Ўзбекистон | 20:27 / 20.09.2024
5198
1 дақиқада ўқилади

Россия Ўзбекистонга ГЛОНАСС сигналидан фойдаланиш имконини бериши мумкин

Путин Россия ва Ўзбекистон ўртасида ГЛОНАСС сигналидан фойдаланиш бўйича музокараларни маъқуллади.

Фото: Getty Images

Россия Ўзбекистонга ўзининг ГЛОНАСС сунъий йўлдош тизими юқори аниқликдаги сигналидан фойдаланиш имконини бериши мумкин. Тошкент билан бу борадаги музокараларни Россия президенти Владимир Путин маъқуллади ва тегишли фармойиш ҳуқуқий ахборот порталида жойлаштирилди.

«Россия ҳукумати ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида ГЛОНАСС глобал навигация сунъий йўлдош тизимининг юқори аниқликдаги сигналидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш келишуви бўйича музокаралар ўтказиш тўғрисидаги таклиф қабул қилинсин», дейилади ҳужжатда.

Глобал навигация сунъий йўлдош тизими (ГЛОНАСС) - Россия сунъий йўлдош навигация тизими бўлиб, Ернинг исталган нуқтасида мавжуд бўлган фуқаролик сигналларини трансляция қилади, навигация хизматларини бепул ва чекловларсиз, шунингдек, махсус иловалар учун юқори аниқликдаги шифрланган сигнални тақдим этади.

GPS тизимидан асосий фарқи шундаки, ГЛОНАСС сунъий йўлдошлари орбитал ҳаракатида Ернинг айланиши билан резонансга (синхронликка) эга эмас, бу эса уларга катта барқарорликни таъминлайди.

Мавзуга оид