Жаҳон | 10:12 / 05.06.2024
4812
2 дақиқада ўқилади

Беларусда норозилик намойишлари туфайли университетдан 500 нафар ходим ишдан бўшатилди

500 га яқин БДУ ходими сиёсий сабабларга кўра ишдан кетишга мажбур бўлди, дейди университет ректори Андрей Корол «Киберпартизаны» ҳамжамияти томонидан чоп этилган аудиоёзувда.

Фото: Stringer/AFP/Getty Images

Беларусь давлат университетининг (БДУ) 500 га яқин ходими 2020 йилдан 2023 йилгача Беларусда президентлик сайловларидаги сохталаштиришга қарши оммавий норозилик намойишларини қўллаб-қувватлаганликлари учун ишдан кетишга мажбур бўлди. Бу ҳақда университет ректори Андрей Корол «Киберпартизаны» ҳакерлар ҳамжамияти томонидан 3 июн, душанба куни чоп этилган аудиоёзувда айтган.

Университет ректори аудиоёзувда БДУ ходимлари билан меҳнат шартномалари тўхтатилиши «давлат манфаатлари ва хавфсизлиги соҳасида олиб борилаётган кадрлар сиёсати» билан боғлиқ эканини таъкидлаган. Королнинг сўзлари ёзилган ўнлаб бошқа файлларни «Киберпартизаны» 2023 йилнинг ёзида БДУ ички тармоғига кирганидан кейин қўлга киритган.

БДУ ректорининг беш юзга яқин ходимни ишдан бўшатиш ҳақидаги баёнотлари ҳакерлар танишган, 2018 йилдан 2022 йилгача бўлган университет ходимлари сони ҳақидаги маълумотлар базаси билан тасдиқланади. Ушбу маълумотлардан маълум бўлишича, 2020 йилдан 2022 йилгача 450 дан ортиқ киши ўз лавозимини тарк этган. 

Ходимларга босим ва ишдан бўшатиш бугунги кунгача давом этмоқда

Ходимларнинг ижтимоий тармоқларини кузатиш, сўроқ қилиш ва сиёсий сабабларга кўра ишдан бўшатишлар бугунги кунгача давом этмоқда, дейилади суриштирувда. Хусусан, 2024 йил январдаги ёзувлардан бирида Беларус КГБ ходими ҳамда БДУнинг хавфсизлик ва кадрлар бўйича проректори Ярослав Черкасский университет ходимига иккита лаборантни университетдан ишдан бўшатиш кераклигини айтади ва ҳужжатлар имзолангандан сўнг улар БДУда кўриниш бермаслиги кераклигини таъкидлайди.

2023 йил август ойидаги яна бир аудиоёзувда университет ректорининг университет икки ходимини сўроқ қилаётганини эшитиш мумкин. Сўроқ пайтида Корол улардан тушунтириш хатлари ёзишни сўрайди, бунда у ходимларни сиёсий позициялари ва оммавий норозилик жойларида бўлиш сабаблари ҳақида тушунтириш хатларини ёзишга мажбур қилади.

Мавзуга оид