Жаҳон | 15:49 / 13.07.2024
24993
22 дақиқада ўқилади

“Россия ухлаётган аждарни уйғотди” — НАТО классик даврга қайтяптими?

Шимолий Атлантика алянси аъзолари Вашингтондаги саммитда ташкилотнинг 75 йиллигини нишонлади. Хўш, дунёдаги энг қудратли ҳарбий иттифоқнинг 75 йиллик тарихи қанақа кечди, бугуни қандай, келажак мақсадлари нима? НАТО ва Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари ўртасида қандай боғлиқлик бор?

“Геосиёсат”нинг навбатдаги сони ҳам сиёсатшунослар баҳсига айланиб кетди.

Аввало алянс нима учун тузилгани, унинг муҳим ютуқлари ва хатоларига тўхталсак.

Камолиддин Раббимов: — Иккинчи жаҳон уруши даврида АҚШ ва СССР биргаликда фашизмга қарши курашди. Лекин 1949 йилда янги совуқ урушни ҳис қилган АҚШ ва унинг иттифоқчилари коллектив мудофаа ташкилотини тузади, яъни НАТОни. НАТО – ҳарбий блок, унинг қоидасига кўра, таркибдаги бирорта давлатга ҳужум бўлса, қолган барча давлатлар биргаликда урушга киради. НАТО 1989 йилга келиб совет иттифоқини мағлуб қилишга муваффақ бўлди. НАТОнинг қадриятлари биринчи навбатда сиёсий, унга аъзо бўладиган давлат демократик бўлиши, бошқа давлатлар билан зиддияти минимал бўлиши керак. Янги аъзо қабул қилишда барча давлатлар рози бўлиши лозим, вето кўйган давлат эса нега вето қўйганини тушунтиришга мажбур эмас.

Совет иттифоқи қулагач, НАТО ўзи учун янги мазмун излади, яъни иттифоқ йўқ, янги таҳдид ҳам кўринмаяпти, нима билан курашамиз энди, ташкилот умри тугадими, деган масала қўйилди. Маълум вақт НАТОнинг эътибори экстремизм ва терроризмда бўлди. НАТО тарихида ўша барча давлатлар биргаликда урушга кириши моддаси бир марта ишлатилган 2001 йил 11 сентябрдан кейин, яъни АҚШни ҳимоя қилиш учун Афғонистонга кирган НАТО кучлари.

Кейинги 20 йилда НАТО тафаккури яна классик даврга қайтяпти. НАТОга таҳдид бор деган тафаккур Қрим аннекциясидан олдинроқ шаклланган эди, 2007 йилда Путиннинг Мюнҳенда чиқиши Ғарбга ишончсизлигининг энг юқори нуқтаси бўлганди. Умуман, НАТО давлатлари қачондир Россия ва Хитой билан глобал тўқнашув бўлади, деган тафаккурда бўлган. 90 йиллардаёқ баъзи АҚШ сенаторлари НАТО фақатгина трансатлантик ташкилот эмас, балки глобал ташкилот бўлиши керак, деган фикрни илгари суриб, унга Японияни, Австралияни, Янги Зеландия ва Жанубий Кореяни аъзо қилиш керак, Марказий Осиёда ҳам баъзи давлатлар аъзо бўлиши керак, деган фикрларни айтган. 75 йиллик саммитда Япония, Жанубий Корея, Австралия ва Янги Зеландия раҳбарлари асосий меҳмон сифатида иштирок этди.

Шуҳрат Расул: — Саммитнинг кун тартибидаги асосий масала Украина бўлди, кейинги масала эса НАТОни консолидация қилиш бўлди. НАТОнинг ҳар бир аъзоси ўз ЯИМдан 2 фоизини мудофаага ажратишига келишилди. Украина урушидан олдин 9 та давлат шу даражага эришган, ҳозир 23 та давлат 2 фоиздан ажратяпти. Полша 4 фоиз, Болтиқбўйи давлатлари 3 фоиз, Руминия ҳам 3 фоизга яқин ажратяпти. 9 та давлат эса 2 фоизга етгани йўқ. Ўзи бу масала Трамп томонидан илгари сурилган эди, Европа давлатлари эса эътибор қилмаётганди.

