Ливан шимолига ҳужум, БМТга писанда қилган Эрдўған ва урушга мажбурланаётган мигрантлар — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ливандаги вазият
Исроил Ливаннинг шимолидаги ҳудудга кутилмаганда зарба берди. Ҳалок бўлганлар бор.
Исроил билан чегарадош ҳудудларда ҳарбий ҳаракатлар интенсивлиги ўтган суткаларда ошди. Исроил мудофаа армияси — ЦАҲАЛнинг кутилмаганда Ливан шимолига зарба бергани ҳам хабар қилинмоқда. Маҳаллий ҳукуматнинг хабарларига кўра, зарбалар натижасида асосан насронийлар истиқомат қилувчи ҳудудда 9 киши ҳалок бўлган. Ливандаги Қизил хоч жамияти эса қурбонлар сони 18 нафар эканини айтмоқда.
Бундан ташқари Исроил қуролли кучлари Ливан жанубидаги Набатия шаҳридаги кўҳна бозорга ҳужум қилган. Жоме масжиди ва бир нечта бошқа бинолар вайрон қилинган. Бироқ, ҳалок бўлганлар тўғрисида маълумотлар тарқатилмаган.
Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги 10 киши ҳалок бўлганини, уларнинг орасида тинч аҳоли вакиллари ҳам борлигини, шунингдек, тиббиёт муассасаларига жиддий талафот етказилганини маълум қилган.
Шу кунгача Исроилнинг Ливандаги агрессияси қурбонлари сони 2306 кишини ташкил қилмоқда. Сўнгги сутка ичида камида 51 киши қурбон бўлган, 174 киши яраланган. Сентябр ойи ўрталаридан буён ўлдирилганлар сони 1400 кишига етган. Ярадорлар сони эса 10 мингдан ошган.
БМТʼни қийнаётган Исроил
Исроил армиясининг ҳужумлари натижасида Ливанда БМТ тинчликпарвар кучларининг 15 нафар аскарлари яраланган.
БМТнинг Ливандаги муваққат кучлари — UNIFIL вакиллари Исроил қўшинлари БМТ базаси дарвозасини бузиб, ҳудудга танкларда бостириб киргани, 15 нафар тинчликпарвар кучлар аскарларини яралаганини маълум қилган.
Миссиянинг расмий баёнотида шундай дейилади:
«Биз Исроил мудофаа армияси ва можаронинг бошқа томонларини БМТ ходимлари ва мулкларини ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятларга амал қилишга, шунингдек БМТ объектларининг дахлсизлигини ҳурмат қилишга чақирамиз».
Бу ҳодиса Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг БМТ бош котиби Антониу Гутерришга тинчликпарвар кучларни можаро ҳудудидан «зудлик билан олиб чиқиб кетиш»га чорлови фонида рўй берган.
Жанубий Ливандаги вазият Исроилнинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатига қарши операциялари фонида кескинлашиб бормоқда. Сони 10 минг нафар бўлган БМТ кучлари можаро марказида қолиб кетган.
Ҳаттоки ўз персоналини ҳам ҳимоя қилолмаётган БМТ образи халқаро тизим учун шармандалик ва хавотир уйғотади, деган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған.
Бу ҳақда у Туркия вазирлар девонининг йиғилишидан сўнг телемурожаатида айтиб ўтган.
«Исроилни тўхтатиш учун БМТ Хавфсизлик кенгаши яна нимани кутяпти?» — деган Туркия етакчиси Яқин Шарқда рўй бераётган воқеалар фонида ташкилотнинг ҳаракатсизлигини шарҳлар экан.
Ғазодаги вазият
Нетаняҳу Ғазонинг шимолий қисмига инсонпарварлик ёрдамларини етказишни блоклашни режалаштирмоқда. Бу режа Нетаняҳу ва Исроил парламентига истеъфога чиққан бир гуруҳ генераллар томонидан тақдим этилган.
Ғазодаги урушнинг бир йили давомида Исроил бир неча бор эксклавнинг шимолидан аҳолини кўчириш ҳақида буйруқлар берган. Бундай буйруқларнинг сўнггиси якшанба куни янграган. Нетаняҳу ва Исроил парламентига тақдим этилган режага кўра, Ғазонинг шимолий ҳудудининг учдан бир қисмини, жумладан Ғазо шаҳрини фаластинликлардан тозалаш ва у ерни ёпиқ ҳарбий зона деб эълон қилиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Исроил Ғазонинг шимолий қисмида номаълум муддатга назоратни ўз қўлига олади, янги маъмурият яратади ва шу йўл билан Ғазони иккига бўлади.
Ҳозирча эвакауция тўғрисидаги сўнгги буйруққа фаластинликларнинг ҳаммаси ҳам итоат этаётгани йўқ. Айниқса, қариялар ва беморлар ўз уйларини тарк этишга қўрқиб туришибди. Кўпчиликнинг борар жойи йўқ, агар ўз уйларини тарк этса, Исроил уларга қайтишга изн бермаслигидан чўчимоқда. Politico нашрининг ёзишича, Исроил аввал чиқиб кетганларнинг қайтишига йўқ қўймай келмоқда.
АҚШ давлат департаментининг вакили Вашингтон Ғазонинг Исроил томонидан тўғридан тўғри оккупациясини назарда тутувчи ҳар қандай режага қарши эканини айтган.
