Жаҳон | 11:50 / 11.09.2024
3750
4 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Британия Россия кемаларига қарши санкциялар киритди

Вашингтон ва Лондон, уларнинг маълумотларига кўра, Эрондан Россия Федерациясига ҳарбий юк ташиш билан шуғулланадиган шахслар ва компанияларга чекловлар қўйди. Британия Россия Аэрокосмик кучларига қарши санкциялар ҳам киритди.

Фото: Николай Михальченко / ТАСС

Эрон Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлигини қўллаб-қувватлаётган бир пайтда, 10 сентябр, сешанба куни АҚШ расмийлари бош офиси Россияда жойлашган иккита юк ташувчи компания: Vafa Wholesale Ltd ва Sea River Service Limited Liability Company'га қарши санкциялар эълон қилди.

АҚШ Давлат департаментининг пресс-релизида айтилишича, ушбу компаниялар «Россия Федерацияси иқтисодиёти денгиз секторида фаолият юритган ёки фаолият юритмоқда». АҚШ расмийларига кўра, Vafa Wholesale Ltd Эроннинг УУА билан боғлиқ ускуналарини Эрондан Россияга Каспий денгизи орқали олиб ўтган кемаларга эгалик қилади. Хусусан, гап АҚШ санкцияларига ҳам дучор бўлган Vafa ва Vafa-1 кемалари ҳақида бормоқда.

Sea River Service Limited Liability Company'га тегишли кемалар орасида «Омский-103», «Омский-119» ва «Закамск»га чекловлар қўйилди. АҚШ расмийларига кўра, «Омский-103» кемаси бошқа нарсалар қаторида 2024 йилнинг февралида Каспий денгизи орқали Эрондан Россияга ўқ-дориларни олиб ўтган.

Қўлланган санкциялар туфайли юқорида тилга олинган компанияларнинг Қўшма Штатлардаги ёки АҚШ фуқароларида бўлган барча мулклари музлатиб қўйилди. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармасига (OFAC) хабар бериш керак, дея таъкидлайди Давлат департаменти.

Айни пайтда, OFAC томонидан 10 сентябр куни эълон қилинган маълумотларга кўра, Россиянинг қуйидаги кемалари санкциялар рўйхатига киритилган: «Борис Кустодиев», «Композитор Рахманинов», «Омский-103», «Омский-119», «Порт Оля - 3», «Порт Оля - 4», Vafa, Vafa-1, «Закамск». Бундан ташқари, Россиянинг «Трансморфлот» юк ташиш компанияси ва «Оля денгиз савдо порти» компаниясининг бош директори Жамалдин Пашаевга нисбатан санкциялар қўлланган.

Британиянинг Россия кемаларига қарши санкциялари

Худди шу куни, 10 сентябрда Британия Россиянинг «Скиф-В», «Омский-103», «Муса Джалил», «Балтийский» ва «Бегей» кемаларига қарши санкциялар эълон қилди. Британия ҳукумати веб-сайтида айтилишича, унинг маълумотларига кўра, бу кемалар Эрондан Россияга ҳарбий юкларни ташиш билан шуғулланади.

ТАСС агентлиги аниқлик киритишича, энди бу кемаларнинг Британия портларига кириши тақиқланади.

«Эрон Россиянинг асосий ҳарбий қўллаб-қувватловчиларидан бири бўлиб, 2022 йил августидан буён Украинадаги агрессив урушда фойдаланиш учун Россияга юзлаб учувчисиз учоқларни тақдим этди», — дейилади Британия ҳукумати матбуот баёнотида.

Ҳужжатдан маълум бўлишича, шу кунга қадар Британия Россияга қарши санкциялар режими доирасида 2000 нафар жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан санкциялар киритган ва уларнинг 1700 дан ортиғи «кенг кўламли ҳужумдан кейин киритилган».

10 сентябр куни Британия, шунингдек, Россия Федерацияси Аэрокосмик кучлари, Россия ҳарбий-транспорт авиацияси қўмондонлиги ва 924-учувчисиз авиация давлат марказига қарши ҳам санкциялар киритди. Бу ташкилотларнинг «Украинага вайронагарчилик олиб келиш учун қурол тизимларидан фойдаланиш» нияти Британия ҳукумати веб-сайтида чекловлар киритиш учун асос сифатида келтирилади.

«Британия халқаро ҳамкорлари билан Эронни хатти-ҳаракатлари, жумладан, Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатгани учун жавобгарликка тортиш устида ишлашда давом этади», дея маълум қилди Лондон.

Мавзуга оид