Франция ва Германия лидерлари Европанинг хавфсизлик масалалари бўйича субъектлигини оширяпти. Макрон Украинани Европанинг эшиги деб атаб, Европа хавфсизлигининг муҳим нуқтаси деб атади. Шолц эса Европа учун янги давр бошланганини айтди. Саммитда эмоционал ҳолатлар ҳам бўлди Россиянинг Киевдаги болалар шифохонасига берган зарбаси сабаб.

Шуҳрат Расул

НАТОнинг ҳарбий амалиётларига ҳам тўхталсак.

Абдували Сойибназаров: — НАТО коммунизм тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида тузилган ва бу мақсадга 1991 йилда эришилди. Ўзи коммунизм тарқалиши 60-йиллардан кейин тўхтаган, кейинги мақсад Совет иттифоқини парчалаш бўлган. Юқорида айтилгандек, Совет иттифоқи қулагач, асосий душман йўқолди, энди нима қиламиз, деган масала ўртага ташланади ва терроризм, экстремизм, фундаментализмга қарши курашамиз, деган нарса пайдо бўлди.

Совет иттифоқи тарқалгач, НАТО дунёда кўп хатоларга йўл қўйди. Масалан, Боснияда 7 мингдан ортиқ мусулмонлар қирилган, шунда НАТО бу қирғиннинг олдини олиши мумкин эди, чунки Боснияда тинчликпарвар кучлари бор эди. 2001 йилдаги Афғонистонда бошланган ҳарбий ҳаракатлар ҳам хато бўлди. Буни АҚШ томонидан уюштирилган дейиш мумкин НАТОдаги бирликни сақлаш, Марказий Осиёда ўрнашиш учун. Ироқ, Ливиядаги ҳаракатлар, Исроил-Фаластин можаросида ҳам НАТО қуроллари ишлатиляпти, бегуноҳ одамлар ўлимига аъзо давлатлар катта ҳисса қўшяпти.

Украина урушига келсак. Россия Украинани денгиз чиқувчи давлат сифатида йўқотмоқчи. Украинани парчалаб жануби-шарқда ўзига қўшиб оладиган ёки унга мойил бўлган давлат яратмоқчи. НАТО эса Россия ҳудудида 10-15 та давлат ташкил этмоқчи. Ўзи урушга қўшилмай, Украина орқали Россияни узоқ муддатли урушга жалб этиб, уни ҳолсизлантириш, лекин Россия ҳам бундай узоқ муддатли урушга тайёр эканини кўрсатди.

Саммитда Украинани қўллаш учун 2025 йилда 40 млрд евро ажратилиши қарор қилинди, бу кейинги йил ҳам уруш давом этишини кўрсатади. НАТО хоҳлаганда урушнинг олдини олган бўларди. 2021 йил охирида Путин НАТО давлатларига ўз талабларини айтди, булардан бири Украинага НАТО қўшинларини жойлаштирмаслик, НАТОга қўшмаслик ва Марказий ва Шарқий Европа давлатларида ракета ҳужумларидан мудофаа тизимларини жойлаштириб Россияни ўраб олмаслик эди. Аммо бу рад этилди. Бу урушда Украина мағлубияти НАТО давлатлари парчаланишига, Россия мағлубияти эса унинг бир нечта давлатга бўлиниб кетишига йўл очиши мумкин.

Хайрулла Умаров: — Ҳар қандай ташкилотнинг вазифаси бирорта лидер давлатнинг ўз позициясини халқаро майдонда ифода этиш, кичкина давлатлар эса хавфсизлик мақсадида шу ташкилотда бирлашади. Шимолий Атлантик деб ном қўйилган НАТОга, бу соф АҚШ геосиёсий мактаби ҳосиласи, дейиш мумкин.

