Жаҳон | 20:10 / 30.07.2024
2304
2 дақиқада ўқилади

РФ Давлат думаси аноним Теlegram-каналларни реклама ва репост қилишни тақиқламоқчи

Россияда 10 минг ва ундан кўп обуначига эга блогерларни ўз маълумотларини “Роскомнадзор”га беришга мажбурламоқчи. Шахсни аниқлашга ёрдам берувчи маълумотлар махсус реестрга киритилади. Аноним интернет ресурслар реклама олишдан мосуво бўлишади, уларни исталган репостлар ёрдамида танитиш тақиқланади.

Алексдр Хинштейн. Фото: iportal.ru

Тегишли ўзгартиришларни Россия Давлат думасининг информацион сиёсат бўйича қўмитаси маъқуллаган. Қўмита раҳбари, “Единая Россия” аъзоси Александр Хинштейннинг маълум қилишича, ўзгартиришлар Теlegram-каналларга ҳам тааллуқли бўлади. Унинг қайд этишича, “бундай каналларнинг кўпчилиги таъсир доираси бўйича анъанавий ОАВлардан ўзиб кетган”, бироқ уларнинг эгалари “тарқатилаётган маълумотлар, жумладан, фейклар ва бошқа тақиқланган контент учун амалда бирор бир масъулиятни ҳис қилишмаяпти”. Хинштейннинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси айнан шу вазиятни ўзгартиришга қаратилган.

Хинштейннинг қўшимча қилишича, кенг айдитория қамровига эга аноним каналларни блоклашга уринилмайди, бироқ улар реклама жойлаштириши ёки донат йиғиши мумкин бўлмайди, бошқа пабликларга уларнинг постларини репост қилиш тақиқланади.

Ўзгартиришлар “Реклама тўғрисида”ги қонунга киритилмоқда. Блогерларни анонимликдан чиқаришга йўналтирилган маълумотлар таркиби ва уларни “Роскомнадзор”га тақдим этиш тартибини ишлаб чиқиш ҳукуматга топширилади. Бу ҳолатда ижтимоий тармоқ тартибга солувчининг реестрига кирган каналларни маркировка қилиши керак бўлади.

“Роскомнадзор”дагилар аввалроқ айни пайтдаги вазиятда “ижтимоий тармоқ ёки мессенжерда ахборот тарқатаётган фойдаланувчи тўғрисидаги маълумотлар ошкор бўлиши муҳим”лигини таъкидлашган эди.

“Бу инсон контентнинг таркиби учун ўзининг масъулиятини тушуниши керак”, — дейишган идорадагилар мазкур қонун даражасидаги ўзгаришлар “фейклар, зўравонликка қарши кураш, вояга етмаганларни новонуний хатти-ҳаракатларга жалб қилиш ва бошқа тақиқланган маълумотларни тарқатиш”га қарши курашиш учун муҳимлигини қайд этиб.

Аввалроқ худди шу Хинштейн ижтимоий тармоқларда паспорт маълумотлари бўйича қайддан ўтишни жорий қилишни таклиф қилган эди. Хинштейн бундай чоралар телефон фирибгарлигидан тортиб, терроризм, экстремизм ва жосусликкача бўлган кибержиноятларга қарши самарали курашиш учун кераклигини таъкидлаган эди.

Мавзуга оид