Жаҳон | 21:48 / 26.04.2024
10741
2 дақиқада ўқилади

«Крокус»даги теракт иши бўйича яна бир тожикистонлик қўлга олинди

У Россия Жиноят кодексининг 205-моддаси (одамнинг қасддан ўлимига олиб келадиган террорчилик ҳаракатини содир этиш) билан айбланмоқда.

Фото: РБК

Россия Хавфсизлик кучлари «Крокус Сити Холл»даги теракт ишига алоқадор яна бир шахсни – Тожикистон фуқароси Жумахон Бегижонович Қурбоновни ҳибсга олди. Бу ҳақда РБК хабар берди.

Қўлга олинган шахс Тожикистоннинг Фархор шаҳрида туғилган, 2003 йилда туғилган. У Россия Жиноят кодексининг 205-моддаси (одамнинг қасддан ўлимига олиб келадиган террорчилик ҳаракатини содир этиш) билан айбланмоқда.

Қурбонов айнан қайси қилмиши учун ушлангани хабарда батафсил келтирилмаган.

Аввалроқ, терактга бевосита алоқадорликда гумон қилинаётган 4 нафар шахс – Далержон Мирзоев, Саидакрами Ражабализода, Шамсидин Фаридуни ва Муҳаммадсобир Файзов, шунингдек, билвосита алоқадор 10 нафарга яқин киши ҳибсга олинган эди. Уларнинг барчаси Тожикистон фуқаролари экани айтилмоқда. 

Москвадаги «Крокус Сити Холл» концерт залидаги теракт 22 март куни кечқурун содир этилди. Қуролланган одамлар бинога бостириб кириб, томошабинларга қарата ўқ узди. Ҳужумчилар бинони ҳам ёқиб юборишди, оқибатда том қулади ва концерт зали бутунлай ёниб кетди. 140 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлди, 500 нафардан ортиқ киши жароҳат олди.

Мавзуга оид