Жаҳон | 11:34 / 26.07.2024
2488
4 дақиқада ўқилади

Байден Ғазода ўт очишни тезроқ тўхтатишга чақирди

Исроил бош вазири билан учрашувда АҚШ президенти «қолган бўшлиқларни бартараф этиш, имкон қадар тезроқ келишувга эришиш, гаровга олинганларни уйларига қайтариш ва Ғазодаги урушни доимий якунлашга эришиш» зарурлигини таъкидлади.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Жо Байден Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни имкон қадар тезроқ ўт очишни тўхтатиш ва Ғазода гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувга эришишга чақирди. Оқ уйдаги учрашувда Байден «қолган бўшлиқларни бартараф этиш, имкон қадар тезроқ келишувга эришиш, гаровга олинганларни уйларига қайтариш ва Ғазодаги урушни абадий тугатишга эришиш» зарурлигини таъкидлади», дейилади Оқ уй 25 июл, пайшанба куни эълон қилган баёнотда.

Нетаняҳу билан учрашувда Байден яна бир бор Ғазода гуманитар ёрдамни кўпайтириш ва тинч аҳоли ҳимоясини яхшилашга чақирди. «Ёрдам етказиб бериш йўлидаги барча тўсиқларни олиб ташлаш ва уларга муҳтож бўлганларга асосий хизматларни тиклаш зарур», дейилади баёнотда. Шу билан бирга, АҚШ президенти яна бир бор «ҳарбий амалиётлар пайтида тинч аҳоли ҳаётини ҳимоя қилишнинг муҳим аҳамиятини» эслатди.

Шунингдек, Байден Қўшма Штатларнинг «Эрон ва унинг ишончли вакиллари, жумладан Ғазодаги ҲАМАС, Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» жангчилари ва Ямандаги ҳусийчилар томонидан келаётган барча таҳдидларга қарши Исроил хавфсизлигини таъминлашга содиқлигини» яна бир бор тасдиқлади.

Ҳаррис дунёда антисемитизм кучайишига қарши кураш аҳамияти ҳақида гапирди 

Демократик партиядан президентликка потенциал номзод ва АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис ҲАМАС ва унга алоқадор шахсларни қоралаб, жангчиларни қўллаб-қувватловчи ҳар қандай риторика қабул қилиб бўлмас эканлигини таъкидлади. Оқ уй матбуот хизмати томонидан эълон қилинган баёнотга кўра, сиёсатчи бутун дунёда антисемитизм кучайишига қарши курашиш муҳимлигини таъкидлади. 

Ҳаррис Исроилнинг ҳимояланиш ҳуқуқини тасдиқлади, шу билан бирга, «Ғазо секторидаги азоб-уқубатлар кўламидан жиддий хавотирда» эканини билдирди. Бунга «жуда кўп бегуноҳ фуқароларнинг» ўлими ва ҳалокатли гуманитар вазият киради. «Биз бу фожиаларга жим қараб тура олмаймиз. Азоб-уқубатлар қаршисида мен жим турмайман», - дея Ҳарриснинг сўзларини келтиради dpa. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. 

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 39 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид