Президент Хитой Давлат кенгаши бош вазири ўринбосари билан учрашди
Учрашувда кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва барча шароитларда стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 13 май куни Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Ўзбекистонда бўлиб турган Хитой Давлат кенгаши бош вазири ўринбосари Лю Гочжун бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва барча шароитларда стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Январ ойида Хитойга амалга оширилган олий даражадаги ташриф якунида эришилган келишувлар ижросининг бориши таҳлил қилинди.
Қўмита фаолияти самарали натижалар бераётгани, товар айирбошлаш ва жалб этилаётган инвестициялар ҳажми барқарор ошаётгани, мунтазам авиақатновлар сони кўпайиб бораётгани, маданий тадбирлар фаол ўтказилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Савдо кўрсаткичларида мувозанатни таъминлаш ва мамлакатимиз маҳсулотларининг Хитой бозорига кириши учун қулай шароитлар яратиш, иқтисодиётнинг стратегик тармоқларида муҳим инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, ҳудудлар кооперациясини кенгайтириш, гуманитар, таълим ва туризм дастурларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, «Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон» темир йўлини қуриш лойиҳаси бўйича ишларнинг амалий босқичини тез фурсатда бошлаш билан боғлиқ жиҳатлар муҳокама қилинди.
Мавзуга оид
23:06 / 31.10.2024
Хитой Хайнан ороли ва Жанубий Хитой денгизида 50 млрд долларлик ҳарбий объектларни қурди
21:49 / 31.10.2024
Евроиттифоқ Хитойнинг Temu интернет-дўконини жаримага тортмоқчи
15:51 / 31.10.2024
Хитойда аёлларни фарзанд кўришга ундовчи қўнғироқлар қилинмоқда
13:50 / 31.10.2024