Politico: Россия ЕИга Туркия орқали нефт етказиб беряпти
Санкцияларга қарамай, Россия нефти Европа Иттифоқига етказиб берилишда давом этмоқда, деб маълум қилди Politico. Туркия портларида унга турк маркировкаси берилади ва Европа мамлакатларига ташилади, деб ёзади нашр.
2023 йил бошида Россия Федерациясига қарши киритилган нефт эмбаргосига қарамай, Россия нефти Европа Иттифоқига етказиб берилишда давом этмоқда, аммо Туркия белгиси остида. Бу ҳақда Американинг Politico нашри 15 май, чоршанба куни ўз маълумотлари, шунингдек, Энергия ва тоза ҳаво бўйича тадқиқот маркази (CREA) ҳамда Демократияни ўрганиш маркази (CSD) томонидан ўтказилган суриштирув натижаларига таяниб ёзди.
Россиянинг Украинага қарши уруши туфайли киритилган санкция режимидаги бўшлиқлардан фойдаланиб, Москва ўтган йилнинг феврал ойида экспорт тақиқланганидан кейин 12 ой ичида Европа Иттифоқига нефтни Туркиянинг учта порти – Жайҳан, Мармара-Эреглиси ва Мерсин орқали етказиб бериш орқали 3 миллиард еврогача маблағ олди. Нашрнинг таъкидлашича, бу схема Европа Иттифоқи ҳали ҳам «аралаш» ёнилғи импортига рухсат бераётгани туфайли ишлаяпти, бунда нефт Россияга тегишли эмас деб белгиланган бўлиши керак.
Туркиянинг Россиядан нефт импорти ва ЕИга экспорти йил давомида кескин ортди
Суриштирув шуни кўрсатадики, 2023 йилнинг феврал ойидан бошлаб Туркия Россиядан ёнилғи харидини аввалги 12 ойга нисбатан 105 фоизга оширган. Худди шу даврда Туркиянинг Европа Иттифоқига ёнилғи экспорти 107 фоизга ошди, деб ёзади Politico.
Бу Туркиядан Европа Иттифоқига келаётган барча ёнилғи русларники эканлигини англатмайди, дейди материал муаллифлари ва Туркияда ҳам нефтни қайта ишлаш йирик заводлари мавжудлигига урғу беради. «Аммо Туркиянинг бир қанча портлари географик жойлашуви экспорт-импорт маълумотлари билан биргаликда Россия ёнилғиси катта ҳажмда ўтказилаётганидан далолат беради», деб ҳисоблайди Politico журналистлари.
«Туркия Россиянинг Европа Иттифоқига йўналтирилган ёнилғи маҳсулотлари учун стратегик тўхташ жойига айланди ва Кремл ҳарбий бюджетига юзлаб миллионлаб солиқ тушумларини келтирди», деди CSD энергетика бўйича катта таҳлилчиси Мартин Владимиров нашрга.
Аввалроқ эълон қилинган суриштирувлар ҳам Европа Иттифоқи Ҳиндистон ва Хитойдан Россия хом нефтидан ишлаб чиқарилган нефт маҳсулотларини импорт қилаётганини кўрсатганди.
Мавзуга оид
16:48
Россияда ядровий портлашдан ҳимояловчи мобил бошпаналарни серияли ишлаб чиқариш бошланди
13:31
Ўзбекистон ва Россия қўшма корхоналарни кўпайтиришни муҳокама қиляпти
09:59
Украина хандақларида тақиқланган CS гази излари топилди
00:36