Жамият | 07:49 / 26.06.2024
1990
1 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Наманганда электр тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилди

Тошкент ва Наманган вилоятларида электрдан ноқонуний фойдаланганлар 750 миллион сўмдан зиёд зарар етказди, деб хабар бермоқда прокуратура департаменти ахборот хизмати. 

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Янги Наманган туман бўлими томонидан ИИБ ва ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда терговга қадар текширув ўтказилди.

Унда, F-R. МЧЖ раҳбари Х.Р. “Маънавият” МФЙ ҳудудидаги ишлаб чиқариш цехининг электр ҳисоблагичига ташқи таъсир ўтказиб, тижорат мақсадида жами 647,6 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Шу каби, департаментнинг Янгийўл туман бўлими томонидан ИИБ ва ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда терговга қадар текширув ўтказилган.

“Ё.Ш.” фермер хўжалиги раҳбари К.Ё. 2 дона сув насосини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, жами 118,1 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид