Жаҳон | 13:16 / 13.05.2024
11565
8 дақиқада ўқилади

Исроилга қарши чиқаётган Миср, бошқа ишга ўтказилган Шойгу ва Киев мудофаасига киришган Украина — кун дайжести

Дам олиш кунлари давомида жаҳон саҳнасида содир бўлган эътиборга молик воқеа-ҳодисалар ва янгиликлар тафсилоти билан одатдагидек таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Миср ҳам Халқаро жиноят судида Исроилга қарши очилган жиноят ишига қўшилиш истагини билдирган. Бу ҳақда Миср ташқи ишлар вазирлиги маълум қилган.

Миср ҳукумати босиб олувчи мақомидаги яҳудийлар давлатини «Халқаро суднинг Исроилга Ғазо секторидаги фаластинликларнинг эҳтиёжларини қоплаш учун етарли инсонпарварлик ёрдамлари етказишини тўлиқ таъминлаш мажбурияти бўйича вақтинчалик чораларини бажариш»га чақирган.

1 май куни Туркия ҳам БМТ олий судининг Жанубий Африка аризасига кўра очилган ишига қўшилиш истагида эканини маълум қилган эди. Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан расмий Анқара бунинг устида ишлаётганини маълум қилган эди.

Тайёргарлик ишларида айни пайтда Адлия вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, университетлар юристлари ишлашмоқда.

Нохуш статистикани эълон қилмасак бўлмайди. Ғазода ҳалок бўлган фаластинликлар сони 35 мингдан ошди.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, урушнинг 219-кунига келиб қамал қилинган эксклавда ўлганлар сони 35 минг 34 кишига етган, 78 минг 755 киши яраланган.

Сўнгги бир сутка ичида ўтказилган 8 та оммавий қирғинлар натижасида 63 киши ҳалок бўлган, 114 киши яраланган.

Украинадаги уруш

Россия қуролли кучларининг Украинанинг Харкив областидаги чегарага яқин бир қатор қишлоқларни ишғол этгани фонида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Украина фронт чизиғини ушлаб қолишига ишончи комиллигини маълум қилди.

Шунингдек, АҚШ ва Европа Украинага қурол-яроғларни етказишни тезлаштириш бўйича қўлдан келган барча ишларни қилаётганини таъкидлади.

Блинкеннинг қайд этишича, Украинага молиявий ёрдамнинг ойлар давомида кечиктирилиши «осон бўлмаган». Бироқ, шу ҳафтанинг ўзида Америка Украинага 400 млн долларлик иккинчи ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилган.

«Украина мамлакат шарқидаги фронт чизиғини ва Қора денгизда қўлга киритилган устуворликларни самарали ушлаб қолишига ишончим комил… Шунингдек, барча жойдаги, жумладан Қримдаги Россия кучлари ҳам агрессияни давом эттира олмасликлари учун нишон остида. Биз бунинг учун қурол-яроғлар етказиб бермоқдамиз, лекин ҳозир вазият жуда мураккаб», — деган Блинкен.

У АҚШ ҳам, Украинанинг қолган 50 га яқин иттифоқчилари ҳам «ҳеч қаерга кетмаслиги»ни, ёрдам давом этишини таъкидлаган.

«Агар Путин Украинани, унинг тарафдорларини чарчатишни ўйлаётган бўлса, у қаттиқ хато қилади», - деган АҚШ давлат котиби.

Киев мудофааси

Украина қуролли кучлари Россия Харкив шаҳрини ишғол этиш учун ҳужум бошлагач, Киев мудофаасига ҳам тайёргарлик кўриш керак, деган қарорга келишган.

Украина армиясида 10 та янги бригада тузилади ва уларнинг бир қисми Россия босқини рўй берган ҳолда пойтахт Киев мудофааси билан машғул бўлади, деган The Economist нашрига Украина қуруқликдаги қўшинлар қўмондони Олександр Павлюк.

Унинг сўзларига кўра, Россия ҳеч қачон Украина пойтахтини тўлиқ эгаллаш ғоясидан воз кечмаган.

«Мамлакат шарқидаги вазият қанчалик мураккаб бўлмасин, Киев мудофааси бизнинг энг асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолаверади. У Украинанинг юраги ва биз келгусида пойтахт мудофааси қандай муҳим рол ўйнашини биламиз», — деган Павлюк.

Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинининг дастлабки ойларида Павлюк Киев мудофааси билан машғул бўлиб кўрган эди. Ўшанда у шаҳар ҳарбий маъмурияти раиси лавозимида ишлаган. Унинг сўзларига кўра, Россиянинг бугунги ҳарбий таҳдиди урушнинг дастлабки кунларидан буткул фарқ қилади. Энг катта фарқ шундаки, Россия энди бир неча фронтларда кенг миқёсли босқинлар уюштира олмайди, чунки унда катта миқдордаги ўқ-дорилар йўқ.