НАТОнинг биринчи бош котиби ташкилот мақсади ташқарида Совет иттифоқини, ичкарида Германияни бостириб туришимиз керак, деган. Албер Миҳен ҳам АҚШнинг асосий вазифаси Германия ва Японияни бостириб туриш, деган. Германияда 52 минг кишилик, Японияда 53 минг кишилик ҳарбий базаси бор.

НАТО тўлов бадали 18 фоизга ўсган ва 1 трлн 260 млрд долларни ташкил этган. Аъзо давлатларнинг учдан икки қисми қурол-яроғни АҚШдан сотиб олиши керак. АҚШни ҳарбий саноат лоббиси бошқаради, улар урушдан манфаатдор. Югославияга 542 млрд долларлик бомба ташланган, бунинг учун эса қанча заводлар ишлаши, қанча одам даромад топиши керак. Босниядаги мусулмонлар қирғинида ҳам қирғин тугагач, кириб боришган НАТО қўшинлари.

Хайрулла Умаров

Шуҳрат Расул: — НАТО ҳимоя институти сифатида тузилган. Унинг доктриналари ҳам СССР ҳужум қилиши эҳтимоли билан тузилган. Булар 20-аср учун мўлжалланган назариялар бўлган. Европа давлатлари ўз хавфсизлигини АҚШга юклаб қўйган деб кўрилар эди, совуқ уруш якуни бўйича хулосаланса. Украина урушидан кейин эса вазият мутлақо ўзгарди, Путиннинг орзуси Европа давлатларининг субъектлигини ошириш эди. Бугун Путин мақсадига эришди, Европа давлатлари субъектлигини оширди, 2 фоиз ЯИМни мудофаага сарфлаяпти. Натижада ЕИ давлатлари ҳарбий қудрати АҚШ билан тенглашиши ёки ошиб кетиши мумкин, чунки иқтисодий потенциал ҳам АҚШ билан тенг. Европада 17 та давлатнинг ривожланган ҳарбий саноат комплекси бор. Европанинг кучайиши Россия фойдасига бўлмайди.

Россия ўзининг олдига қўйган стратегик мақсадларига эришолмади. 2021 йил охиридаги Путиннинг ултиматуми тескари эффект берди. Швеция ва Финландия НАТОга қўшилди, НАТО чегаралари узайди, Германияга қуроллар қайтариб олиб келиняпти АҚШдан.

Хайрулла Умаров: — Бугунги кунда АҚШнинг 900 дан ортиқ ҳарбий базалари бор хорижий давлатларда. Ҳозирги вазиятда Европа хавфсизлик ташкилоти жим турибди, НАТО иш кўряпти. Бу дегани англосаксонлар атлантизм мактаби иш кўряпти евроцентиризмни тийган ҳолда.

Швеция ва Финландия НАТОга қўшилишида 6 ой олдин тарғибот, тушунтириш ишлари олиб бормасдан туриб референдум ўтказилди.

Камолиддин Раббимов: — Швеция ва Финландияда жамоатчилик фикри жуда яхши шаклланган, ОАВ эркин, сиёсий плюрализм кучли, ҳокимият тез алмашиб туради, авторитаризм йўқ, ижтимоий муносабатлар эркинликка асосланган. Россия Украинага бостириб киргач, бу жамиятларда ижтимоий тафаккур кординал ўзгарди. Яъни Россия агрессия тўғрисидаги тафаккур ўзгарди. Швеция ва Финландияда жамиятда Россия таҳдиди бор дейдиганлар 30-40 фоиздан ошмасди, уруш бошлангач, 70-80 фоизга кўтарилди.

