РФ мудофаа вазири ўринбосари: урушдан қайтганларнинг 20 фоизида пост-травматик стресс кузатиляпти
Россия Федерацияси мудофаа вазирининг янги ўринбосари Анна Цивилеванинг сўзларига кўра, урушдан қайтган ҳар бешинчи ҳарбий хизматчига пост-травматик синдром ташхиси қўйилган. Айни пайтда улар билан ишлаш учун психологлар етарли эмас.
Украинадаги урушдан қайтган россиялик ҳарбий хизматчиларнинг тахминан 20 фоизига пост-травматик стресс бузилиши (ПТСБ) ташхиси қўйилган. Бу ҳақда Россия Федерацияси мудофаа вазирининг янги ўринбосари Анна Цивилева 18 июн, сешанба куни чоп этилган «Ведомости» газетасига берган интервюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, фронтдан қайтганлар билан ишлаш учун психологлар етарли эмас, тиббий психологлар ва психиатрларнинг ёрдами, баъзида ҳатто гиёҳванд моддалар билан даволаш эҳтиёжи ҳам юзага келяпти.
Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йилда Россияда ҳарбийларга психологик ёрдам кўрсатиш атиги 15 фоизни ташкил этган. Бундан ташқари, ПТСБ ташхиси қўйилган баъзи аскарлар фронтга юборилади. Расмийлар тан олишича, муаммонинг миқёси шунчалик каттаки, барча эҳтиёжларни қондириш қийинлашяпти, пост-травматик синдромга эга кўплаб аскарлар эса ёрдамдан бош тортмоқда.
Улар даволанмаса жамият учун хавф туғдириши мумкин, бундан Россиядаги жиноятлар ҳақида хабарлар далолат беради.
Мудофаа вазирининг янги ўринбосари
Аввал Кемерово вилоятини бошқарган Россия энергетика вазири Сергей Цивилевнинг рафиқаси Анна Цивилева бир кун аввал, 17 июнда президент фармони билан мудофаа вазири ўринбосари лавозимига тайинланган эди. Оммавий ахборот воситалари унинг Россия президенти Владимир Путинга қариндош экани ҳақида бир неча бор ёзган.
2022 йил январ ойида «Агентство» Цивилевага тегишли «Колмар» кўмир компанияси томонидан давлат ёрдамининг кенг миқёсда олиниши бўйича суриштирув эълон қилди. Нашр унинг Россия президенти амакиваччаси Евгений Путиннинг қизи эканлигини, унинг давлат раҳбари билан қариндошлик ришталари яширилишини аниқлади.
Цивилева Ивановода туғилган, у ерда 2000-йилларнинг бошларига қадар психиатрия шифохонасида шифокор бўлиб ишлаган. Путин ҳокимият тепасига келганидан кўп ўтмай, у Москвага кўчиб ўтди ва у ерда иқтисодий йўналишда таълим олиб, тиббий асбоб-ускуналар етказиб беришни бошлади. 2007 йилда у Сергей Цивилевга турмушга чиқди ва 5 йилдан сўнг эр-хотин «Колмар» кўмир компаниясининг улушига эга бўлишди, деб ёзади «Агентство».
2023 йил охирида Анна Цивилева Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган.
Мавзуга оид
18:09 / 12.11.2024
Полша Бош штаби бошлиғи Россия билан урушга тайёргарлик кўришга чақирди
09:24 / 02.11.2024
Қозоғистонда ўзини ўзи мудофаа қилиш ва кўнгиллилар тузилмалари пайдо бўлади
15:30 / 29.10.2024
РФ Мудофаа вазирлиги алоқа бошқармаси собиқ бошлиғи пора учун ҳибсга олинди
08:40 / 29.10.2024