Бухорода 16 ёшли йигит ва 17 ёшли қизнинг тўйи бўлгани айтиляпти
29 июн куни Бухорода 2008 йилда туғилган йигит ва 2007 йилда туғилган қизнинг тўйи бўлиб ўтгани айтиляпти. Kun.uz'даги маълумотга кўра, йигит Шофиркон, қиз эса Қоракўл туманидан. Тўй Бухоро шаҳридаги ресторанлардан бирида ўтказилган.
Kun.uz'га Бухорода вояга етмаган ёшларнинг тўйи бўлгани ҳақида видео келиб тушди. Мурожаатчининг сўзларига кўра, 29 июн куни Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидан бўлган 2008 йилда туғилган йигит ва Қоракўл туманидан бўлган 2007 йилда туғилган қизнинг тўйи бўлиб ўтган. Тўй базми шаҳардаги “Фатҳобод” маросимлар уйида ўтказилган.
Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонованинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан унинг идораси ва ички ишлар органлари томонидан ўрганиш ишлари бошланган. Бу борада қўшимча маълумот берилади.
Оила кодексининг 15-моддасида никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланган. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан 1 йилга камайтириши мумкин.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-3-моддаси 2-қисмига кўра, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 бараваридан 15 бараваригача миқдорда (2 млн 380 минг сўмдан 5 млн 100 минг сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.
Бир неча ой олдин, Болалар омбудсмани Қашқадарё вилояти Косон туманида 17 ёшли қизнинг белгиланган тўйини тўхтатган эди.
Шунингдек, Қашқадарё вилоятида 7-синф қиз унаштирилгани ҳақида видеолавҳа тарқалган, ота-онаси бу фарзандининг туғилган куни муносабати билан ўтказилган тадбир эди деб тушунтириш берганди.
Мавзуга оид
12:01 / 09.11.2024
Бухорода 16 ёшли бола ўнлаб шахслар номига кредит олиб, онлайн қиморга тикиб юборди. У қамоққа олинган
12:22 / 08.11.2024
Бухорода Хитой иштирокида саноат парки барпо этилади
11:34 / 06.11.2024
Бухорода 1 млрд сўмдан зиёд электрдан ноқонуний фойдаланган тадбиркор аниқланди
15:04 / 03.11.2024