Жаҳон | 13:18 / 04.11.2024
4571
8 дақиқада ўқилади

Ғазода қамалда қолган 100 минг инсон, иттифоқчиларидан хафа Эрон ва Сандунинг сайловдаги ғалабаси — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Исроилнинг қирғинбарот босқини ва қамали оқибатида Ғазодаги вазият ҳамон оғирлигича қолмоқда. Ғазо шимолида 100 мингдан зиёд фаластинликлар овқат, сув ва дори-дармонга етиша олмаяпти.

Ғазодаги фуқаро мудофааси бошқармаси тарқатаётган хабарларга кўра, Ғазонинг шимоли қарийб бир ойдан буён қатъий қамал шароитида қолмоқда ва бот-бот Исроил ҳужумларига дучор бўлмоқда. Одамлар очлик ва ташналикдан қийналмоқда.

Бошқарманинг матбуот котиби Маҳмуд Басалнинг ёзма баёнотида маълум қилинишича, Исроил Ғазонинг шимолига тинмасдан ҳужум қилишда давом этмоқда. Жумладан, Исроил армияси тинч аҳоли вакиллари яшаб турган манзилгоҳларга мунтазам ўт очмоқда. Шу сабабли бу ҳудудда ҳаёт издан чиққан ва 100 мингдан зиёд тинч аҳоли оч-наҳор кун кечирмоқда.

Ғазодаги адолатсиз уруш қурбонлари сони эса 43 минг 341 нафарга етди.

Биргина сўнгги сутка ичида Исроил оккупацион армияси Ғазонинг турли қисмларида оммавий қирғинга сабаб бўлган тўртта йирик ҳужум уюштирган ва унда 27 киши ҳалок бўлиб, 86 киши яраланган.

Исроилнинг йўқотишлари

2023 йилнинг 7 октябридан буён Ғазода олиб борилаётган қирғинбарот урушда Исроил армиясининг йўқотишлари 781 кишига етгани маълум қилинмоқда. Бу Исроил армияси матбуот хизматининг ошкор этишга рухсат берилган, цензурадан ўтган рақамлари.

Аслида, ҳалок бўлган ва яраланган аскарлар сони бундан кўпроқ экани иддао қилинади.

Куни кеча яна бир Исроил ҳарбийси Фаластин эксклавининг қамалга олинган шимолий қисмида граната портлаши туфайли ҳалок бўлган. Исроил томони содир бўлган воқеани суриштираётганини маълум қилди.

Ғазо секторида ер устидан олиб борилган операция давомида Исроил қўшинлари 369 аскаридан айрилгани айтилади. Лекин Исроил томони ўлганлар ва ярадорлар борасида асл рақамларни яшириб келаётгани мудом танқид остига олиб келинади.

Иттифоқчиларидан хафа Эрон

Исроилнинг Эронга қилган ёпирилма ракета ҳужумига Хитой ва Россиянинг реакцияси Эрон матбуотида қаттиқ танқид остига олинди. Кўпчилик уни етарли эмас ва кечиккан деб топган.

Масалан, «Ҳам Миҳон» газетаси Теҳроннинг Москва Пекин билан стратегик муносабатлари сўнгги йилларда фаол ривожланиб бораётганини ҳисобга олиб, Хитой ва Россия Эронга қилинган ҳужумни қаттиқ қоралашини ҳамма кутгани, бироқ бундай бўлиб чиқмаганини ёзган.

«Эроннинг учта вилоятидаги объектларга Исроил зарба берганидан уч кун ўтибгина Хитой ташқи ишлар вазирлиги вазият юзасидан муносабат билдирди. Улардан бир неча соат ўтиб Россия ташқи ишлар вазирлиги ҳам Исроил ҳужумларига изоҳ беришни лозим деб топган. Алалоқибат Пекин ҳам, Москва ҳам Исроилнинг қилмишларини қораламаган», – деб ёзади нашр.

Газета бу икки давлатнинг бундай бепарво позициясини танқид остига олган ва уларни Эрон билан муносабатлари чигал бўлган Европа давлатларига таққослаган.

Эрон матбуоти қўшни Озарбойжон ҳам Исроил зарбалари юзасидан муносабат билдирмаганига ҳам урғу берган.

Googleʼдан Россия ҳарбийларига ёрдам

Google Maps хариталари янгиланганидан кейин Украинадаги ҳарбий объектларнинг сунъий йўлдош тасвирлари ошкор бўлиб қолди. Россия нашрлари аллақачон бу суратларни «фаол тарқата бошлаган».

Дам олиш кунлари ишда бўлмаган Google ходимлари вазиятни тўғрилаш устида ишламоқда.

«Вазиятни тасаввур қилинг. Google хариталарни янгилаб, ҳарбий тизимларимизнинг жойлашувини кўрсатадиган расмларни жойлаштирди. Буни тезда тузатиш учун улар билан боғландик, аммо уларда дам олиш кунлари, бунга вақт йўқ, дейишди», — деган Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши қошидаги дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрий Коваленко.

Унинг қўшимча қилишича, Россия нашрлари аллақачон бу суратларни «фаол тарқата бошлаган». Хусусан, Z-каналлар Google Maps иловасидан Украина ҳарбий иншоотлари хариталари скриншотларини чоп этган.

