Ўзбекистон | 15:21 / 25.09.2024
7085
3 дақиқада ўқилади

Муаммолар оғушидаги “олтин давр”: талабаларнинг ўқишга вақти борми ўзи?

Ўзбекистон қонунчилиги талабаларга ишлашни тақиқламайди. Бугун кўча-кўйда китоб тутганни ҳам, велосипедда етказиб бериш хизматларида ишлаётган талабаларни ҳам кўриш одатий ҳолга айланган. Хўш, аслида талаба ўқиши керакми ёки ишлаши? Kun.uz мавзу бўйича ректорлар, ўқитувчи ҳамда талабалар фикрини ўрганди.

Талабаларнинг ҳам ўқиб, ҳам ишлаши бутун дунёда бор тенденция. Лекин ҳар нарсада бўлгани каби бунда ҳам меъёр керак. Талабаларнинг кўпчилиги ҳам ишламасдан фақат ўқишни хоҳлашини айтади. Бироқ моддият шуни тақозо қилгани учун ҳам ўқиб, ҳам ишлаётган талабалар ҳозирда анча кўпайган. Kun.uz гаплашган талабаларнинг аксарияти бугун турли соҳаларда ишлайди. Уларнинг фикрича, ўқиш ва ишни бир вақтда эплаш – кўпроқ талабаларнинг ўзига боғлиқ. Бироқ ишдан ортиб ўз устида ишлаш, мустақил ривожланиш, кутубхонага бориш, илмий адабиётлар билан танишиш учун вақт етмайди, дейди талабалар.

Бу борада олийгоҳлар ректорларининг фикрлари ҳар хил, лекин уларнинг деярли ҳеч бири ишлашга қарши эмас. Масала – талабанинг ишлаш-ишламаслигида эмас, қаерда ишлашида.

Аграр университети ректори Соҳиб Исламов ўз талабалигини ёдга оларкан, қора ишларда ҳам ишлаганини, лекин бу унинг ўқишига таъсир қилмаганини айтади. Бугун ректор сифатида у талабаларнинг фақат ўз мутахассислиги бўйича ишлаши тарафдори.

Тошкентдаги INHA университети ректори Музаффар Жалолов ҳам ишлаш масаласига ижобий қарайди. Унинг ўзи ҳам талабалигида ишлаган, бироқ 1-босқичданоқ ёшларнинг билимга эмас, пулга, ишга қизиқиб кетиши ёмон деб ҳисоблайди. Битирувчи курс талабалари олган билимларини мустаҳкамлаш учун ишлашса, мақсадга мувофиқ бўлади. Ота-оналар талаба фарзандини боқиш, ўқитиш масъулиятини  бўйнига олиши лозим, дейди ректор.

ЎзМУ ўқитувчиси Воҳиджон Топилдиев фикрича, ишлайман деган талабалар кечки ёки сиртқи таълим турида ўқиши керак. Тўғри, қонунан уларнинг ишлашга ҳаққи бор, лекин кундузги таълимда ўқийдиганлар ишламаса, тўғрироқ бўлади. Бундан ташқари, талаба ўз соҳасида ишласагина, бу унинг фойдасига бўлиши мумкин, дейди профессор.

Аграр университети ўқитувчиси Алимардон Менгноров ҳам шу фикрда. У талабалар дарсдан чиқибоқ ишга шошишини айтади. Бу ўринда асосий масъулиятни ота-оналар бўйнига олиши керак, дейди у.

Бугун барча харажатларини, тўлов-контракт суммасини ўзи қоплайдиган, ҳаттоки булардан орттириб оиласига ҳам пул жўнатадиган талабалар анчагина. Баъзи ота-оналар эса бундай фарзандидан фахрланиб, оила масъулиятини ҳам фарзандига юклаб қўйган. Ректор ва ўқитувчилар фикрича, бу фахрланадиган ҳолат эмас. Талаба қисқа 4-5 йилини фақатгина ўқигани сарфласа, келажакда ўзи учун фаровон ҳаётга замин ҳозирлаган бўлади, дейди улар.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди
Тасвирчи: Бекзод Панжиев
Монтаж устаси: Шерзод Эгамбердиев

Мавзуга оид