АҚШ санкциялари туфайли ЕИ Россия активларини блокдан чиқаришдан бош тортди
Россия Федерацияси Миллий ҳисоб-китоб депозитарийси қора рўйхатга киритилганидан сўнг Euroclear Россия компаниялари активларини блокдан чиқариш жараёнини тўхтатди, деб ёзади РБК ҳужжатга таяниб.
РБК маълумотларига кўра, Европанинг Euroclear депозитарийси АҚШ янги санкциялари туфайли Россия активларини блокдан чиқаришни тўхтатди. Вашингтон Россия Федерациясининг Миллий ҳисоб-китоб депозитарийсини (МҲД) қора рўйхатга киритгач, Брюссел унинг иштирокидаги активларга хизмат кўрсатиш бўйича барча жараёнларни тўхтатди, деб ёзади рус нашри 15 июн, шанба куни Euroclear компаниясининг мижозларга йўллаган хатига таяниб.
Ҳужжатда айтилишича, депозитарий санкцияларнинг Euroclear Bank’га таъсирини таҳлил қилмоқда. «Кейинги хабарга қадар, МҲД билан бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлган активларга хизмат кўрсатиш жараёнлари тўхтатилди», дея таъкидланади маълумотда.
Ҳужжатнинг ҳақиқийлигини РБК’га Mind Money Европа брокери раҳбари Юлия Хандошко тасдиқлади. Ўз навбатида, BGP Litigation юридик фирмасининг ҳамкори Сергей Гландин белгиялик ҳамкорлар маълумотларига таяниб, Euroclear танаффус олганини билдирди. РБК’га берган интервюсида экспертларнинг тушунтиришича, Европа депозитарийси МҲД иштирокида активларга хизмат кўрсатишни тўхтатиб қўйиши Россия компаниялари активларини блокдан чиқариш жараёнини музлатиш билан баробар.
ОАВ: Россия компаниялари С типидаги ҳисоблардан Euroclear пулларини олган
Аввалроқ Россиянинг бир нечта компаниялари Euroclear маблағларини С тоифадаги ҳисобварақлардан қайтариб олишга муваффақ бўлгани ҳақида хабар берилган эди, бунда Москва «дўст бўлмаган» норезидентларга тегишли қимматли қоғозлардан тушган даромадларни блоклайди. Росбанк ҳамда «Газпром» ва ВЭБ.РФнинг шуъба корхонаси бўлган «Лидер» бошқарув компанияси судда ғалаба қозонганидан кейин пул маблағларини қайтаришда муваффақиятга эришди, деб ёзади «Ведомости» жараён билан таниш бўлган исми ошкор этилмаган суҳбатдошига таяниб.
Шу билан бирга, арбитраж судлари Euroclear’га қарши тўртта даъвони қаноатлантирди – Росбанк, «Лидер», МТС банки ва «Санкт-Петербург» банкининг, якка тартибдаги инвестор томонидан Euroclear’га қарши яна бир даъво эса умумий юрисдикция суди томонидан қаноатлантирилди, дея қайд этди нашр. Бу ишлар бўйича жами 18,4 миллиард рубл (тахминан 193,3 миллион евро) мусодара қилиниши мумкин.
Белгияда жойлашган Euroclear депозитарийси Москванинг Украинадаги уруши сабабли жорий этилган санкциялар натижасида музлатилган Россия активларини сақлайди.
МҲДга қарши санкциялар
12 июн куни АҚШ Молия вазирлиги Россиянинг Украинага қарши урушига алоқадор шахслар ва компанияларга қарши янги санкциялар пакетини эълон қилди. Рўйхатга 33 киши ҳамда Россия ва бошқа мамлакатларда рўйхатдан ўтган 300 га яқин корхона ва ташкилот киритилган.
Чекловларга Москва биржаси, Миллий клиринг маркази ва Россия Федерациясининг Миллий ҳисоб-китоб депозитарийси кирди. Кейинчалик, Британия АҚШнинг ушбу санкцияларига қўшилди.
Мавзуга оид
23:24 / 13.11.2024
Россия ҳукумати яраланган ҳарбийлар учун тўлов тизимини ўзгартирди
20:43 / 13.11.2024
«Мосфильм» киностудияси ўз омборидаги танкларни Россия армиясига топширди
19:33 / 13.11.2024
Россияда мигрант болаларнинг рус тилини билиш даражаси текширилиши мумкин
17:53 / 13.11.2024