Жаҳон | 09:07 / 09.07.2024
13569
2 дақиқада ўқилади

Хитой санкциялар туфайли Россияга жўнатилган ускуналарни қайтариб олишга қарор қилди

Фото: Станислав Красильников / ТАСС

Март ойининг охирларида Хитойнинг газни суюлтириш ускуналари ишлаб чиқарувчи Wison New Energies компанияси «Арктик СПГ 2» лойиҳасининг учинчи навбати учун иккита агрегат жўнатган эди. Бироқ ускуналар ортилган кема Мурманск областидаги портга етиб келишига бир неча кун қолганда, ортига қайрилиб кетган, деб хабар беради gCaptain.

Бунгача икки ҳафта аввал Wison Россия билан ишлашни тўлиқ йиғиштиришини эълон қилган эди. Умумий ҳисобда компания «Арктик СПГ 2» учун ўндан зиёд ускуналар ишлаб чиқариб берган. Йўлдаги иккитадан ташқари яна иккитаси Жоушанг шаҳрида турибди.

Wisonни Россия билан ишлашни рад этишга Америка санкциялари мажбур қилган. Ускуналар ортилган кема йўлдалигида АҚШнинг хорижий активлар устидан назорат бошқармаси (OFAC) Хитой ва Сингапур компанияси ва уларнинг ускуналарни Россияга ташиётган учта кемасини қора рўйхатга тиркаган. АҚШ ўтган йилнинг охирларида «Арктик СПГ 2» лойиҳасига нисбатан санкциялар эълон қилган эди.

Wison ускуналари ортилган кема йўлнинг катта қисмини босиб ўтиб, июн ойида Фарер ороллари яқинида туриб қолган ва июлнинг бошларида ортга қайтиб Гибралтар қўлтиғи томон йўл олган.

Ҳозирча кемаларни ортга қайтариш ҳақида Wison компанияси ёки кеманинг эгаси Hainan Smiling Angel Shipping қарор қабул қилгани маълум эмас. 

Россиянинг энг йирик суюлтириган табиий газ ойҳаси санкциялар туфайли ўзининг биринчи технологик линиясидан экспортни режа қилинганидек 2024 йилнинг аввалида бошлай олмади. Харидорлар йўқлиги ва музёрар газ ташувчи кемалар йўқлиги туфайли «Арктик СПГ 2» газ қазиб олишни ҳам тўхтатишга мажбур бўлган, чунки газ сақлаш омборлари тўлиб кетган.

Энди «Арктик СПГ 2»ни ишга тушириш 2024 йилнинг иккинчи ярмига мўлжалланмоқда.

Мавзуга оид