Жаҳон | 09:11 / 11.05.2024
6061
1 дақиқада ўқилади
Афғонистонда кучли ёмғир сув тошқинлари келтириб чиқарди, ўнлаб одамлар ҳалок бўлди
Афғонистон шимоли-шарқидаги Бағлон вилоятида мавсумий ёмғирлар оқибатида камида 50 киши ҳалок бўлди, дея маълум қилди "Толибон" расмийлари.
Associated Press агентлигининг вилоят табиий офатларга қарши кураш бошқармаси директорига таяниб хабар беришича, сув тошқини бир қанча ҳудудларда уйлар ва мулкларга ҳам зарар етказган.
Агентликнинг унинг сўзларидан иқтибос келтиришича, "ҳалок бўлганлар сони кўпайиши мумкин".
Толибларнинг табиий офатлар билан курашиш вазирлиги вакили айтишича, сув тошқинлари Кобулга ҳам таъсир кўрсатди. Унга кўра, жабрланган ҳудудларга озиқ-овқат ва бошқа ёрдамлар билан қутқарув гуруҳлари юборилган.
Апрел ойида бутун мамлакат бўйлаб кучли ёмғир ва сув тошқини оқибатида камида 70 киши ҳалок бўлган.