Жамият | 10:31 / 11.10.2024
5765
3 дақиқада ўқилади

Марбург вируси: белгилари, юқиш йўллари ва профилактика чоралари

Шарқий Африка давлатларида тарқалаётган марбург вируси тана суюқликлари орқали юқади. Вирус юқтирган беморда бош оғриғи, иситма, тез чарчаш ва мушакларда оғриқлар кузатилиши мумкин.

Фото: AP

Вирус Шарқий Африка давлатларида тарқаляпти. Жумладан, Руандада 36 та ҳолат аниқланган. Беморларнинг 11 нафари вафот этган. Марбург вируси кириб келиши олдини олиш учун Қозоғистон халқаро аэропортларида чет эллик барча йўловчиларнинг тана ҳароратини масофадан ўлчаш амалиётини жорий этяпти. Санэпидқўмита Ўзбекистонда ҳам давлат чегарасини кесиб ўтиш жойларида фаолият юритаётган Санитария назорат пунктларининг ҳушёрлиги оширилгани ҳақида маълум қилган.

ЖССТ вирус тарқалиш хавфини минтақавий даражада юқори, аммо глобал миқёсда паст деб баҳолади. Касалликдан ўлим даражаси 88 фоизгача етиши мумкин.

Марбург қандай вирус?

Марбург вируси эбола билан битта оилага мансуб ва клиник жиҳатдан ҳам эболадан катта фарқ қилмайди. У оғир ва тез-тез ўлимга олиб келадиган геморрагик иситмани келтириб чиқариши мумкин. Вирусга 1967 йилда Германиянинг Марбург шаҳри номи берилган. Сабаби ўшанда илк бор Марбургдаги лабораторияда ходимлар вирусни юқтириб олган. Вирус Угандадан лаборатория тадқиқотлари учун келтирилган Африка яшил маймунларини ёриб кўриш пайтида қон ва тана аъзоларидан юққан. Шундан кейин Германиянинг Франкфурт, Сербиянинг Белград шаҳрида ҳам касалланиш ҳолатлари қайд этилган. Мевахўр кўршапалаклар бу вирусни олиб юради. Маймунлар юқтиргандан кейин узоқ яшамайди.

Эпидемия Ангола, Конго Демократик Республикаси, Экваториал Гвинея, Кения, Гана, Гвинея, Уганда, Жанубий Африка (яқинда Зимбабвега саёҳат қилган одамда) ва Танзанияда қайд этилган. Ҳозиргача рекорд даражадаги энг катта эпидемия 2005 йилда Анголада бўлган. Унда 374 киши вирусни юқтириб, 329 нафари ўлган.

Белгилари

Марбургнинг инкубация даври одатда 3-10 кун. Симптомлар вирус юққан кундан 21 кун ўтиб бошланади. Камдан кам ҳолатларда 28 кунгача чўзилиши мумкин.

Касаллик тўсатдан қуйидаги белгилар билан бошланади:

  • кучли бош оғриғи;
  • безовталик;
  • юқори иситма;
  • тез кучсизланиш.

Вирус юққанидан 3 кун ўтиб қуйидаги белгилар намоён бўлишни бошлайди:

  • суюқ ич кетиши;
  • қорин оғриғи;
  • кўнгил айниши;
  • қусиш.

Симптомлар тобора кучайиб бориши мумкин. Аксар беморларда 5-7 кундан кейин тошмалар пайдо бўлади. Оғир ҳолатларда тери остидаги қон кетиш, шиллиқ қаватлардан қон кетиш кузатилади. Марбургнинг кўпгина дастлабки белгилари безгак ва бошқа юқумли касалликларга ўхшайди. Касаллик лаборатория текширувида аниқ бўлади.

Қандай ҳимояланиш керак?

Вируснинг юқиши олдини олиш чоралари бошқа геморрагик иситма вирусларига ўхшайди. Ҳимояланишда энг муҳими – инфекцияланган тана суюқликларини, жумладан, қон ва қонли суюқликлар билан ишлаганда ҳушёр бўлиш керак.

Вирус юқтирган одам билан, вирусга тест натижалари манфий чиқмагунча, алоқага киришмаслик тавсия этилади. Ўзида вирус аломатларини сезган бемор дарҳол ўзини бошқалардан изоляция қилиши ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиши керак.

Маълумот учун, ушбу вирус учун ҳали вакцина ишлаб чиқилмаган.

Мавзуга оид