Жаҳон | 20:05
11567
11 дақиқада ўқилади

«Фақат пиёда қочиш мумкин эди» — украин жангчилари Вуҳледардан чиқиш ҳақида

Россия Вуҳледарни эгаллади. Шаҳар йўқотилиши Украина учун нимани англатади?

Вуҳледарнинг Россия позицияларидан кўриниши. Фото: Dmitry Yagodkin/TASS

Украина мудофаа кучлари чоршанба куни Вуҳледар ташлаб чиқилгани тўғрисида расман маълум қилди. Россиялик ҳарбийлар бир кун олдин Донецк области жануби-ғарбидаги мазкур шаҳар эгаллангани ҳақида хабар берганди. «Ҳортица» оператив-стратегик қўшин гуруҳи маълумотига кўра, қуршов хавфи туфайли украин ҳарийларини шаҳардан олиб чиқишга қарор қилинган.

Бир йил олдин Вуҳледар бой берилиши украин армияси учун оғир зарба бўлиб, уни шарқий фронтда ҳам, жанубийсида ҳам мудофаа конфигурациясини ўзгартиришга мажбур қилган бўларди.

Мазкур қалъа шаҳар Украина қуролли кучларининг Торецк — Ню Йорк — Авдийивка — Марйинка — Вуҳледар — Велика Новосилка ва кейин Запорижжя шаҳарлари бўйлаб ўтган йирик истеҳкомлари занжирини ташкил этарди.

Ушбу шаҳарча аҳамиятини (урушга қадар 15 минг киши яшаган) Россия армияси Украинага босқиннинг илк давридан уни эгаллашга қаттиқ ҳаракат қилганидан ҳам билиш мумкин. Бу уринишлар муваффақиятли якунланадигандек ҳам кўринганди — 2022 йил ноябрида россиялик ҳарбийлар Вуҳледар жануби-ғарбидаги Павловка посёлкаси томондан яқинлашиб келади. Аммо шундан кейин амалга оширилган кўплаб ёпирилма ҳужумларнинг барчаси россияликлар учун йирик йўқотишлар билан якунланади.

Катта эҳтимол билан, украин қўмондонлиги Вуҳледарни нафақат таянч пункти, балки Донецкни жанубдан айланиб ўтиб Докучаевск ёки Волновахага, шунингдек 2023 йил ёзида жанубий фронтдаги юриш муваффақиятли чиққан ҳолда Мариуполга ҳужумга ўтиш учун плацдарм сифатида ҳам кўрган. Шу туфайли бу йўналишга энг жанговар бўлинмалар ташланган.

Аммо украинларнинг жанубдаги юриши ўз мақсадларига эриша олмади, Россия армияси эса асосий кучларини Донецк областида жамлаб, Украина қуролли кучларининг асосий таянч пунктлари томон бирин-кетин қонли амалиётлар бошлади.

2024 йил кузига келиб Донбасс фронтидаги вазият жиддий ўзгарди. Украина Авдийивка, Марйинка, Красноҳоривка, Ню Йоркни бой берди, Торецк ҳам қулаш арафасида, Россия қўшини Покровск томон юришни давом эттирмоқда, Часив Яр штурм қилинмоқда, украинларнинг Купянск йўналишидаги плацдарми асосий ердан ажратиб қўйилишига яқин қолган.

Шу туфайли Вуҳледар мудофаа занжиридаги муҳим элемент сифатидаги аҳамиятини ҳам йўқотиб улгурган.

Шаҳар тақдири ҳал бўлгани сентябр ойи ўрталаридаёқ маълум бўлиб улгурганди, ўшанда Россия қисмлари бир вақтнинг ўзида ўнг қанотда ҳам (Водяне ҳудудида), чап қанотда ҳам (Пречистовка) ёриб ўтди.

Вуҳледар атрофидаги ҳалқа торая бошлади, Россия артиллерияси ва дронлар шимолга чекиниш учун Богоявленка томон борувчи сўнгги йўлни олов назоратига олганида эса, Вуҳледардаги гарнизон қуршовга тушиш эҳтимоли реаллашди — бу камида 2 мингга яқин аскардан иборат бригада эди.

Ҳарбий экспертлар ва жангларда Украина томонида туриб иштирок этаётганлар Украина қуролли кучлари қўмондонлиги шаҳардан чиқишга буйруқ беришда ҳаяллади деб ҳисобламоқда. Ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидан келган хабарларга кўра, сўнгги уч-тўрт кунда украин қисмлари режа бўйича шаҳар жанубий чеккаларидан марказга чекиниб, 
арергард жанглари олиб бориш ва қанотларни ушлаб туриш билан шуғулланган.