1999 йилда 50/50 саммити бўлган эди. Агар шу саммитга қарасак, АҚШ президенти Клинтон олдида айнан Ислом Каримовни кўришимиз мумкин. Биз у вақтда НАТО билан юқори даражада ҳамкорлик қилаётган эдик. Биз НАТОга 2 хил қарашимиз мумкин. НАТО Россия ва Хитойни тийиб турадиган бўлса, биз учун бу ташкилот таҳдид эмас. Туркия матбуотига қарасак, НАТО саммити қаттиқ танқид қилинди, яъни Яқин Шарқдаги вазият нуқтаи назаридан. Туркия матбуоти икки страндартлилик мавжуд деяпти. Испания бош вазири ҳам биз нега Украинага кучли ачиниш билан қараймизу, Фаластинга келганда бундай қилмаймиз, у ерда катта геноцид бўляпти, деди. Биз ҳам Фаластин нуқтаи назаридан НАТОни танқид қилишимиз мумкин. Лекин Марказий Осиёнинг стратегик, тарихий манфаатлари томонидан НАТО бизга душман эмас, душман бўлмаган ҳам.

Шуҳрат Расул: — Биринчи президентимиз НАТО ҳақида катта интервью берган эди ва унинг мақсад-вазифаларини яхши тушунтириб берган. НАТО ҳимоя ташкилоти, агрессив, коммунистик ғоялардан ўзини ҳимоя қилади, бугунги кунда дунёдаги стратегик балансни ушлаб турувчи реал куч, деганди.

Хайрулла Умаров: — НАТОдан Марказий Осиёга хавф йўқ. Лекин Маргарит Тетчернинг кундалигини ўқисак, унда НАТОнинг 2 та душмани бор: совет иттифоқи ва ислом дини, дейилган. Ўзбекистон демократик давлат, лекин биз ислом динининг иккинчи марказимиз, яъни ислом дини илми бизда ривожланган. 1991 йилдан бери 23 та ҳарбий операция ўтказган НАТО, уларнинг аксарияти мусулмон давлатларида бўлган.

Унда Туркиянинг аъзолигини қандай изоҳлайсиз?

Хайрулла Умаров: — Туркиянинг аъзо бўлиши совет иттифоқининг айби билан бўлган. 1952 йилда совет иттифоқи Туркияга нота йўллаб, Босфор ва Дарданелл бўғозини беришни талаб қилади. Ўша пайтда Туркия НАТОга юзланади. Ўзи НАТО – христиан давлатлар иттифоқи.

Шуҳрат Расул: — НАТОнинг уставида христиан давлатлар иттифоқи деган нарса йўқ.

Хайрулла Умаров: — Бош штаб бошлиғи доим АҚШ генерали бўлган, бош котиблар бошқа давлатлардан бўлса ҳам. Бу дегани АҚШ манфаатларига хизмат қилади.

Камолиддин Раббимов: — НАТО Афғонистонга кираётганда Ўзбекистон қўллаб-қувватлади, Хонобод базаси ҳам берилди. Ироққа киришида ҳам Ислом Каримов интервью бериб, маънавий қўллаган эди. Ўзбекистон позицияси НАТО манфаатлари билан бир хил келган шу масалаларда.

Камолиддин Раббимов

Хайрулла Умаров: — Ўша пайтларда Россиянинг Ўзбекистонда сиёсий ва ҳарбий босими бўлган. Каримов кучлар мувозанатини ушлашни билган, ўша вақтда Россияга қарши туриш учун НАТОни қўллаган. Россия босимини кесиш керак эди.

Ҳозир Россия билан вазият юмшаган. АҚШ Хонобод базасига ўрнашгач, 1000 км радиусдаги ҳаво ҳудудини назорат қила бошлаган, бу Россия, Хитой ҳудудларига ҳам тўғри келади. Шунинг учун Ўзбекистон олиб чиқиб кетишни талаб қилди.

Саммитда айтилган баёнотлар оддий риторикаларми ёки реал қадамлар борми?

Абдували Сойибназаров: — НАТО давлатлари ташкилот фондига ЯИМ 2 фоиз ажратишини Трамп талаб қилганди бир вақтлар. Ҳозир бу талаб амалга ошди.

