Жаҳон | 14:28 / 10.06.2024
12748
3 дақиқада ўқилади

Эрондаги президентлик сайловларида олти нафар номзод тасдиқланди

Эрон Конституция муҳофизлари кенгаши президентлик сайловларида қатнашадиган олти номзодни тасдиқлади. Улар орасида энг машҳури - Мажлис спикери Муҳаммадбоқир Қолибоф. Собиқ президент Аҳмадинажоднинг номзоди рад этилди.

Фото: MNA

Эронда авиаҳалокатда вафот этган президент Иброҳим Раисий ўрнига олти нафар номзод сайловда қатнашиш учун тасдиқланди. 9 июн, якшанба куни Ислом Республикаси сайлов штаби вакили хабар қилганидек, бошқа даъвогарлар қаторида парламент спикери ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси собиқ қўмондони Муҳаммадбоқир Қолибоф, шунингдек, Эрон олий етакчиси оятуллоҳ Али Хоманаий идорасининг собиқ раҳбари, Теҳроннинг ядровий музокаралардаги аввалги бош вакили Саид Жалилий президентлик пойгасига қўшилди. Бу иккала сиёсатчи ҳам консерватив лагер вакиллари саналади.

Ўн икки нафар уламо ва ҳуқуқшуносдан иборат Эрон Конституцияси муҳофизлари кенгаши, шунингдек, Теҳрон мэри, консерватив қарашларга эга Алиризо Законий, ислоҳотлар тарафдори бўлган Мажлис аъзоси Масъуд Пезешкиён, собиқ ички ишлар вазири Мустафо Пурмуҳаммадий ва вице-президент Амир-Ҳусайн Ғозизода номзодларини маъқуллади. 

Аҳмадинажодга сайловларда иштирок этишга рухсат берилмади

Кескин баёнотлари билан машҳур бўлган Эроннинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажод ҳам қайта сайланиш учун ҳужжатларни тақдим этган, бироқ яна, 2017 ва 2021 йилларда бўлгани каби, унга сайловларда қатнашишига рухсат берилмади. Ундан ташқари парламентнинг собиқ спикери Али Ларижонийнинг номзоди ҳам рад этилди. 

Олти номзод энди сайловолди ташвиқотини расман бошлаши мумкин, бунинг учун уларга икки ҳафта вақт берилади. Эронда муддатидан олдин президентлик сайловлари 28 июн куни бўлиб ўтади. Агар биринчи турда номзодларнинг ҳеч бири мутлақ кўпчилик овоз ололмаса, иккинчи тур 5 июл куни бўлиб ўтади. 

Президент - Эронда вакиллик функцияларини бажарадиган ва мамлакат ижроия ҳокимиятини бошқарадиган иккинчи муҳим мансабдор шахс. У 4 йил муддатга сайланади ва бу лавозимни кетма-кет икки муддатдан кўп бўлмаган ҳолда эгаллаши мумкин.

Эрон президенти вертолёт ҳалокатида вафот этди 

Эрон президенти Иброҳим Раисий 19 май куни Эрон шимоли-ғарбида вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлди. У билан бирга Озарбойжондан қайтаётган делегация таркибида ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Табриз масжиди имоми Сайид Муҳаммад Али ал-Ҳошем ва Шарқий Озарбойжон вилояти губернатори Малик Раҳматий бор эди. 

Мавзуга оид