Жаҳон | 22:24 / 24.04.2024
15151
2 дақиқада ўқилади

Эронда рэпер Тумож Солиҳий ўлим жазосига ҳукм қилинди

Солиҳий ҳукуматга қарши намойишларни қўллаб-қувватлагани учун «ер юзида фасодни тарқатишда» айбдор деб топилди.

Тумож Солиҳий

Эрон Ислом инқилоби суди мамлакатдаги ҳукуматга қарши намойишларни қўллаб-қувватлаган машҳур 33 ёшли рэпер Тумож Солиҳийни ўлим жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда Reuters ёзди. 

Мусиқачи 2022 йил октябр ойида намойишчиларни қўллаб-қувватлаган, шу жумладан, бу ҳақда қўшиқлар ёзиб, омма олдида чиқиш қилганида ҳибсга олинган. Солиҳий «ер юзида фасодни тарқатишда» айбланган, бунинг учун ўлим жазоси назарда тутилган. 

Рэпер 2023 йилда ҳам ўлимга ҳукм қилинган, аммо Эрон Олий суди қарорига кўра, жазо 6 йилу 3 ой қамоқ билан алмаштирилган эди. 

2024 йил 24 апрелида рэпернинг адвокати Амир Раисён Эроннинг «Sharq» газетасига берган интервюсида Олий суд қарорига қарамай, Исфахон шаҳри суди рэперни ўлим жазосига ҳукм қилганини айтди. У ҳали қонуний кучга кирмаган ҳукм устидан шикоят қилишга ваъда берди. 

Эронда оммавий норозилик ва тартибсизликлар 2022 йил сентябрида рўмолни «нотўғри ўрагани» учун ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган 22 ёшли Маҳса Аминий ўлимидан сўнг бошланган. Аёл ҳибсга олинганидан кўп ўтмай вафот этди. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, у полиция бўлимига олиб кетилаётганда бошидан оғир жароҳат олган. Расмийлар ўлимга юрак хуружи сабаб бўлганини айтишди. Намойишлар бир неча ой давом этди, тўқнашувларда юзлаб одамлар ҳалок бўлди. Кўплаб намойишчилар ҳибсга олинди ва қатл этилди.

 

Мавзуга оид