Бундан ташқари, Хитойга нисбатан ҳам риторикалар бор. БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоси сифатида хавфсизликка путур етказяпти, Россияни қўллаяпти, дейилди. Эрон, Шимолий Корея ҳам шу қаторда тилга олинган. Украинанинг яқин муддатда НАТОга киришини қўллаш ҳам айтилди. Яқин 5-10 йил ичида қабул қилмасликлари мумкин. Чунки доим Франция, Германия каби давлатлар Россия омили сабаб буни исташмаган.

Абдували Сойибназаров

Шуҳрат Расул: — Декларациялар катта эҳтимол билан амалга ошади. Катта мақсадлар қўйиляпти. 2000 йиллар бошида глобал қарама-қаршилик йўқ эди, Путин ҳали Мюнхендаги нутқини сўзламаган, ўз амбицияларини айтмаганди. НАТО 25 йил давомида бюрократик, ҳарбий потенциали сўнган ташкилотга айланиб қолганди. Украина уруши сабаб энди ташкилот қайта уйғонди. Россия билан чегараларда жами 50 та ҳарбий бригадалар шакллантириш кўзда тутиляпти, ҳар бирида 7 минг киши бўлади, бу дегани 350 минг қўшин бўлади, яримой шаклида Россия ўраб олинади. Реал ҳолат шундай, ҳеч қандай ғоялар, назариялар аҳамиятсиз бу ерда. Битта одамнинг амбицияси, Украинани қўшиб оламиз, дегани сабаб шундай бўлди. НАТО Россиядан иқтисодий томондан 25 баробар кучли. 2025 йил охирида ЕИда 155 калибрли ўқ дорилар 2 млн 900 минг дона ишлаб чиқарилиши белгиланди ва бу машина ишга тушди, пуллар ажратилди. Энди бундай тенденция давом этиб, қудрати ошиб бораверади НАТОнинг.

Камолиддин Раббимов: — Хайрулла Умаров 90-йиллар ўртасида Россия иттифоқ бўлиниш шартномасини бекор қилганини айтди. Бу ерда контекстни тўғри аниқлаш керак. У вақтда Россия Думасида асосий ўринни коммунистик партия эгаллаган эди. Россия биринчи президенти Елцин либерал шахс эди, унинг империячилик кайфияти Путинникидан 100 баробар кам эди дейиш мумкин. Шунинг учун у пайтда Россия томонидан империяни тиклаш учун бизга таҳдид бўлмаган, унақа қудрат ҳам йўқ эди. Кейинчалик, 2002-2014 йиллар оралиғида дунё бозорида нефт нархи 147 долларгача чиқди ва Путиннинг қўлида триллионлаб доллар пайдо бўлди, Елцин даврида бундай имконият йўқ эди.

Путин 2008 йилда Грузияга ҳужум қилди, Молдова, Болтиқбўйи давлатлари, Украина доимий босим остида бўлди. Улар ўзларига яқин миллатли давлатлар эди. Шундай экан, Путин Марказий Осиёдаги мусулмонлар, туркийларга раҳмдиллик қилармиди, мантиқан тўғри келмайди бу.

Совет иттифоқини тиклаш тўғрисидаги қарор компартия қарори бўлган, бунга бошқа партия ўз ветосини қўйган. Яъни бу фақат коммунистларнинг лойиҳаси бўлган, Елцин ёки Россия давлатчилигининг эмас.

НАТО Украина урушидан олдинроқ асосий фокусни Хитойга қаратаётган эди. Россия потенциал душман сифатида кўрилмас эди, лекин Украина урушидан кейин душман сифатида эълон қилинди. Лекин аҳолиси катта бўлган, потенциали ошиб бораётган, ўзини вазмин тутаётган Хитой биринчи рақамли сифатида кўрилади барибир. Саммитда ҳам асосий фокус Хитойга қаратилди. Тўғридан тўғри эмас, Россияга ёрдам бераётган, авторитар полисни шакллантираётган давлат сифатида таърифланди.

