Россия ҳудудларида баҳорги сув тошқинлари сабабли фавқулодда ҳолат жорий этилди
Тюмен, Курган ва Омск вилоятларидаги юзлаб турар жой бинолари сув тошқини зонасида қолмоқда.
Баҳорги сув тошқини туфайли Тюмен, Курган ва Омск вилоятларида бир неча юзлаб турар жой ва қишлоқ уйлари сув тошқини зонасида қолди. Бу ҳақда 19 май, якшанба куни маҳаллий ҳокимият органлари ва Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бошқармалари маълум қилди.
Тюмен вилоятида 19 май ҳолатига кўра, 277 та турар жой биноси, 347 та қишлоқ уйи, 3209 та томорқа, шунингдек, 37 та йўл участкаси сув остида қолмоқда. Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, вақтинчалик жойлаштириш марказларида вилоятнинг 163 нафар фуқароси, жумладан, 52 нафар бола бор. Ишим дарёси бўйида сувдан озод қилинган аҳоли пунктларида дезинфекция ишлари олиб борилмоқда. Тюмен вилоятида сув тошқинлари сабабли фавқулодда ҳолат жорий йилнинг 8 апрелидан бошлаб амалда. Бу вақт ичида 7 мингга яқин одам эвакуация қилинган.
Курган ва Омск вилоятларида сув камая бошлади
Курган вилоятида, Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вилоят бўйича бош бошқармаси маълумотларига кўра, 5511 та қишлоқ уйи ва 164 та турар жой бинолари, тўртта кўприк, шунингдек, 12 та йўл участкаси сув остида қолмоқда. Курган гидрометеорология маркази маълумотларига кўра, 8 апрелдан буён минтақада фавқулодда ҳолат жорий этилган, Тобол дарёсидаги сув сатҳи 16 сантиметрга пасайиб, 621 сантиметрга етган.
Омск вилоятидаги Иртиш дарёсининг сув сатҳи кўтарилишдан тўхтаган ва 19 май ҳолатига кўра 946 смни ташкил этади, деб ёзди минтақа раҳбари Виталия Хоценко Telegram-каналида. Шунга қарамай, губернаторнинг сўзларига кўра, «прогноз қилиш учун ҳали эрта, аммо салбий динамикани кўрмоқдамиз».
Омск вилоятидаги сув тошқини билан боғлиқ вазият 17 майдан бери федерал фавқулодда ҳолат сифатида таснифланган. Энг қийин вазият Уст-Ишим туманида вужудга келди. Минтақада жами 2041 киши эвакуация қилинган.
РФнинг ўнта субъекти баҳорги тошқиндан азият чекяпти
Ёқутистонда ҳам сел сувлари билан боғлиқ вазият ёмонлашган. Лена дарёсида сув сатҳининг кўтарилиши туфайли Намский туманидаги 13 та қишлоқ аллақачон сув остида қолган. «Ҳеч ким бундай кучли сув тошқини бўлишини кутмаган эди», дейди маҳаллий ҳукумат раҳбари ўринбосари Дмитрий Садовников.
Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Александр Куренков 18 май, шанба куни Владимир Путин билан учрашувда Россия Федерациясининг ўнта ҳудудидаги деярли 1,4 минг турар жой биноси тошқин туфайли сув остида қолганини маълум қилди. Вазир президентга берган ҳисоботида баҳорги селдан зарар кўрган 11 та ижтимоий аҳамиятга эга объект, 84 та автомобил йўллари участкаси ва 29 та кўприклар ҳақида ҳам айтиб ўтди.
Мавзуга оид
23:24 / 13.11.2024
Россия ҳукумати яраланган ҳарбийлар учун тўлов тизимини ўзгартирди
20:43 / 13.11.2024
«Мосфильм» киностудияси ўз омборидаги танкларни Россия армиясига топширди
19:33 / 13.11.2024
Россияда мигрант болаларнинг рус тилини билиш даражаси текширилиши мумкин
17:53 / 13.11.2024