Жамият | 21:56 / 17.07.2024
12797
5 дақиқада ўқилади

Яна бир киши кибержиноят қурбони бўлди. Унинг номидан 170 млн сўм кредит олинган

Фирибгарлар Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаронинг номига 5 та банкдан 169 млн сўм кредит олган. Жабрланувчи ойлик маоши кам бўлишига қарамай, айрим банклар томонидан унинг номига катта миқдорда кредит берилганидан шубҳаланяпти. Банклар эса мурожаатчи барча мажбуриятларни бажарганидан кейингина унинг номига пул ажратилганини айтишмоқда.

Фото: Fotolia

Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшовчи С.Турғунов 2024 йил 24 май куни фирибгарларнинг навбатдаги қурбонига айланди.

Унинг номига 5 банкдан умумий ҳисобда 168 млн 900 минг сўм онлайн кредит олинган:

  • Анорбанкдан 50 млн сўм;
  • Асакабанкдан 50 млн сўм;
  • Алоқабанкдан 50 млн сўм;
  • Ипак йўли банкдан 13 млн 900 минг сўм;
  • ТВС банкдан 5 млн сўм.

Жабрланувчи Тошкент шаҳар ИИББ ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси тергов бўлимига ариза билан мурожаат қилади. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилади ва С.Турғунов ЖПКнинг 55-, 57-моддаларига асосан жабрланувчи деб топилади.

«Давлат ишида ишлайман. Навбатчиликдан чиқиб, уйга келдим. 24 май куни 14:00 лар атрофида менга киберҳужум уюштирилган экан. Бу ҳақда кейинроқ хабар топдим. Умумий ҳисобда менинг номимдан 14 банкка сўров юборилган, шундан 5 та банк кредит берган. Ҳамма банкдан деярли бир хил вақтда кредит чиқарилган. Фақат «Ипак йўли банк»дан пластик карточкам бор, қолган банклардан карта очмаганман ва иловасини ҳам ишлатмайман.

Мен олдин ҳеч қайси банкдан кредит олмаганман. Ойлик маошим ҳам кўп эмас, 4-5 млн сўм ўртасида. Яъни менинг даромадим бунча катта миқдорда кредит олиш учун банкларнинг критерийларига тўғри келмайди, буни суриштириб билдим. Банкларда хизмат текшируви ўтказилишини сўраб, ИИВ, ДХХ, Бош прокуратура ва Марказий банкка ариза билан мурожаат қилдим», дейди жабрланувчи Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Унинг айтишича, терговчи томонидан банкларга қўзғатилган жиноят иши бўйича жиноятчи шахс аниқлангунга кадар низоли кредитлар бўйича асосий қарз, фоиз ва пеня пул маблағларини ҳисоблашни вақтинча тўхтатиб туриш юзасидан топшириқ берилган. Жабрланувчи мазкур топшириқ хати нусхалари банклар томонидан қабул қилинганини тасдиқловчи далиллар мавжудлигини қўшимча қилди.

«Ҳозир банклар тўлов қилишни талаб қилиб, тинмай телефон қилишяпти. Уйимга хат ҳам келди. Мени ҳамма томондан сиқувга олишяпти. Тасаввур қилинг, 5 млн сўм кредит олмоқчи бўлсангиз, 10 та ҳужжат сўрашади. Ҳеч бўлмаса ойлик даромадини кўриш керак-ку. Банклар пул тўлаб тураверинг, суддан кейин пулингиз қайтарилади, дейишяпти. Отам II гуруҳ ногирони, қарамоғимда 3 нафар вояга етмаган фарзандим бор. Тўлов қилишга умуман имкониятим йўқ», дейди жабрланувчи.

С.Турғуновнинг Kun.uz'га юборган мурожаат хатида банклар терговчининг қонуний талабини бажармаётгани келтирилган. Хусусан, банклардан бирининг жавоб хатида банк терговчининг талабини бажармаслиги, улар фақат суд қарорини тан олиши, терговчининг топшириқлари улар учун мажбурий аҳамият касб этмаслиги баён қилинган. Аммо ЖПКнинг 36-моддасига кўра, терговчининг ўз юритувидаги иш юзасидан берган ёзма топшириқлари ва чиқарган қарорлари барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурий деб белгиланган.

Банклар нима дейди?

Кредит олиш банкдан банкка фарқ қилиши мумкин, аммо бир қанча умумий талаблар мавжуд. Масалан, кредит расмийлаштириш учун кредит олувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати билан тушган селфи сурати киритилиши, бу сурат маълумотлар базасидаги сурат билан мос бўлиши, кредит тарихи талаб даражасида бўлиши, расмий иш ҳақига эга бўлиши ва мазкур маошининг ярми ойлик кредит тўловининг миқдорини қоплаши лозим. Агар кредит олувчи мазкур талабларга жавоб бермаса, кредит бериш банклар томонидан рад этилиши керак.

Kun.uz мухбири ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида юқоридаги банкларнинг ахборот хизматлари билан боғланди. Алоқабанк ахборот хизматига кўра, банкдан онлайн кредит олиш анчагина мураккаб бўлиб, шахсни тасдиқлаш жараёнида 4-5 та босқичдан ўтиш керак.

«С.Турғунов кредит олиш жараёнида идентификациядан ўтиб, машинада ўтирган ҳолда расмга ҳам тушган. Иловага ойлик картасини бириктирган. Ҳаммаси тасдиқланган. Хавфсизлик бўлимимиз текширувдан ўтказди», деди Алоқабанк ахборот хизмати раҳбари.

Асакабанк матбуот хизматига кўра, мурожаатчининг ойлиги 6 млндан кўп қилиб киритилган ва белгиланган мажбуриятлар бажарилганидан кейин кредит берилган. Анорбанк ахборот хизмати мурожаатчининг ўзи идентификациядан ўтиб микроқарзни расмийлаштиргани, кўчада тушган расми иловага юкланганини маълум қилди.

Мавзуга оид