Жаҳон | 14:29 / 20.05.2024
4431
3 дақиқада ўқилади

ЕИ Эрон президентининг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Европа Иттифоқи вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари билан ҳамдарддир, деди Европа Иттифоқи кенгаши раҳбари Шарл Мишел. Марҳум Иброҳим Раисий ўрнига Эрон президенти лавозимини вице-президент Муҳаммад Моҳбар эгаллайди.

Фото: AP

Европа кенгаши раиси Шарл Мишел Эрон президенти Иброҳим Раисий ва бошқа бир қатор юқори мартабали Эрон вакилларининг вертолёт қулаши туфайли вафот этгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди. «Европа Иттифоқи вертолёт ҳалокатида президент Раисий ва Ташқи ишлар вазири Абдуллоҳиён, шунингдек, уларнинг делегацияси ва экипаж бошқа аъзолари ҳалок бўлгани бўйича самимий ҳамдардлик билдиради. Биз қурбонларнинг оила аъзолари билан биргамиз», деб ёзади Мишел ўз мактубида.

19 май куни Эрон шимоли-ғарбида вертолёт қулаши оқибатида Иброҳим Раисий, Эрон ташқи ишлар вазири Ҳуссайн Амир Абдуллоҳиён, шунингдек, Табриз масжиди имоми Сайид Муҳаммад Али ал-Ҳошим ва Шарқий Озарбойжон вилояти губернатори Малик Раҳматий ҳалок бўлди. Эроннинг юқори мартабали делегацияси Озарбойжондан қайтаётган эди. Қутқарувчилар ҳалокатга учраган вертолётни фақат 20 май тонгида топишга муваффақ бўлишди. 

«Эрон халқи учун тинимсиз меҳнат қилган президент мамлакат учун жонини фидо қилди», — дея эълон қилди Теҳрондаги ҳукумат.

Эронда президентлик сайловлари

Раисий ўрнига биринчи вице-президент Муҳаммад Моҳбар келиши кутилмоқда. Бу Эрон конституциясида «президент вафот этган, ишдан бўшатилган, истеъфога чиққан, икки ойдан ортиқ вақт давомида ишда бўлмаган ёки касал бўлган» тақдирда белгиланган механизмдан келиб чиқади. Моҳбарнинг бу лавозимга тайинланишини Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаий маъқуллаши керак, у мамлакат ҳукумати ишларида сўнгги сўзни айтади.

Конституцияга кўра, янги раҳбарни сайлаш учун президентлик сайловлари 50 кун ичида ўтказилиши керак. Овоз беришни ташкил этиш мажлис раиси, суд ҳокимияти раҳбари ва Эрон вице-президентидан иборат кенгаш томонидан амалга оширилади.

68 ёшли Муҳаммад Моҳбар Раисий 2021 йил августида президент лавозимига келганида вице-президент этиб тайинланган эди. У Хузистон вилоятининг Дизфул шаҳрида туғилган бўлиб, у ерда бир қанча расмий лавозимларда ишлаган. 2007 йилдан бери Мухбар узоқ йиллар давомида 1979 йилги Ислом инқилобидан кейин мусодара қилинган мол-мулкни бошқарадиган фондга раҳбарлик қилган. Ўн йилликлар давомида ушбу фонд Эрон иқтисодиётининг кўплаб тармоқларида улушга эга бўлган йирик давлат конгломератига айланди.

Мавзуга оид