“2 ойлик қизини кўрмай кетди” — Нижегороддаги ЙТҲ қурбонлари шахси аниқланди
Самара-Москва трассасининг Нижегородск области ҳудудидан ўтган қисмида содир бўлган ЙТҲда 7 нафар Ўзбекистон фуқароси – 6 эркак ва бир аёл вафот этди. Ҳалок бўлганлар Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Андижон вилоятларидан бўлган.
1 сентябр куни Россиянинг Нижегородск области ҳудудида инсонлар ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлди: “Восток” автомагистралининг 375 км.да “Қозоғистон-Москва” йўналишида ҳаракатланган Hyundai микроавтобуси ва КІА сerato машинаси тўқнашган.
Kun.uz манбасига кўра, ЙТҲ оқибатида 7 нафар Ўзбекистон фуқароси воқеа жойида ҳалок бўлган. Воқеа жойида жабрланганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида тез тиббий ёрдам вертолёти жалб қилинган.
ЙТҲда Атоев Азим Ахрорович (1992 йилда туғилган, Бухоро вилояти Ромитан туманида яшаган), Абдуллаев Икромбек Садуллаевич (1983 йилда туғилган, Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида яшаган), Акимниязов Хасен Убайдуллаевич (1986 йилда туғилган, Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида яшаган), Назаров Зафарбек Илҳомиддин ўғли (1993 йилда туғилган, Навоий вилояти Хатирчи туманида яшаган), Номозов Зариф Нормаматович (1981 йилда туғилган, Самарқанд вилояти Нарпай туманида яшаган), Маҳмудова Ҳакимахон Шермахамматовна (1978 йилда туғилган, Андижон вилояти Жалақудуқ туманида яшаган), Туляков Садриддин Саъдуллаевич (1973 йилда туғилган, Навоий вилояти Кармана туманида яшаган) ҳалок бўлган.
“Оддий оиланинг оддий боласи эди. Ортида 3 нафар фарзанди қолди. Кичик қизи ҳали 2 ойлик чақалоқ эди, кўрмай кетди. Бу ота-онаси учун оғир мусибат бўлди”, дейди марҳум Азим Атоевнинг Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган яқини.
ЙТҲ оқибатида Абдурахмонов Аброрбек Баҳодир ўғли (2005 йилда туғилган, Сурхондарё вилояти Узун туманида яшайди), Усмонова Маҳаррамхон Толибжон қизи (1991 йилда туғилган, Андижон вилояти Андижон туманида яшайди), Умбаров Улуғбек Янгибоевич (1967 йилда туғилган, Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида яшайди) турли даражада тан жароҳати олган. Улар Викса шаҳарчасидаги тиббиёт муассасасига жойлаштирилган.
Дастлабки хабарда Hyundai микроавтобусини 32 ёшли тожикистонлик ҳайдовчи бошқаргани айтилганди.
Мавзуга оид
22:54 / 06.11.2024
Тахтақорача довонида транспорт воситалари ҳаракати тикланди
20:50 / 06.11.2024
Тахтиқорача довонидаги ҳалокатда уч киши вафот этгани тасдиқланди
18:04 / 06.11.2024
Тахтиқорача довонида Cobalt’ни тош босиб қолди. Қурбонлар бор
10:59 / 04.11.2024