аҳоли пункти ўртасидаги чегараларни келишиб олди. Арманистон ва Озарбойжон яқин вақт ичида келишилган ҳудудлардан қўшинларини олиб чиқиб, у ерда чегара постларини жойлаштиришга рози бўлди.

Мавзуга оид