1 октябр куни аввалига шаҳар ғарбида, кейин марказидаги вайрон бўлган биноларда Россия байроқлари илингани акс этган кадрлар тарқалганида барчаси аниқ бўлди. Россиялик ҳарбийлашган блогерлар тантана қилишди; аммо видеолардаги Россия ҳарбийлари эркин ҳаракатлангани шаҳарда Украина қуролли кучларининг йирик бўлинмаси йўқлиги, улар шимолга кетганини англатарди. Бу эса қуршов ҳам амалга ошмаганини билдиради.

«Душманнинг ҳаракатлари натижасида шаҳар қуршовда қолиши хавфи пайдо бўлди. Олий қўмондонлик шахсий таркиб ҳамда жанговар техникаларни сақлаб қолиш мақсадида бўлинмаларни олиб чиқиш бўйича манёврни амалга ошириб, кейинги ҳаракатларни олиб бориш учун қулайроқ позицияларни эгаллашга рухсат берди», — дейилган Украинанинг «Ҳортица» қўшинлар гуруҳи қўмондонлиги 2 октябр куни тарқатган маълумотномада.

3 октябр куни Украина президенти Володимир Зеленский ҳам Вуҳледар бўйича изоҳ берди. «Улар бизнинг одамлар, Украина фуқаролари, шунинг учун улар кетиши ва ўзини сақлаши тўғри бўлди», деди Зеленский Киевга келган НАТОнинг янги бош котиби Марк Рютте билан биргаликдаги матбуот анжуманида. У Украина Россия тажовузидан ҳимояланиш учун узоқ масофали қуроллар билан Россия ичкарисига зарба бериш ҳуқуқига эга бўлиши лозимлигини таъкидлаган.

Бу йўналишдаги воқеаларнинг кейинги ривожини прогноз қилиш қийин. Вуҳледардан Донецк областининг маъмурий чегараларигача — ўртача 30-40 км масофа бор ва бу ҳудудда йирик аҳоли яшаш пунктлари йўқ.

«Чекиниш ташкиллаштирилмаганида, хаос бошланади». Украин жангчилари — Вуҳледардан чиқиш ҳақида

BBC мухбири Абдужалил Абдурасулов Украина қуролли кучларининг Вуҳледарни икки йилдан ортиқ вақт ҳимоя қилган ва энди шимолдаги позицияларга чекинган 72-бригадаси жангчилари билан гаплашди.

Уларнинг тасдиқлашича, бўлинма Вуҳледардан сўнгги штурм бошланишидан олдинроқ, чекиниш ҳақидаги буйруқни кутмасдан чиқишни бошлаган.

Суҳбатдошлардан бири, шахси сир қолишини сўраган пулемётчи сўнгги кунларда украин жангчилари Вуҳледардан мустақил равишда пиёда чиқиб олишига тўғри келганини айтган.

Роман исмли иккинчи суҳбатдошнинг айтишича, шаҳар харобаларидан чиқишга уриниш вақтида кўплаб аскарлар Россия дронлари ва артиллерияси зарбалари оқибатида ҳалок бўлган ёки яраланган, шунингдек кўпчилик бедарак йўқолган.

Сентябр ойининг сўнгги кунларида россияликлар ғарбдан Вуҳледарни фронт ортидаги Богоявленка қишлоғи билан боғловчи охирги йўлга жуда яқин келишган ва гарнизон ярим қуршов ҳолатига тушиб қолган: россияликлар дронлар ва артиллерия билан ушбу йўлда ҳаракатланган барча нарсани ўққа тутган.

«Олиб кетишга ҳаракат қилишди 200- ва 300-чиларни [ўлганлар ва яраланганлар] олиб чиқиш учун эвакуация экипажлари юборишди, аммо муваффақиятсизликка учралди. Бир неча машина йўқотилди, шу билан тўхташди», — деган Роман.

Россияликлар шаҳарга киришганида украин қисмлари буйруқни кутмасдан кета бошлаган.

«Чекиниш ташкил этилмаган ҳолатда хаос бошланади, бу урушнинг табиий қоидаси», — дейди пулемётчи. Унинг сўзларига кўра, айрим гуруҳлар радиоалоқа йўқлиги учун қўмондонлик билан узилиб қолган ва мустақил қарор қабул қилишига тўғри келган, бу эса чекиниш қарори бўлган.

Романнинг айтишича, уларнинг мустаҳкам позициялари Россия бомбалари, снарядлари ва ракеталари билан вайрон қилинган ҳамда бундай ҳолатда позицияларни ташлаб чиқишга тўғри келиши муқаррар эди.

