Жамият | 07:21 / 02.09.2024
25998
3 дақиқада ўқилади

Бойсундаги конда олтингугурт гази чиқиши кузатилди

Сурхондарёнинг Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конида технологик жараён бузилиши сабабли олтингугурт (водород сулфид) гази чиқиши кузатилди. Кон яқинидаги фуқаролар эвакуация қилинган.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

1 сентябр куни Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги конда олтингугурт гази чиқиши кузатилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, соат 15:17 да туманнинг «Кўлқамиш» МФЙ ҳудудида жойлашган «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конига қарашли 604-сонли қудуғида бурғилаш ишлари олиб борилаётган бўлган. Шу вақтда технологик жараённинг бузилиши сабабли олтингугурт (водород сулфид) гази чиқиши кузатилган.

Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган.

«Фуқароларнинг жароҳат олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмаган. «Вазият тўлиқ назорат остида. Ваҳимага ўрин йўқ», — деб қўшимча қилди вазирлик.

Ўзбекистон президенти топшириғига асосан, бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов, фавқулодда вазиятлар вазири генерал майор Абдулла Қўлдошев, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худояров, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Баҳодиржон Сидиқов ҳодиса жойига етиб борди.

Бу ерда барча тегишли вазирлик ва ташкилотларни жалб этган ҳолда, Тезкор штаб ташкил қилинган. Техноген офат асоратларини бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Фавқулодда ҳолат содир бўлган ҳудудда ҳавонинг ифлосланиш даражасини ўрганиш, келиб чиққан ҳолатларни бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Тармоқларда тарқалган видеоларда тунги вақтда кўчада юзлаб одамлар ҳаракатланаётганини кўриш мумкин.

Маълумот учун, водород сулфид – бевосита асаб тизимига таъсир қилувчи заҳарли газ ҳисобланади. У ҳид билиш нервини фалаж қилиш хусусиятига эга, бунинг оқибатида одам бу газнинг ҳидини сезмай қолади. Бу кўпинча токсик манба билан алоқани ўз вақтида аниқлаш ва тўхтатиш қобилияти йўқлиги туфайли кучли заҳарланишга олиб келади. Кам миқдордаги водород сулфиди бўлган ҳаводан нафас олиш бош айланиши, бош оғриғи, кўнгил айниши, қайт қилишга, юқори концентрация эса кома, тутқаноқ, ўпка шиши ва ўлимга олиб келиши мумкин.

Мавзуга оид