Ғазодаги касалхоналарга ҳужум, ҳусийчиларнинг огоҳлантириши ва Трампдан умид қилаётган Гуржистон — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Исроил армияси Ғазо шимолидаги учта касалхонага зарба берди. Ҳужумларда «Камол Адван» касалхонасидаги болалар яраланди.
Ғазодаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош директори Мунир Абдулла ал-Буршнинг маълум қилишича, Исроил кучлари «Камол Адван», «Ал-Ауда» ва Индонезия шифохоналарини ўққа тутган.
Унинг сўзларига кўра, ҳужум натижасида «Камол Адван» касалхонасидаги электр генераторлари ва сув идишлари зарар кўрган ва неонатал бўлимдаги баъзи болалар жароҳатланган.
Ал-Бурш, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси делегацияси ташрифи чоғида шифохоналар ўққа тутилганини таъкидлаб, Исроилнинг минтақа соғлиқни сақлаш тизимига путур етказишга уринишларига эътибор қаратди.
«Камол Адван» касалхонаси бош шифокори Ҳуссам Абу Сафия яраланган болалардан бирининг аҳволи оғир эканини айтди. Унинг қўшимча қилишича, шифохонада 120 нафар бемор ва ярадор бор, улардан 19 нафари бола ва 4 нафари янги туғилган чақалоқ.
Ўз навбатида, «Ал-Ауда» касалхонаси раҳбарияти 5 октябрдан бери шифохонага ёқилғи келмаётгани, таъминот камайиб бораётгани, тиббий хизмат кўрсатишни давом эттириш учун зудлик билан дори-дармон, тиббий буюмлар, қон, озиқ-овқат ва сув зарурлигини таъкидлаган ва ЖССТ ва Халқаро Қизил Хоч қўмитасини тиббий материаллар ва ёқилғи етказиб беришда ёрдам беришга чақирди.
Исроил Ливанга босқинни кенгайтирмоқчи
Исроил қуролли кучлари бош штаби раҳбари Ҳерци Ҳалеви бу мамлакатда можарони тартибга солиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатлар давом эттирилаётганига қарамай, ҳарбийлар Ливанга қарши агрессия кенгайтирилишига тайёр туришлари кераклигини таъкидлаган.
«Ливанда келишувга эришишга доир дипломатик ҳаракатлар билан бир қаторда ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириш, жумладан ер устидан олиб борилаётган манёврларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича режаларни ишлаб чиқишда давом этиш керак. Биз бу режаларни заруриятга қараб фаоллаштириб борамиз», — дея Ҳалевининг баёнотини келтирмоқда ЦАҲАЛ матбуот хизмати.
Ҳалевининг қўшимча қилишича, армия «Ливаннинг жанубида, Бекаа водийсида, Байрут ва Сурия дохил бутун минтақадаги «Ҳизбуллоҳ» нишонларига режага асосан зарба беришда давом этиши керак».
Алоҳида баёнот билан Исроил армияси Байрут остонасидаги «Ҳизбуллоҳ» нишонларига бир қатор зарбалар берилганини маълум қилди.
Сентябр ойининг охирларидан бошлаб Исроил Ливанда ўзининг ҳаводан ҳарбий кампаниясини фаоллаштирди. ЦАҲАЛга кўра, асосан «Ҳизбуллоҳ»нинг нишонлари йўқ қилинган, бу эса Ғазога босқин уюштирилганидан буён содир бўлиб турган Исроил ва Ливан гуруҳи ўртасидаги чегараолди тўқнашувлар янада авж олишига сабаб бўлди. Исроил 1 октябрдан буён Ливаннинг жанубига ер устидан ҳужум уюштириб, можарони янада кенгайтирди.
Ливан соғлиқни сақлаш органлари маълумотларига кўра, 2023 йилнинг октябридан буён Исроил ҳужумлари туфайли 3 мингдан зиёд ливанликлар ҳалок бўлган. Қарийб 13,5 минг киши жароҳатланган.
Ҳусийчилардан Трампга огоҳлантириш
Яманлик ҳусийчиларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракати Newsweek нашрига берган интервюсида АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Исроилнинг Ғазо секторида давом этаётган урушини жиловлаб, Америка иқтисодиётига келгусидаги зиёнларнинг олдини олиши мумкинлигини таъкидлаган.
Исроилнинг Ғазога бостириб кирганидан сўнг Қизил денгизда халқаро кемачиликка қарши мисли кўрилмаган ҳужум бошлаган Яман гуруҳи ўз ҳаракатларининг иқтисодий оқибатларига урғу берган.
«Америка Ғазодаги агрессияни қўллаётгани ва Исроил манфаатини кўзлаб Яманга ҳужум уюштираётгани учун иқтисодий ва ҳарбий товон тўлаб келмоқда», —деган «Ансоруллоҳ» вакили ва «Америка фуқаролари ўз маъмуриятининг Яманга қарши муносабати туфайли гарданига юқори нархлар оғирлигини олаётгани»ни қўшимча қилган.
Ҳусийчилар Трампнинг ҳар қандай урушларни тўхтата олиш ваъдасига нисбатан скептик муносабатда бўлишган.
«Савол очиқ қолмоқда: Трамп ҳам ўша сиёсатни юритадими, Американинг Яманга нисбатан агрессияси давом этадими? Агар жавоб «ҳа» бўлса, Америка иқтисодиёти янада каттароқ йўқотишларга дучор бўлади», — деган манба.
