Жаҳон | 18:27 / 14.09.2024
2949
3 дақиқада ўқилади

“Сўнгги чора”: Шенген ҳудудидаги қатор давлатлар ўз чегарасида назорат ўрнатди

Европа Иттифоқи мигрантлар сонининг ортиши ва россиялик жосуслар фаолиятининг кучайишига дуч келмоқда. Бу вазият ҳамжамиятга аъзо айрим давлатларни, одатда эркин ҳаракатланиладиган Шенген зонасида вақтинчалик чегара назоратини жорий этишга мажбур қилмоқда.

Фото: Getty images

Шенген қоидалари ички хавфсизлик ёки жамоат тартибига жиддий таҳдидларнинг олдини олиш учун бундай усулни “сўнгги чора” сифатида қўллашга рухсат беради.

Қуйидаги давлатлар чегараларида текширув қайта тикланди ёки кучайтирилди:

Австрия Словакия ва Чехия билан чегарада 15 октябргача, Словения ва Венгрия билан чегарада эса 11 ноябргача амал қиладиган текширувларни жорий этмоқда. Бунга сабаб сифатида қочоқларни қабул қилиш тизимига босим, шунингдек, Россиянинг Украинага қарши уруши билан боғлиқ террористик гуруҳлар ва жиноий тармоқлар туфайли кучайган хавфсизлик муаммолари кўрсатилди.

Дания 11 ноябргача Германиядан қуруқлик ва денгиз орқали ўтадиган транзитни текширади. Ғазодаги уруш ва 2023 йилда Қуръонни топташ билан боғлиқ террорчилик таҳдидлари, шунингдек, Россиядан жосуслик хавфи ушбу чорага асос бўлди.

Франция Шенген мамлакатлари билан чегарада 31 октябргача давом этадиган такрорий назоратни жорий этди. Бунга сабаб — мигрантларни қабул қилиш тизимига бўлган босим ва терроризм таҳдидлари.

Германия 16 сентабрдан ўзининг барча қуруқлик чегараларида кучайтирилган назорат ўрнатишни режалаштирмоқда, аввалига бу олти ой давом этади. Ўтган йили мамлакат Полша, Чехия ва Швейцария билан қуруқликдаги чегараларида назоратни кучайтирганди. Ушбу чоралар ортидан мамлакат 2023 йил октябридан бошлаб 30 минг муҳожирни ортга қайтаришга муваффақ бўлди.

Италияда чегара назорати 18 декабргача давом этади. Бунга террорчилик фаолияти таҳдидлари, Россиянинг Украинага қарши уруши ва Италиянинг G7 га раислик қилиши сабаб бўлмоқда. Бундан олдин, Болқон орқали келаётган мигрантлар орасида террорчилар бўлиши ҳақидаги хавотирлар туфайли июнь ойигача Словения билан чегара назорати жорий этилганди.

Европа Иттифоқига аъзо бўлмаса-да, Шенген келишувига кирувчи Норвегия Россия разведкасининг мамлакатдан газ экспорти ёки Украинага кўрсатилаётган ҳарбий ёрдамга таҳдид солувчи операцияларини рўкач қилиб, Шенген ҳудуди билан порт чегараларда 11 ноябрга қадар назоратни тиклади.

Словения 21 декабрга қадар Хорватия ва Венгрия билан чегараларида назорат ўрнатди. Бунга сабаб сифатида Яқин Шарқ ва Украинадаги хавфсизлик ҳолати ёмонлашгани, шунингдек, Ғарбий Болқон минтақасида терроризм ва уюшган жиноятчилик хавфи юқори даражада экани кўрсатилди.

Швеция Ғазо можаросидан кейин зўравонлик хавфи, жумладан, антисемитик ҳужумлар кучайганини баҳона қилиб, 11 ноябргача чегара назоратини кучайтирди.

Финляндия Москва орқали учинчи мамлакатлардан келаётган қочқинлар оқимига жавобан Россия билан қуруқлик чегарасидаги ўтиш пунктларини номаълум муддатга ёпиб қўйди. Бундан ташқари Ҳелсинки Россиядан кириш тақиқланган портлар рўйхатига яна бир нечтасини киритди.

Шенген ҳудуди — Европадаги зона бўлиб, унда иштирокчи мамлакатларнинг ички чегараларидаги назорат бекор қилинган, бу одамларнинг эркин ҳаракатланишига имкон беради. Шенген келишуви 1985 йилда имзоланган ва 1995 йилда кучга кирган. Ҳозирги кунда бу ҳудудга 29 та давлат киради.

Мавзуга оид