Ўзбекистон | 07:46 / 05.07.2024
14974
3 дақиқада ўқилади

3,7 млрд сўмлик иш ҳақи ва нафақа пуллари талон-торож қилинган – Бош прокуратура

Республикада 31 087 та янги иш ўринлари ҳисоботларга қўшиб ёзилганлиги аниқланиб, айбдор шахслар тегишли жавобгарликка тортилган. Талон-торож қилинган 3,7 млрд сўм иш ҳақи ва нафақа пуллари юзасидан эса 34 та жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Kun.uz

АОКАда ўтказилган брифингда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов Бош прокурорнинг аҳолига йўллаган мурожаатида қайд этилган масалалар ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.

Маълум қилинишича, аҳоли бандлиги, янги иш ўринларини яратишга қаратилган дастурлар ижроси устидан назорат кучайтирилди. Ўтказилган ўрганишларда 31 087 та янги иш ўринлари ҳисоботларга қўшиб ёзилганлиги аниқланиб, айбдор шахслар тегишли жавобгарликка тортилган.

Шунингдек, 274 нафар ишчи - хизматчининг кечиктирилган 966 млн сўм иш ҳақлари ундириб берилган. Прокурорлар ташаббуси билан 311 маротаба меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, уларда 4 312 нафар ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилган. Иш ҳақи ва нафақа пулларининг 3,7 млрд сўми талон - торож қилинганлиги аниқланиб, 34 та жиноят иши қўзғатилган.

Бундан ташқари, қурилиш сифати ва маблағлардан мақсадли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилиб, 26,6 млрд сўмлик сифатсиз ишлар ва 44,5 млрд сўмлик қўшиб ёзиш ҳолатлари жойида  бартараф  этилган. Олиб борилган назорат тадбирларида 32 та жиноят иши қўзғатилиб, давлатга етказилган 17,6  млрд сўм зарар ундирилган.

Ҳаёт Шамсуддинов ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликка қарши курашиш  борасидаги  тадбирлар  тизимли  равишда  давом  эттирилаётганини ҳам қайд этган. Унга кўра, кўрилган чоралар натижасида республикадаги маҳаллаларнинг 5 763 таси ёки 61 фоизида жиноят қайд этилмаган. 2 947 таси ёки 31,2 фоизида жиноятчилик барқарор сақланиб қолинишига ва  камайишига  эришилган. Тезкор - қидирув соҳасида назорат кучайтирилиб, ноаниқ шароитларда содир этилган 6 880 та жиноят фош этилган ҳамда қидирувда бўлган 3 324 нафар шахснинг ушланиши таъминланган.  

Мавзуга оид