Жаҳон | 08:20 / 23.07.2024
3577
3 дақиқада ўқилади

Байден Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича ваколатини Молия вазирлиги ва Давлат департаментига топширди

Жо Байден Украинани қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қонун бўйича ўз ваколатларини АҚШ Молия вазирлиги ва Давлат департаментлари раҳбарларига топширди, дея хабар беради Оқ уй. Ваколатларнинг бир қисми Россия Федерацияси музлатилган активларини мусодара қилиш билан боғлиқ.

Фото: Украина президенти офиси

22 июл, душанба куни Оқ уй сайтида эълон қилинган баёнотга кўра, АҚШ президенти Жо Байден «Украиналикларнинг иқтисодий тикланиши ва имкониятлари тўғрисида»ги қонун доирасидаги ваколатларини АҚШ молия вазири Жанет Йеллен ва давлат котиби Энтони Блинкенга топширди

Матнга кўра, президент Россиянинг музлатилган активларини Украина фойдасига мусодара қилиш имконияти билан боғлиқ ваколатларни топширади. Бундан ташқари, ушбу ҳужжатда кўрсатилган ваколатларни топшириш «бўлажак ҳукумат қонунларининг меморандумда кўрсатилган қоидалар билан бир хил ёки деярли бир хил бўлган ҳар қандай қоидаларига нисбатан қўлланади». 

Жо Байден COVID-19 билан касалланган ва карантинда

18 июл куни Жо Байден коронавирус билан касаллангани ва Делавэрдаги уйида ўзини изоляция қилгани маълум бўлди. Таъкидланганидек, у бундан буён ҳам давлат раҳбарига юклатилган вазифаларни тўлақонли адо этади. 

Байденнинг даволовчи шифокори Кевин О'Коннор 22 июл куни Оқ уй раҳбарида касаллик аломатлари деярли йўқлигини айтди. 

Жо Байденнинг сайловдан воз кечиши ва Камала Ҳаррис номзоди

Жо Байден 21 июл куни АҚШ президентлиги сайловидан ўз номзодини қайтариб олишини эълон қилган эди. Амалдаги давлат раҳбари бу қарорни Демократик партия ва бутун мамлакат манфаатларини кўзлаб қабул қилганини алоҳида таъкидлади. Байден тез орада халққа мурожаат қилиб, тафсилотларни айтиб беришини билдирди. Унинг қўшимча қилишича, амалдаги муддатининг қолган қисмида асосий эътиборини президентлик вазифаларини бажаришга қаратади.

Байден ўз ўрнига Камала Ҳаррисни таклиф қилиб, уни «тўлиқ қўллаб-қувватлашини» билдирди. «Демократлар - бирлашиш ва Трампни енгиш вақти келди. Келинг, буни қилайлик!» - деб ёзди у X ижтимоий тармоғида.

Кейинчалик амалдаги вице-президент Камала Ҳаррис АҚШ президентлигига номзодини қўйишни режалаштираётганини маълум қилди. Америка ОАВ унинг сўзларидан иқтибос келтирди: «Президентнинг тасдиғини олиш мен учун катта шараф ва мен бу номзодликни қўлга киритиш ва ғалаба қозониш ниятидаман». Ҳаррис республикачи Доналд Трампни мағлуб этиш учун «Демократик партия ва халқни бирлаштириш» мақсадида «ҳамма нарсани қилишини» қўшимча қилди.

Мавзуга оид