Жаҳон | 11:06 / 14.10.2024
11845
3 дақиқада ўқилади

«Ҳизбуллоҳ» дрони Исроил базасига ҳужум қилди, тўрт аскар ҳалок бўлган

Ҳужум оқибатида яна 60 га яқин киши жароҳатланган.

Фото: Гиль Нехоштан

13 октябр куни кечқурун Исроил шимолида дрон зарбаси оқибатида исроиллик тўрт аскар ҳалок бўлиб, 60 га яқин киши жароҳатланган.

Исроил мудофаа армияси маълумотига кўра, Ҳайфа жанубидаги Бинямин-Гиват-Ада аҳоли яшаш манзилида жойлашган «Голани» бригадаси ҳарбий базасига ҳужум оқибатида яна етти нафар ҳарбий хизматчи оғир жароҳат олган.

Маген Давид Адом (MDA) тиббий хизмати маълумотига кўра, ҳужум оқибатида жами 58 киши яраланган. Шундан 37 нафари тез ёрдам машиналари ҳамда вертолётлар орқали турли шифохоналарга олиб борилган.

Ҳужум учун жавобгарликни «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ўз зиммасига олган. Гуруҳ матбуот хизмати хабарига кўра, зарба Исроилнинг пайшанба куни Ливан жануби ва Байрут шаҳрига қилган ҳужумларига жавобан амалга оширилган.

Қайд этилишича, базага «дронлар гуруҳи» ҳужум уюштирган.

Воқеа жойидан олинган кадрларга кўра, зарба вақтида ҳарбий хизматчилар ошхонада бўлишган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган тасвирларда ошхона томида катта тешик пайдо бўлганини кўриш мумкин.

Times of Israel нашри терговнинг дастлабки маълумотларига таяниб хабар беришича, «Ҳизбуллоҳ» Ўрта ер денгизи томондан Mirsad русумли иккита дрон учирган.

Исроилдаги Alma Research тадқиқот марказига кўра, улар «120 километр радиусдаги нишонларга зарба бера олувчи, максимал тезлиги соатига 370 км, 40 килограммгача портловчи модда олиб юрадиган ва 3 километргача баландликда уча оладиган» қурилмалар бўлган.

Нашр хабарига кўра, икки дрон ҳам Исроил радарлари кузатувида бўлган, бири Ҳайфадан шимолда, соҳил ҳудудида уриб туширилган, аммо иккинчи дрон радарлардан йўқолиб қолган ва базага айнан у зарба берган. Катта эҳтимол билан, у жуда паст учгани туфайли исроиллик ҳарбийлар уни кўздан қочиришган.

Ҳужум арафасида ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар чалинмаган. ЦАҲАЛ бунинг сабабига ойдинлик киритилишини маълум қилган.

«Ҳизбуллоҳ» ўз баёнотида агар Исроил Ливан жанубидаги амалиётини давом эттирса, янги ҳужумлар амалга ошириш билан таҳдид қилган. 

«Биз душманга ваъда берамизки, бугун Ҳайфа жанубида содир бўлган воқеалар, агар халқимизга қарши тажовузни давом эттирадиган бўлса, уни кутаётган воқеалар олдида ҳеч нарса бўлмай қолади», — дейилган хабарда.

Гуруҳ «ҳужум салоҳияти ҳамон катталиги ва Исроилнинг анча ичкари ҳудудларига кириб боришга қодирлиги»ни қайд этган. 

Ўтган кун давомида гуруҳ дронлардан ташқари Исроил бўйлаб жами 115 дан ортиқ снаряд учирган.

Мавзуга оид