«Лекин Россия Харкив ва Суми областларига ҳужум уюштириб, Украина фронт чизиғини чўзишга, ёриб ўтиш учун энг мақбул йўналишни танлаш мақсадида мудофаа чизиқларининг мустаҳкамлигини текшириб кўрмоқда», деган у.

Белгороддаги бино портлаши

Россиянинг Белгород шаҳрида кўп қаватли уйнинг бир қисми қулаши оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлди

Белгородда қулаган турар жой биноси вайроналари остидан камида 14 кишининг жасади топилди. Расмий Москва Украина Қуролли кучлари Харкив вилоятидаги Лопан ҳудудидан шаҳарга ракета учирганини даъво қилмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, 20 киши, жумладан, икки бола қутқарилган. Қулаш жойида қидирув-қутқарув ишлари ракета ҳужуми ҳақида огоҳлантириш сигналлари билан беш марта тўхтатилган, бу вақт ичида қутқарувчилар бошпанага йўл олишган.

Россия Мудофаа вазирлигига кўра Украина томони Белгородни «Точка-У» ракета мажмуаси, «Ольха» ва RM-70 ракета тизимлари ёрдамида ўққа тутди. Ҳарбий департамент маълумотларига кўра, уриб туширилган «Точка-У» ракеталаридан бирининг бўлаклари шаҳардаги турар жой биносига зарар етказган. Шу билан бирга, Белгород губернатори Вячеслав Гладков турар жой биносининг кириш қисми «тўғридан тўғри снаряднинг зарбаси натижасида» қулаб тушганини айтди.

Украина томони эса Россия Украина ҳудудига ташлаётган ФАБ-500 авиабомбаларидан бири турар жойга тушиб кетгани, бунга исбот сифатида бинонинг пастки қаватида портлаш содир бўлганини таъкидламоқда.

Шойгунинг янги лавозими

Владимир Путин Россия мудофаа вазирини ўзгартирди, Шойгуга бошқа лавозим берилди.

Россия президенти Владимир Путин ўзининг инаугурация маросимидан сўнг тузиладиган янги ҳукуматда кучишлатар идораларнинг янги раҳбарлари учун ўз номзодларини тақдим этди.

Жумладан, Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ўз лавозимидан олинган. Мудофаа вазири этиб, шу вақтгача бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаб келган иқтисодчи Андрей Белоусов тайинланган. Таҳлилчиларнинг фикрича, Путин шу йўл билан Мудофаа вазирлигида мустаҳкам йўлга қўйилган коррупцион схемаларни парчалашни мақсад қилган.

Шойгу Хавфсизлик кенгаши котиби этиб тайинланган. Хавфсизлик кенгашининг шу вақтгача котиби бўлган Николай Патрушевга ҳозирча бошқа лавозим берилмаган. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков унинг янги лавозими ҳақида кейинроқ маълумот берилишини таъкидлаган.

Кучишлатар блокда бошқа лавозим ўзгаришлари кузатилмаган.

Афғонистондаги табиий офат

БМТ маълумотларига кўра Афғонистонда кучли ёмғир туфайли юзага келган кучли сув тошқини сабаб 300 дан ортиқ одам ўлган, 1000 дан ортиқ уй вайрон бўлган.

Мамлакатдаги ҳукмрон «Толибон» ҳаракати маълумотларига кўра, 12 май, якшанба куни қурбонлар сони 315 кишига етган, 1600 дан ортиқ киши жароҳат олган.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 10 май куни бошланган сув тошқини бошқа вилоятларга қараганда учта вилоят – Бағлон, Тохар ва Бадахшонга кўпроқ зарар етказган.

БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури вакиллари табиий офат натижасида 1000 дан ортиқ уй вайрон бўлганини, зарар кўрган ҳудудларнинг аксариятида йўллар юк машиналари етиб бора олмайдиган ҳолатга келганини таъкидлади.

Save the Children халқаро хайрия ташкилоти табиий офатдан айниқса болалар жабр кўргани ҳақида огоҳлантирди. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, Бағлон вилоятининг энг кўп жабрланган бешта туманида 600 минг киши, жумладан, 310 минг бола истиқомат қилади.

Толибларнинг табиий офатлар билан курашиш вазирлиги вакили айтишича, сув тошқинлари Кобулга ҳам таъсир кўрсатди. Унга кўра, жабрланган ҳудудларга озиқ-овқат ва бошқа ёрдамлар билан қутқарув гуруҳлари юборилган.

Афғонистонда апрел ойида бутун мамлакат бўйлаб кучли ёмғир ва сув тошқини оқибатида ҳам камида 70 киши ҳалок бўлган эди.

Мавзуга оид