Жаҳон | 19:02 / 13.05.2024
3154
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда илк бор «Оналар куни» нишонланди 

«Оналар куни» дунёнинг кўплаб мамлакатларда оналарни эъзозлаш, уларга меҳр ва ғамхўрлик учун миннатдорчилик билдириш мақсадида нишонланади.

Фото: Кайрат Конуспаев

Май ойининг иккинчи якшанбасида дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатида «Оналар куни» нишонланади. Бу йил уларнинг қаторига Қозоғистон ҳам қўшилди. 

«Оналар куни» дунёнинг кўплаб мамлакатларда оналарни эъзозлаш, уларга меҳр ва ғамхўрлик учун миннатдорчилик билдириш мақсадида нишонланадиган муҳим байрамдир. Ушбу кун анъанавий тарзда АҚШ, Канада, Германия, Италия, Белгия, Дания, Финляндия, Эстония, Туркия, Япония, Бразилия ва Австралияда нишонланади. Айрим давлатларда бу байрам бошқа санага тўғри келади. 

«Аслида ҳар бир инсон учун онадан улуғ ва азиз зот йўқ. Бизнинг энг азиз қадриятларимиз «Она Ер» ва «Она Ватан» тушунчалари билан чамбарчас боғлиқ. «Оталар ўғил тарбиялайди, оналар миллатни тарбиялайди» дейишади. Бу сўз муҳим аҳамиятга эга», деди Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев. 

Қайд қилинишича, байрамга бағишлаб, 6 майдан 12 майгача бўлган даврда барча ҳудудларда 600 дан ортиқ турли тадбирлар ўтказилган. Оналар кунини кенг нишонлаш онанинг жамиятдаги ўрнини ошириш, ҳар бир фуқарода ота-онасини ҳурмат қилиш ва уларга миннатдор бўлишни тарбиялаш, ёшларда маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантириш, оила институтини асраб-авайлаш ва мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланмоқда. 

Мавзуга оид