Жаҳон | 13:37 / 07.05.2024
10650
8 дақиқада ўқилади

Шартларни қабул қилган ҲАМАС, АҚШ сенаторларнинг Ҳаага судига таҳдиди ва денгиздан ҳайдалган “яширин флот” — кун дайжести

Ўтган сутка давомида жаҳон саҳнасида содир бўлган эътиборга молик воқеа-ҳодисалар ва янгиликлар тафсилоти билан одатдагидек таништиришда давом этамиз. 

Ғазодаги вазият

ҲАМАС Миср ва Қатар томонидан таклиф этилган, Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича битим шартларини қабул қилган, деб хабар беради Associated Press. Бу ҳақда ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳания Қатар бош вазири ва Миср разведкаси раҳбарига телефон орқали маълумот берган.

ҲАМАС раисининг Ғазодаги ўринбосари Халил Ал-Ҳайяга кўра, воситачилар томонидан таклиф этилган битим ҳар бири 42 кунлик учта босқичдан иборат бўлади. Таклиф Ғазо секторидан қўшинларни тўлиқ олиб чиқиш, мажбуран кўчирилганларни турар жойларига қайтариш ва асир алмашинувини қамраб олган.

Биринчи босқичда Исроил оккупантлари Ғазо секторининг ичидаги чегарага ёндош ҳудудларга чиқиб кетади. Шу босқичда мажбуран кўчирилганлар ўз турар жойларига қайтишади ва бир неча асирлар алмашилади.

Иккинчи босқичда ҳарбий ва душманлик ҳаракатлари доимий тўхтатилиши эълон қилинади.

«Биз воситачиларимизга ўт очишни тўлиқ тўхтатиш таклифи бўйича ўз позициямиз ҳақида маълумот бериб бўлдик. Воситачилар битимни амалга оширишни аниқ қўллаб-қувватлаётганини хабар қилишди. Тўп энди Исроил томонига узатилди», — деган Халил Ал-Ҳайя.

Исроил томони расман изоҳ бермаган. Бироқ Исроил мулозимларидан бири Reuters агентлигига ҲАМАС Мисрнинг Исроил учун номақбул бўлган юмшатилган таклифини қабул қилганини айтган.

«Афтидан, бу Исроилни ҳар қандай битимни рад этувчи томон қилиб кўрсатишга йўналтирилган ҳийлага ўхшамоқда», — деган номини ошкор этмаган мулозим.

Исроил армияси радиоси «ҲАМАС томонидан маъқулланган ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги таклиф ҳали Исроил томонидан маъқулланмаган»ини таъкидлаган.

Исроил армияси эса «Биз гаровга олинган инсонларни қайтариш учун берилаётган таклифларнинг ҳар бирини ҳарбий босимни тўхтатмаган ҳолда ўрганиб чиқишга тайёрмиз», дея баёнот берган.

Исроил Миллий хавфсизлик вазири, радикал ултраўнг миллатчи Итамар Бен-Гвир: «Рафаҳни зудлик билан эгаллаб олишимиз керак, акс ҳолда бизга босим ортиб бораверади», — деган.

Ғазода ҲАМАСга нисбатан ерусти операцияси ўтказаётган Исроил аввал Рафаҳ шаҳридан 100 мингдан зиёд фаластинликларни қамраб олувчи эвакуацияга чақирган эди. Душанба куни Исроил ҳукумати тинч аҳолини шаҳардан 20 км узоқликдаги кенгайтирилган ҳуманитар зонага кўчишга чорлаган эди.

Аммо Ғазода отишмалар ва бомбалашлар ҳам, тинч аҳолининг ҳалок бўлиши ҳам давом этмоқда. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, урушнинг 213-кунига келиб, қамал қилинган эксклавдаги қурбонлар сони 34 минг 735 киши, ярадорлар жса 78 минг 108 кишига етган. Сўнгги бир сутка ичида Исроил ҳарбийлари 5 та оммавий қирғин уюштириб, 52 кишининг ҳалок бўлишига, 90 кишининг яраланишига сабабчи бўлган. 

АҚШ сенаторларининг таҳдиди

АҚШнинг 12 нафар сенатори Ҳаагадаги халқаро жиноят судига таҳдид билан хат ёзгани маълум бўлди. Улар хат орқали Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни ҳибсга олиш учун ордер берилишига қарши турли-туман таҳдидлар йўллашган.

«Агар Исроил ҳукумат мансабдорлари учун ордер берилса, биз буни Исроилнинг ўзига эмас, АҚШга ҳам қаратилган таҳдид ўлароқ қабул қиламиз», — дейилган хатда.

«Агар сиз Исроилга ҳужум қилсаларинг биз сизларга ҳужум қиламиз», — дейилган асосий таҳдидда.

Шунингдек, огоҳлантириш хатида агар Нетаняҳуни ҳибсга олиш учун ордер берилса халқаро жиноят судига Америка ёрдами бутунлай бас қилиниши, халқаро жиноят суди ходимлари ва ҳамкорларига нисбатан санкциялар қўлланиши, судялар ва уларнинг оилаларига АҚШга кириш учун тақиқ жорий этилиши кўрсатиб ўтилган. 