Хайрулла Умаров: — 1994 йилда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти саммитида Елцин ва Клинтон ўртасида гап қочади, Елцин Россияда ядро қуроли борлигини эслатади. Шунда икки давлат раҳбарини алоҳида хонага олиниб музокара ўтказишади ва икки давлат ўз таъсир доираларини белгилаб олди, дейилади. Яъни Болтиқбўйидан ташқари барча собиқ иттифоқ давлатлари Россия таъсири остида бўлишига, қолган бутун дунё эса АҚШ таъсирида бўлишига келишилган.

1996 йилда Россия МДҲ давлатлари бўйича стратегик йўналишларини белгиловчи ҳужжат қабул қилади. Жумладан, радиолокацион станциялар масаласи. Бундай станция Ўзбекистонда хам бор эди. Россия ҳар доим музокараларда ҳарбий база киритиш тўғрисида босим қиларди.

1999 йилда АҚШнинг БМТдаги вакили Мадлен Олбрайт биз Россиянинг ўз чегарасидан бошқа жойдаги манфаатларини тан олмаймиз, дейди. Умуман, шундай вазиятлар. Биз учун Ўзбекистон манфаатлари муҳим, икки томон ҳам масофада тургани яхши. Иқтисодий, ижтимоий, гуманитар хамкорлик бўлиши мумкин, лекин ҳарбий эмас. Ўзбекистон Украина масаласи бўйича нейтрал бўлади.

Россия ҳарбий ҳолатга ўтган тарзда 3-4 йил чидаши мумкин, дейиляпти. НАТО-чи, Украинани қанча вақт қўллай олади?

Хайрулла Умаров: — Биринчи ўринда АҚШ президенти ким бўлиши муҳим. Ҳарбий саноат комплекси ҳақидаги маълумотлар махфий. Жараёндан келиб айтиш мумкинки, Украина битта снаряд отса, Россия ўнта отяпти, демак, Россия ҳарбий саноат комплекси ишлаяпти, ёнидаги давлатлар ҳам ёрдам беряпти.

НАТОдаги қуроллар АҚШники, 70-80-йилларда ишлаб чиқарилган. Абрамс танклари ҳам эскирган, утилизация қилиш қиммат туради, уларни Украинага беришяпти. Лекин Украинада ишлаётган дрон технологиялари янги. Россия ҳам коинотда спутник орқали ракета бошқариш тизимларига тўсқинлик қилишга ҳаракат қиляпти.

Саммит арафасида F16 қирувчи самолётлари масаласи яна марказий мавзулар қаторига кирди, ўзи ваъда қилинган бу самолётлар Украинага берилиши қанчалик аниқ?

Хайрулла Умаров: — Бу самолётлар эски русумли, янгилари берилмайди. Украинага берилаётгани – бошқарув тизими эски авлод технологиялари, улар Россия қўшинларига хавф туғдира олади, лекин умумий вазиятни ўзгартира олмайди.

Шуҳрат Расул: — F16 самолётлари берилиши бошланди дейилди, ой охиригача берилиб қолар. Юрий Швецнинг айтишича, бу самолётлар Руминия, Полша ва Словакияга жойлаштирилади, чунки Украинада инфратузилма қилинмаган, Россия ракеталари нишонига айланмаслиги учун.

Бу давлатлар ҳам урушга тортилиб кетмайдими? Ғарб нимани кутяпти самолётлар берилиши учун?

Шуҳрат Расул: — Медведов каби шахслар агар шундай бўлса, биз у давлатларга ҳам ҳужум қиламиз, деб келади. Швец буни ҳам очиқлади. “Ҳозир жавоб навбати – Россияда, бу самолётларни йўқ қилиш учун зарба бероладими”, деган масалани қўйди.

Нимага берилмаяпти, десак. Ғарб ҳам ҳамма нарса бирдан бўлиши тарафдори эмасдек кўриняпти. Бош мақсад – Россияни ҳолсизлантириш. Бу унинг бошқа постсовет давлатларига агрессия қилмаслиги учун ҳам керак. Бошиданоқ айтилган бу. Трамп даврида давлат котиби Помпео Марказий Осиё давлатларига келганида пресс-конференцияларда уларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлигини алоҳида эътироф этиб кетган, бунга урғу беришни давлатларнинг ўзи сўрагани ҳам айтилади.

