Ўзбекистон | 16:15 / 05.06.2024
10713
3 дақиқада ўқилади

“Рози қилиш”имни кутишяптими?” — Тошкентда МИБ ва суд фуқарони “копток” қилмоқда

Мажбурий ижро органи суд томонидан юборилган ижро варақасида хатолар бор деб уни камида 5 марта қайтариб юборган, суд ходими эса ҳар сафар кўрсатилган хатолар тузатилиб, такроран ижрога юборилганини билдирган. Лекин 5 ой бўляптики, ижродан дарак йўқ.

Фото: Kun.uz

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро суди 2023 йил 19 декабр куни 2-1004-2303/22505-сонли фуқаролик иши бўйича ҳал қилув қарорини чиқариб, жавобгардан даъвогар фойдасига улар ўртасидаги қарз келишувида кўзда тутилган сумма ва давлат божини ундиришни белгилаган.

Ҳал қилув қарори 2024 йил 19 январда қонуний кучга кирган. Ишни кўрган судя шу куни ижро варақасини шакллантириб, электрон тизим орқали Мажбурий ижро бюросига тақдим этган. Лекин орадан қарийб 5 ой ўтган бўлса-да, амалий ҳаракатлардан дарак йўқ.

Чунки ижро ҳужжати МИБ ва суд ўртасида “копток” бўляпти.

Kun.uz'га мурожаат қилган фуқаронинг сўзларига кўра, бир неча ой давомида ижро варақаси МИБ томонидан камида 5 марта қайтариб юборилган. Фуқаро билан суҳбатда МИБ ходимлари буни ижро варақасида керакли маълумотлар йўқлиги билан изоҳлаган, суд ходимлари эса ҳар сафар бюро сўраётган камчиликлар тузатиб қайта юборилгани, ҳужжатда тўғрилайдиган жойи қолмаганини айтган.

“Бу ерда ёки суд ходимлари элементар фуқаролик иши бўйича бор-йўғи 2 варақлик ҳужжатни эплаб ёза олмаяпти, ёки МИБ ҳужжатдан арзимас хатоларни топиб уни қайтаравериш билан ижрони пайсалга соляпти. Ундирилиши керак бўлган маблағнинг инфляция сабаб шу ярим йил ичида йўқотилган қиймати, яъни фуқаронинг манфаати уларни қизиқтираётгани йўқ.

Иш ижрога қабул қилинишини яна қанча кутишим керак? Ёки қайсидир томон бир-икки сўм бериб, рози қилишимни кутяптимикан? Мен ўзим ҳар икки идора билан боғланиб жараённи юргизиб туришга мажбур бўлаётганим, шунда ҳам ҳужжатдаги арзимас хатоларни тузатиш 5 ойга чўзилиб кетгани шундай гумонга боришимга мажбур қиляпти”, – дейди фуқаро.

Таъкидлаш керакки, давлат органлари ўртасидаги ҳужжат алмашинувида қоғоз шаклдан воз кечилиб, электрон шаклга ўтилгани ҳақида кўп мақтовли гаплар айтилган. Электрон ҳужжат алмашинувига ўтилгани идоралар ўртасида амалиётда бўлиб турадиган бу каби ҳолатларни тезкор ҳал қилиш имконини ҳам бериши керак эди. Лекин кўриниб турибдики, шакл ўзгаргани билан моҳият ўша-ўша: ҳаммаси давлат хизматчиларининг ўз ишига қанчалик масъулият билан ёндашишига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Мавзуга оид