Украинадаги уруш

Россия Курахове ва Покровск қишлоқларини эгаллашни мақсад қилган. Фронтда вазият жуда оғир, деган Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский.

«Бундай шарт-шароитларда бизнинг бош вазифамиз — эгаллаб турган сарҳадлар ва позицияларимизни артиллерия ва зарбдор дронлар воситасида қўлдан бой бермаслик, барча кучларни тўлаб душманга максимал зиён етказиш, уни ҳолдан тойдириш, шу йўл билан душманнинг режаларини барбод қилиб, захираларимизни шакллантириш ва тайёрлаб олиш учун вақтдан ютиш» — деган Украина қуролли кучлари бош қўмондони.

Украина қуролли кучлари Часив Яр посёлкаси яқинидан ўтувчи Шимолий Донецк–Донбасс канали устидаги кўприкларни портлатган. Бу ҳақда Украина қуролли кучлари қуруқликдаги қўшинлари захирадагилар кенгаши раиси Иван Тимочко маълум қилган.

Шу йўл билан Россия қўшинларининг посёлкага қанотлар бўйлаб бостириб келишининг олди олинмоқда.

«Каналнинг ўзи ҳам посёлкага ҳужум уюштириш, душман қўшинларининг силжиши учун жиддий тўсиқ бўла олади. Бошқа томондан олиб қаралганда, канал узра ўтган кўприкнинг портлатилиши унинг нариги қирғоғида афсуски бизнинг қўшинларимиз қолмаганини англатади», — деган Тимочко.

Украина Ғарб давлатларидан ҳарбий техника ва қурол-яроғлар кутаётган бир пайтда Россия Ташқи ишлар вазирлиги F-16 самолётларининг модификациясидан қатъи назар, Украинада пайдо бўлишини ядровий қурол ташувчи техникалар етказилгани сифатида баҳолашини эълон қилди. Бу орада Владимир Путин Қозоғистон яқинидаги полигонларда тактик ядровий қуролларни синовдан ўтказиш тўғрисида буйруқ берди. 

Хитой раҳбарининг Францияга ташрифи

Европа Иттифоқи етакчилари Хитойнинг таъсиридан фойдаланиб, Украинадаги урушни тўхтатиш учун Си Жинпингни бу бўйича Путинга босим ўтказишга чақиришди.

Франция президенти Эммануэл Макрон ва Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг Хитой Халқ Республикаси раҳбари Си Жинпинг билан ўтказган музокаралари чоғида томонлар Европа ва Хитой ўртасидаги савдо-сотиқнинг адолатли қоидалари, шунингдек, Украинадаги урушни якунлаш учун Пекиннинг ҳаракатлари масалаларини муҳокама қилишди.

«Биз Россиянинг Украинадаги хатти-ҳаракатларига чек қўйиш учун Хитой ўзининг босимидан фойдаланишидан умид қилиб турибмиз», — деган фон дер Ляйен.

Франция Москва билан уруш олиб бораётгани йўқ, деган Франция президенти Эммануэл Макрон.

«Биз Россия ва рус халқи билан уруш ҳолатида эмасмиз ва бизда Москвадаги режимни ўзгартиришга интилиш йўқ», — деган у Си Жинпинг билан ўтказилган матбуот анжуманида. Макроннинг сўзларига кўра, Хитой раиси Парижда ўтадиган олимпиада чоғида оташкесим режимини жорий этиш ғоясини қўллаб-қувватлаган. 

«Яширин флот» ҳайдаб солинди

НАТО флоти Россия нефтини ташиётган танкерларни Ўрта Ер денгизидаги энг йирик бандаргоҳдан ҳайдаб юборди. Россия нефтини ташиётган танкерлар Ўрта Ер денгиздаги муҳим бандаргоҳ Лакон қўлтиғини тарк этишди. Бу ерда нефт хомашёси Осиё давлатларига етказиш учун кемадан-кемага қуйилаётган эди.

Bloomberg нашрининг хабарига кўра, май ойи бошидан буён Путиннинг «яширин флоти» танкерлари материкдаги бутун Европа ва Грециянинг энг жанубий қўлтиғига кирмай қўйган. Бу ердан Сквайш каналигача энг яқин йўл бор.

Бунга сабаб НАТО давлатлари флоти ўтказаётган ҳарбий денгиз машқларидир. Греция гидрографик хизмати Лакон қўлтиғида 1 майдан 9 майгача манёврлар ўтказилишини анонс қилган эди. Умуман, ой охиригача Ўрта ер денгизида НАТО флотининг 5 та ҳарбий машқи ўтказилади.

«Нептун зарбаси» деб ном олган ва 10 майгача давом этувчи машқларда АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Греция, Италия, Норвегия, Нидерландия, Полша, Руминия, Испания, Туркия, Швеция, Болгария, Дания ва Албаниянинг кемалари, сувости кемалари ва авиаташувчилари иштирок этади.

Мавзуга оид