Коваленко сўзларига кўра, Google вакиллари янгиланган сунъий йўлдош суратларига жамоатчиликнинг муносабатидан сўнг, Украина расмийлари билан боғланган.

«Улар ҳарбий тизимларимизнинг жойлашуви тасвирлари билан боғлиқ вазиятни тўғрилаш устида ишлаётганини айтишмоқда», деб қўшимча қилди у.

Молдовадаги президентлик сайловлари

Молдовада бўлиб ўтган президентлик сайловларининг иккинчи босқичида амалдаги давлат раҳбари Майя Санду 54,9 фоиз овоз олиб, россияпараст партия вакили Александр Стояноғлуни мағлуб этди.

Молдованинг амалдаги президенти Майя Санду 3 ноябр, якшанба куни бўлиб ўтган президентлик сайловларининг иккинчи босқичида рақиби, мамлакатнинг собиқ бош прокурори Александр Стояноғлу устидан ғалаба қозонди. Бу овозларнинг 98 фоиздан ортиғини санаб чиққан Марказий сайлов комиссияси маълумотларидан келиб чиқади.

Санду 54,94 фоиз овоз олган, мухолифатдаги россияпараст Социалистлар партияси вакили Стояноғлу эса 45,06 фоиз овоз олган.

Дастлабки саноқлар чоғида гагаузиялик Стояноғлу етакчилик қилган, бироқ Санду партияси чет элда яшовчи молдован диаспорасининг овозлари ҳисоблаб чиқилгандан кейин тенденция ўзгариши мумкинлиги ҳақида «бироз оптимизм» билдирган.

«Молдова, бугун сизлар ғалаба қозондингиз, биз биргаликда бирлигимиз, демократиямиз ва муносиб келажакка содиқлигимизни намойиш қилдик», деб ёзди Санду X ижтимоий тармоғида.

Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, президентлик сайловининг иккинчи босқичида деярли 1,7 миллион киши, яъни сайловчиларнинг 54 фоиздан ортиғи овоз берди.

Санду 42 фоиз овоз билан биринчи турда ҳам ғалаба қозонган эди, аммо у тўғридан тўғри ғалаба қозониш учун мутлақ кўпчилик овозларни ололмаганди.

Қизиғи, икки ҳафта аввал ўтказилган Евроинтеграция бўйича референдумда ҳам сўнгги дақиқаларда Европа Иттифоқи тарафдорлари хориждаги диаспора овозлари ҳисобига ғалабани илиб кетишган эди.

Россияда туғилишни рағбатлантириш

Россияда туғилиш даражасини лотереялар ёрдамида ошириш таклиф этилди. Чунки мамлакатда туғилиш коэффициенти рекорд даражада паст — 1,4 миқдорга тушиб қолган.

Россия Давлат Думаси спикери ўринбосари Борис Чернишов мамлакатда туғилиш даражасини ошириш учун янги туғилган чақалоқлар ўртасида Бутунроссия лотереясини ўтказишни таклиф қилди. Унинг ташаббусига кўра, лотерея доирасида хонадонлар, автомобиллар ва маиший техникаларнинг ойлик ўйинлари ўтказилиши мумкин.

«Гап Россияда туғилишни рағбатлантириш мақсадида янги туғилган чақалоқлар учун бутун Россия лотереясини ўтказишда. Масалан, Россиянинг янги туғилган фуқаролари ўртасида ҳар ойда 10 та хонадон, 100 та автомобил ва 1000 та уй жиҳозлари тўпламини лотерея сифатида ўтказиш», деган Чернишов.

Вице-спикер сўзларига кўра, лотереяда иштирок этиш ФҲДЁ маълумотлари асосида автоматлаштирилиши мумкин. Унинг қўшимча қилишича, шунга ўхшаш лойиҳалар аллақачон маҳаллий даражада — Ленинград области ва Хабаровскда амалга оширилган.

Аввалроқ, Россияда туғилиш коэффициенти рекорд даражада паст — 1,4 миқдорга тушиб қолгани ҳақида хабар берилган эди. Мамлакат аҳолиси ўсмасдан бир хил даражада сақланиб туриши учун ушбу коэффициент 2,2 бўлиши лозим.

Россиянинг йўқолган ороли

Иқлим исиши туфайли Россия Арктикадаги оролларининг биридан айрилди. Франц-Иосиф Ери архипелаги яқинидаги Месяцев ороли бутунлай эриб кетди. Энди уни хариталардан ўчиришга тўғри келади.

2015 йилда унинг майдони 53 гектарни ташкил этган бўлса, 2024 йил августига келиб 3 гектаргача камайган, ҳозир эса бутунлай эриб кетди.

Месяцев ороли Ева-Лив ороли музлигидаги муз эриши натижасида 1995 йилгача пайдо бўлган эди. Унинг йўқолиши энди навигация хариталарини тузатишни талаб қилади. Месяцев оролини кузатаётган илмий гуруҳ бу ҳодиса иқлимнинг исиши туфайли содир бўлганини таъкидламоқда.

Келажакда Месяцев оролининг йўқолганини якуний тасдиқлаш ва денгиз тубининг топографиясида мумкин бўлган ўзгаришларни аниқлаш учун қўшимча тадқиқотлар ўтказиш талаб этилади.

Мавзуга оид