Исроил Словенияни Фаластинни тан олмасликка чақирди
Фаластин мустақиллигини тан олиш ҳамасчилар учун мукофот бўлади, деди Исроил ташқи ишлар вазири Кац. Словения парламенти 4 июн куни Фаластинни тан олиш учун овоз беради.
Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац Словения парламенти аъзолари Фаластин давлатини тан олишдан бош тортишига умид билдирди. «Словения ҳукуматининг парламентга Фаластин давлатини тан олишни тавсия этиш ҳақидаги қарори ҲАМАС учун мукофотдир... Умид қиламанки, Словения парламенти бу тавсияни рад этади», — деб ёзди Кац 30 май, пайшанба куни Х ижтимоий тармоғида.
Аввалроқ Словения парламенти 4 июн куни Фаластин давлати мустақиллигини тан олиш масаласи бўйича овоз бериши маълум бўлганди. Фаластин мустақиллиги яқинда Норвегия, Ирландия ва Испания томонидан тан олинди.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 36 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.