Ўзбекистон | 10:23 / 09.06.2024
6467
2 дақиқада ўқилади

Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” имзоланди

“Йўл харита”сини “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ, “Кыргыз темир жолу” МК ва “China Railway Corporation” раҳбарлари имзолашган.

Хитой пойтахти Пекин шаҳрида иштирокчи давлатлар вакиллари томонидан Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси" имзоланган.

Маълум қилинишича, 2024 йил 7 июн куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Махкамов, Қирғизистон транспорт ва коммуникациялар вазири Тилек Тикебаев ҳамда “Хитой темир йўллари” давлат корпорацияси бош муҳандиси ўринбосари Тсзюй Готсзян ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтган.

Учрашувда уч мамлакат транспорт вазирликлари ҳамда темирйўл маъмуриятлари раҳбарлари Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли қурилиши бўйича 6 июн куни имзоланган ҳукуматлараро битимда белгиланган вазифаларни амалга ошириш ҳамда лойиҳани молиялаштириш механизмларини муҳокама этишган.

Муҳокамалар якунига кўра Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси" ҳамда ишчи гуруҳни тузиш тўғрисидаги меморандум имзоланган.

Мазкур ҳужжатлар “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ бошқарув раиси Зуфар Назруллаев, “Кыргыз темир жолу” МК давлат корхонаси Бош директори Азамат Сакиев ҳамда “China Railway Corporation” бош директори Чжоу Син томонидан имзоланган.

Маълумот учун, 2024 йил 6 июн куни Пекинда Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли қурилиши бўйича битим имзоланганди.

Аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўли қурилиши жорий йил октябр ойида бошланишини айтганди.

Мавзуга оид