«Позицияда ёлғиз қолганда ва сенга ҳамма нарсадан отишаётганида қандай жанг қилиш мумкин? Ёки ҳалок бўлиш, ёки чекиниш», — дея тушунтиради Роман.

Аммо деярли қуршаб олинган шаҳардан чиқиб олиш ҳам жуда хавфли эди. Кун ёруғида бунга ҳаракат қилиш ўзини ўлдириш билан баробар бўлган.

Украиналик аскарлар асосан тунда, мунтазам ўққа тутиб турилган Богоявленка йўлидан юрмаслик учун миналанган далалар бўйлаб, белгиланган излар орқали кетишга ҳаракат қилган.

«Яқин вақтгача эвакуация машиналари қоронғида чироқларини ёққан ҳолатда юриши мумкин эди. Аммо Россия қўшини шаҳар марказига кетиб келгач, фақат пиёда ҳолатда қочиш мумкин бўлиб қолди», — деган Роман.

«Бу нималигини билмайман: олий қўмондонлик қаршисидаги қўрқув ёки олий қўмондонликнинг оддий йигитлар қони эвазига охиригача чўзиш буйруғими. Барчамиз учун бу тушунарсиз қолди», — дейди пулемётчи.

Вуҳледардан чекиниш украин армиясидаги асосий муаммоларни кўрсатиб берди — АР

Америкадаги Associated Press ахборот агентлиги Украина қуролли кучлари Донецк областидаги стратегик муҳим шаҳар Вуҳледардан чекиниши бўйича таҳлилий мақола эълон қилди.

Мақола муаллифлари фикрича, бу ҳудуддаги вазият украин ҳарбийлари урушнинг ҳозирги босқичида бошлан кечираётган барча асосий муаммоларни кўрсатиб берган.

АР журналистлари Вуҳледар қулаши сабабларидан бири сифатида АҚШ Украина қуролли кучларига ғарбнинг узоқ масофали қуроллари билан Россия ичкарисига зарба беришга рухсат бермаётганини келтирган. Бу эса РФ армиясига ҳаводаги ҳукмронликни сақлаб олиб, йўналтирилувчи авиабомбалардан кенг фойдаланишига имкон берган, Украина эса ҳозирча бунга қарши самарали чора топа олмаяпти.

Бундан ташқари, Украинадаги сафарбарлик ҳозирча Украина қуролли кучлари сафларини Россия юришини самарали тўхтатиши мумкин бўлган янги аскарлар билан тўлдира олмаяпти.

«Россияликларнинг асосий тактикаси — бизни қанотлардан ўраб олиш ва улар олти ёки етти ойдан буён мунтазам равишда ҳаво зарбалари бериб шу мақсадда ҳаракат қилмоқда. Бундай тактика уларга бизнинг ресурсларимизни тугатишга имкон берди», — деган АР нашрига Украина қуролли кучларининг 72-бригадаси матбуот котиби Арсений Прилипка.

Агентликнинг ёзишича, ҳозирда Россия қўшини Украинага кунига ўртача 120 та ёки ойига ўртача 3 мингта авиабомба ташламоқда. Шу билан бирга, Россиянинг қўмондонлик ва логистик марказлари, шунингдек аэродромлари украин кучлари етиб бора олмайдиган масофада қолмоқда, чунки АҚШ ҳамон РФ ҳудуди бўйлаб зарбалар беришдаги чекловларни олиб ташлашдан бош тортмоқда, деб ҳисоблайди муаллифлар.

«Биз динамикани ўзгартира олмаймиз, россияликлар эса босимни давом эттирмоқда», — деган агентликка Украина қуролли кучлари учун эҳтиёт қисмлар етказиб бериш билан шуғулланувчи «Реактивная почта» нодавлат ташкилоти асосчиси Павел Нарожний.

Прилипканинг сўзларига кўра, Вуҳледарни ташлаб чиқиш қарори шаҳарни ҳимоя қилиш имконсиз бўлиб қолганидан кейин қабул қилинган. Бунгача 72-бригада икки йил давомида ротациясиз жанг қилишига тўғри келди.

«Россияликлар мудофаамизда заиф нуқталарни топиш ва шаҳарга кириш учун доимий равишда пайпаслаб кўрди. Ва ўз юриши давомида улар шаҳарни бутунлай вайрон қилишга ҳаракат қилди. Биз доимий равишда зарба остида турдик», — деган 72-бригада вакили.

Мавзуга оид