Жаҳон | 23:20 / 27.08.2024
8495
3 дақиқада ўқилади

Франция ортидан Жанубий Корея ҳам Telegram'га қарши даъволарни эълон қилди

Telegram каналларида жанубий кореялик ўсмирлар ва ёшларга нисбатан жинсий жиноятларга алоқадор контент кўпайгани қайд этилган.

Фото: 123RF

Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл рақамли майдонда жинсий характерга эга жиноятларни чуқур тергов қилишга чақирди. Бунга маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг Telegram чатларида жанубий кореялик аёлларнинг очиқ-ойдин сохта суратлари ва видеолари тез-тез учраб туриши ҳақида хабар бериши сабаб бўлди, деб ёзди Reuters.

Ҳукуматнинг оммавий ахборот воситалари регулятори бўлган Алоқа стандартлари комиссияси 28 август куни йиғилиб, бундай контент ва уни тарқатувчиларга қарши кураш чораларини муҳокама қилишни режалаштирмоқда.

«Бу анонимликни ҳимоя қилишга асосланган технологияни эксплуатация қилиш. Бу аниқ жиноий ҳуқуқбузарликдир», деди президент Юн Вазирлар маҳкамаси мажлисида. Шу билан бирга, у ижтимоий тармоқлар ҳақида умумий гапириб, Telegram'ни бевосита тилга олмади.

Жорий йилнинг дастлабки етти ойида Жанубий Корея полицияси дипфейк ёрдамида содир этилган 297 та жинсий жиноятни қайд этган. Бу ўтган йилга нисбатан 117 тага кўпдир. Айбланувчиларнинг аксарияти ўсмирлар ва 20 ёшлардаги одамлар эди. Университет талабалари, шунингдек, ўрта ва юқори синф ўқувчилари иштирокидаги сохта маълумотлар тарқатилган Telegram каналларини ўрганган «Hankyoreh» газетасининг таҳлили алоҳида резонансга эга бўлди. Корея ўқитувчилари ва таълим уюшмаси шу ҳафта мактаб ўқувчиларининг бундай манипуляция қурбони бўлиш ҳолатлари аниқланганини айтди. Улар бу борада тергов ўтказишга чақирди. Ўз навбатида, Армияда жинсий зўравонлик қурбонларини қўллаб-қувватлаш маркази Telegram чатларида худди шундай фейклардан азият чеккан аёл ҳарбийлар ҳақида хабар берди.

Бир неча йил олдин илова чатларида жинсий шантаж тармоғи ишлаётгани аниқланганидан сўнг Telegram’нинг Жанубий Кореядаги обрўси тўкилган эди. 2020 йилда гуруҳ раҳбари Чо Жу Бин камида 74 нафар аёлни, жумладан 16 нафар ўсмирни шаҳвоний суратларни олиш мақсадида шантаж қилгани учун 40 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Дипфейк ёрдамида шаҳвоний тасвирларни тарқатиш мақсадида яратиш Жанубий Корея қонунларига биноан беш йил қамоқ ёки 50 миллион вон (37 500 доллар) миқдорида жарима билан жазоланади.

Мавзуга оид