Жаҳон | 08:20 / 22.05.2024
4893
2 дақиқада ўқилади

Чеченистон ҳукумати раиси Хучиев истеъфога чиқди

Муслим Хучиев бошқа ишга ўтмоқда, деди Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров батафсил маълумот бермай. Ҳукумат раиси вазифасини Исо Тумҳожиев бажаради.

Фото: Mikhail Tereshchenko/TASS/dpa/picture alliance

Чеченистон ҳукумати раиси Муслим Хучиев истеъфога чиқди. Бу ҳақда 21 май, сешанба куни республика раҳбари Рамзон Қодиров маълум қилди. Унга кўра, Хучиев бошқа ишга ўтмоқда. Қодиров у аниқ қаерга ўтаётганига аниқлик киритмади. Ижтимоий тармоқларда Қодировнинг куёви деб аталган республика автомобил йўллари вазири Исо Тумҳожиев ҳукумат раиси вазифасини бажаради.

Хучиев 2018 йилнинг июнидан буён Чеченистон олий ижроия органини бошқариб келаётганди. 2010-2012 ва 2015-2018 йилларда Грозний мэри лавозимида ишлаган. 2019 йилдан бери Хучиев АҚШ санкциялари остида. 2023 йилда у Европа Иттифоқи санкциялар рўйхатига киритилган. Шу йилнинг март ойида чечен давлат арбоби Япония жазо чораларига учради.

Аҳмад Қодиров - спорт вазири

Чеченистон ҳукуматидаги кадрлар ўзгариши фақат раис алмашиши билан чекланмади. Шу куни Рамзон Қодировнинг ўғли Аҳмад республика спорт вазири этиб тайинланди. Илгари бу лавозимда ишлаган Исо Ибрагимов Чеченистон ҳукумати маъмурияти раҳбари ўринбосари лавозимига ўтказилди. Бундан ташқари, Рамзан Висмуродов вилоят Ёшлар ишлари вазирлигига раҳбарлик қилади, Темирлан Хучиев эса республика саноат ва энергетика вазири лавозимига тайинланди.

Бир неча кун аввал Чеченистон парламенти раиси Магомед Даудов муддатидан олдин истеъфога чиқишини эълон қилган эди. У бу қарорга нима сабаб бўлганини тушунтирмади. Шаид Жамалдаев парламентнинг янги спикери бўлди.

Мавзуга оид