Руминия, Полша ва Словакиядан самолётлар учиши Ғарбнинг эскалация даражасини кўтариш қадами бўлади. Россия бунга жавобан нима қила олишини энди кузатамиз.

Россия пропагандачилари НАТО Россияни 10 га яқин давлатга бўлиниб кетишини хоҳлаши ҳақида гапиради. Бу Европанинг ўзига хавф эмасми?

Камолиддин Раббимов: — Бу АҚШнинг ёки НАТОнинг расмий позицияси эмас, Россияни парчалаш мақсадини қўймаяпти улар. Украинадаги уруш бошлангач, Ғарбдаги нодавлат ташкилотлар Россиядаги этник камчиликлар, ҳудудий муаммолар ҳақида ҳисоботлар тайёрлади, лекин кейинчалик бу масала ёпилди. Бугунги кунда Ғарб Россияни парчаламоқчи эмас, чунки шундай бўлса, Хитой ниҳоятда кучайиб кетиши мумкин. Хитойни тийиб турувчи маълум давлатлар керак. Сабаби, Путиндан кейин келадиган шахс барибир Ғарб билан келишишга уриниши аниқ, чунки Россия – сўнаётган давлат, йилига ярим миллион демографик қисқариш бўлади. Россия қудратли давлат сифатида қолишига иккита омили бор: газ-нефт сотиш потенциали ва катта ядро салоҳияти.

НАТО ва АҚШнинг асосий мақсади – Россияни узоқ муддатли ҳолсизлантириш. Уруш бошланганида Ғарб каска ва бронежилет бераётганди холос, бугун эса қирувчи самолётлар бериш даражасига келди. Коллектив ғарбнинг биринчи вазифаси – Украинанинг мағлуб бўлишига имкон бермаслик ва Россияни узоқ муддатли ҳолсизлантириш.

Шуҳрат Расул: — Бу ёрдам туб бурилиш ясамаслиги мумкин. 50 тача F16 берилади бу йил. Россияда шунга муқобил SU34/35 самолётлари бор.

Ғарб Россияни бирданига эмас, босқичма-босқич мағлуб қилмоқчи. Россияда инфляция тезлаша бошлаган. Ҳозирги юқори инфляция гиперинфляцияга айланиб кетса, назоратсиз иқтисодий жараёнлар бошланиб кетиши мумкин. Бир томондан товар кириши сиқиляпти, Хитойнинг энг катта банки Россия билан ҳамкорликни тўхтатди, 12 августгача қолган банклар ҳам тўхтатяпти, чунки 13 августдан санкциялар кучга киради. Россия Марказий банки раиси биз коинларга мурожаат қилишимиз керак, деяпти, аммо Россия каби катта давлатни коинлар қутқара олмайди.

Россиянинг мағлубиятига ичкаридаги тизимли иқтисодий муаммолар сабаб бўлиши мумкин. Путиннинг ўзи ҳам Россияни ҳеч ким енголмайди, Россия ички муаммолар сабаб енгилиши мумкин, деди.

Хитой банклари Россияга нисбатан санкцияларга қўшиляпти, бу икки давлат кўринганидек яқин дўстлар эмасми?

Абдували Сойибназаров: — Путин май ойида Хитойга борганда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича битим имзолади. Энди санкцияларни айланиб ўтиш йўллари қидириляпти, балки топилгандир ҳам. Россия бошқа ҳамкорлари билан ҳам савдода миллий валюталарга ўтяпти, санкцияларни четлаш учун бу.

НАТО қачонгача Украинани қўллайди, дейдиган бўлсак. Қачонки Россия Қора денгиз соҳилларини буткул эгалласа, Россияга қаршилик қилиш бефойда бўлиб қолади. Россиянинг асосий мақсади – Украинани Қора денгизга чиқармаслик.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди

Мавзуга оид