Сирдарёда лак-бўёқ ишлаб чиқарувчи корхона ва иккита машина ёниб кетди
Ёнғин тунда содир бўлган ва кўплаб ўт ўчириш машиналари жалб қилиниб, икки соатда ўчирилган.
Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳрида жойлашган лак-бўёқ ишлаб чиарувчи корхонада ёнғин содир бўлган. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 2024 йил 1 июн куни соат тахминан 21:35 ларда вилоят ФВБга Гулистон шаҳридаги лак-бўёқ ишлаб чиқарувчи корхонада ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Воқеа жойига зарурий ёнғин-қутқарув автомобиллари ва воситалари жалб этилган. Ҳолат вилоят ҳокимлиги, ФВБ, ИИБ раҳбарияти томонидан назоратга олинган.
Ёнғин-қутқарув экипажлари томонидан соат 23:35 да ёнғин тўлиқ ўчирилган. Ҳодиса оқибатида корхона биносининг том қисми ҳамда бино ҳудудида бўлган иккита юк ташувчи автомобил ёниб кетган.
Қайд этилишича, ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.