Сайловдан сўнг Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва Трамп ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтган ва улар «Исроилнинг хавфсизлиги учун биргаликда ишлаш»га келишиб олишган ва «Эрон таҳдиди»ни муҳокама қилишган. Трамп ўзининг ғалаба нутқида араб ва мусулмон сайловчиларнинг қўлловини урғулаб ўтган ва «урушларни бошлаш эмас, уларни тугатиш» ниятида эканини таъкидлаган.
Эрдўғаннинг Европа етакчиларига мурожаати
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Будапештда бўлиб ўтган Европа сиёсий ҳамжамиятининг 5-саммитида иштирок этди. Эрдўған унда қитъада хавфсизликка таҳдидларни бартараф қилиш учун кучларни бирлаштириш муҳим эканига урғу берди.
У Европа сиёсий ҳамжамиятини «ҳар куни чуқурлашиб бораётган Украинадаги урушнинг салбий оқибатлари» фонида умумий таҳдидларни очиқ муҳокама қилиш учун майдонча деб атади.
Туркия етакчиси кенг кўламли ҳуманитар фалокат палак ёяётган Яқин Шарқдаги инқирозга алоҳида эътибор қаратди.
«Ўт очиш зудлик билан тўхтатилиши ва узлуксиз инсонпарварлик ёрдамларини ташкиллаштириш учун барча даражаларда Исроилга босим ўтказиш зарур», — деди Эрдўған ва дунё Фаластинни мустақил давлат дея тан олишга муҳтож эканини қўшимча қилди.
Туркия президенти шунингдек, Европадаги исломофобия ва ирқчилик муаммоларига эътибор қаратиб, бундай ҳодисалар «ижтимоий бирлик ва барқарорликка рахна солиши» ҳамда инсон ҳуқуқларига фундаментал таҳдид эканини таъкидлади.
Бундан ташқари, Туркия президенти терроризмга қарши кураш «террорчилик ташкилотлари ўртасидаги фарққа қарамасдан ҳамкорлик ва бирдамликни талаб этиши»ни айтиб ўтди.
Эрдўған яна Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзолик масаласини ёдга олди ва «Қитъанинг равнақ топиши ва хавфсизлигига сезиларли ҳисса қўша оладиган Туркия каби номзод давлатнинг аъзолиги йиллар оша блокланиб келаётгани»ни таъкидлади. Сўзи ниҳоясида Эрдўған Туркия Европа билан мустаҳкам асосда мулоқотга тайёр эканлиги, бу «Европага ҳам, қўшни давлатларга ҳам фойда келтириши»ни айтди.
Трампдан умид қилаётган Гуржистон
Доналд Трампнинг сайловдаги ғалабасидан сўнг Гуржистоннинг ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси ва Гуржистондаги мухолиф партиялар уни табриклашга шошилган. Биринчи бўлиб бу ишни мамлаканинг асосий мухолиф овози президент Саломе Зурабишвили қилган.
У Трампни табриклаб, Гуржистоннинг евроатлантика интилишларига урғу берган, АҚШдан Гуржистон хавфсизлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлашни сўраган.
Бош вазир Ираклий Кобахидзе четда қолмаган ва Америка-Гуржистон муносабатларининг жонланишига умид қилиб, Трампнинг раҳбарлигида Икки мамлакат муносабатлари яхшиланиши борасида оптимистик фикр билдирган.
Байден маъмурияти билан «Гуржистон орзуси»нинг муносабатлари ҳавас қиларли эмасди: икки мамлакат алоқалари таранглашган, айниқса демократ Байденнинг сўнгги президентлик йилида. Сентябрда АҚШ Гуржистонга нисбатан санкциялар ва 30 нафар гуржистонлик мансабдор шахсга нисбатан виза чекловлари жорий қилди. Буларнинг барчасига Гуржистонда май ойида қабул қилинган «Чет эл агентлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси сабаб бўлди.
Кобахидзе Трамп манзилига йўлланган табрик твитида АҚШ ва Гуржистон ўртасидаги муносабатлар «қайта ишга туширилиши»дан умид қилаётганини изҳор этди. Бу «Гуржистон орзуси»нинг тобора ошиб бораётган ғарбга қарши риторикасига тўғри келмайди. Партия борган сари россияпараст қарашларда айбланмоқда, гарчи Кобахидзе бир неча бор Тбилиси Москва билан дипломатик алоқаларни тиклаш ниятида эмаслигини такрорлаб келаётган бўлса ҳам.
Экспертлар Трамп даврида АҚШ-Гуржистон муносабатлари ўнгланишига скептик муносабатда бўлмоқда. Собиқ мудофаа вазири Тина Хидашелининг таъкидлашича, «Гуржистон орзуси»нинг Хитой билан яқин муносабатлари ва аксилдемократик қонунлар Трамп маъмурияти учун «қизил чизиқ» бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Бундан ташқари, республикачи президентга Гуржистон мутлақо аҳамиятсиз бўлиши ҳам мумкин — унинг қиладиган ишлар рўйхатида бундан муҳимроқ вазифалар бор. Бу Украинадаги уруш, Европа ва Хитой билан савдо урушлари, НАТОни ислоҳ қилиш — буларнинг барчаси Трампнинг сайловолди нутқларида янграган эди.
Мавзуга оид
13:12 / 07.11.2024
Ливан қишлоғига ҳужум, Трамп ғалабасидан хурсанд Исроил вазирлари ва Германияда парчаланган коалиция — кун дайжести
14:30 / 06.11.2024
АҚШдаги сайловлар, вазирларини алмаштирган Нетаняҳу ва Эронда қатл этилган Исроил жосуслари — кун дайжести
16:22 / 05.11.2024
Адибларнинг Исроилга бойкоти, Пизишкиённинг баёноти ва Ғазода урушни якунлашни ваъда қилаётган Ҳаррис — кун дайжести
13:18 / 04.11.2024