Ҳуқуқбонлик ташкилотлари эса бундай режа тинч аҳоли ўртасида очарчилик келиб чиқиши, бу эса озиқ-овқатдан қурол сифатида фойдаланиш ҳамда мажбурий кўчиришларни амалга оширишни тақиқловчи халқаро ҳуқуқларга зид эканини таъкидлашмоқда.
Украинага ёрдам
Европа парламенти Россиянинг музлатилган активлари ҳисобидан Украинага 35 млрд евро кредит ажратишни маъқуллади.
Европарламентнинг халқаро савдо бўйича қўмитаси бу борадаги таклифни маъқуллаган.
Маълум қилинишича, таклифни 31 депутат қўллаб-қувватлаган, тўрт киши қарши чиққан. Янги кредит мақсадли эмас, шу сабабли Украина бу пулларни ўзининг эҳтиёжларига қараб тасарруф қилиши мумкин, дея аниқлик киритишган қўмитадагилар. Парламент бу таклиф бўйича 21–24 октябр кунлари овоз бериши кутилмоқда.
НАТОнинг янги бош котиби Марк Рютте Россиянинг қўрқитиш тактикаси НАТО алянсига таъсир қилмаслигини таъкидлади. Унга кўра, блок Киевга қатъий ёрдам беришда давом этаверади.
«Россия томонига жўнатилган номамизнинг мазмуни шундан иборатки, Владимир Путин ўз ниятига ета олмаслигини кафолатлаш учун барча ишларни қиламиз, Украина ғалабага эришади», — деган Рютте.
Хитойнинг ҳарбий машқлари
Хитой Тайван ороли яқинидаги ҳарбий машқлар якунланганини эълон қилди. Расмий маълумотларга кўра, ҳарбий машқларда 125 та самолёт, шунингдек ҳарбий денгиз кемалари иштирок этган. Ўтказилган манёврларда Хитой Тайваннинг портлари ва асосий объектларини блокада қилишни машқ қилган.
Хитой ҳарбий машқлар Тайваннинг ҳаракатларига қарши жиддий огоҳлантириш эканини таъкидлаган.
Тайван Мудофаа вазирлиги эса Хитой томонидан ўтказилган бу ҳарбий машқлар асосланмаган провокация эканини таъкидлаган.
«Хитой минтақадаги тинчлик ва барқарорликка рахна солувчи, Тайвандаги демократия ва эркинликларга таҳдил қилувчи ҳарбий провокацияларни бас қилиши керак», — дейилади вазирлик баёнотида.
Россия ва мигрантлар
Россия аҳолиси мамлакатдаги мигрантлар сонини ҳаддан зиёд, деб ҳисобламоқда. Ишга қабул қилиш бўйича онлайн hh.ru платформаси мутахассислари томонидан ўтказилган сўровда иштирок этганларнинг 80 фоизи шундай фикрга эга. Йил давомида бу жавобни берганларнинг улуши 21 фоизга ошган.
Сўров иштирокчиларининг 12 фоизи мамлакатдаги меҳнат мигрантлари сонини етарли деб ҳисоблайди. Яна 4 фоизи уларнинг сонини кўпайтириш тарафдори бўлган.
Мигрантлар асосан шароитлар маҳаллий аҳоли учун мос бўлмаган ишларга жалб қилинмоқда — бу 58 фоиз сўралганларнинг фикри. 59 фоиз иштирокчи иш берувчилар меҳнат мигрантларини ишлатишдан манфаатдор, деб ҳисобламоқда.
Сўров иштирокчиларининг қарийб учдан икки қисми меҳнат миграцияси Россия ҳудудлари учун зарарли, деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, 56 фоиз сўралганлар мигрантлар маҳаллий аҳоли тўлдириши мумкин бўлган ишларни эгаллаб олган, деб ҳисоблайди. Россияликларнинг 39 фоизи уларнинг ўрнини эгаллашга тайёр, 28 фоизи бунга тайёр эмас.
Аввалроқ Россия колонияларида жазо муддатини ўтаётган Марказий Осиё давлатлари фуқаролари оммавий равишда Украинага қарши урушга юборилиш учун шартномалар имзолашга мажбурланаётгани хабар қилинган. Маълумотларга кўра, маҳкумларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиниб, диний қарашлари туфайли таҳқирланмоқда. Колония ходимлари, шунингдек, қолган маҳкумларни жазо муддатини ўтаётган мигрантларни калтаклашга чақирмоқда.
Қўшнилар келишувга яқин
Қирғизитон ва Тожикистон чегара масалалари бўйича келишувга жуда яқин туришибди. Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев қиғиз-тожик чегарасини аниқлаштириш бўйича ишлар деярли якунланганини маълум қилган.
«Яқин кунларда, худо хоҳласа, биз қўшнилар билан чегара масаласини узил-кесил ҳал қиламиз. Бу кимнинг жойи, қанақа ер, деган ноаниқ жойлар қолмайди. Барчаси ҳуқуқий майдонда ечилади ва биз ўз тупроғимизни кўз қорачиғидек асраймиз. Бу ҳам биз эришган ютуқлардан бири», — деган у.
Аввалроқ 7-13 октябр кунлари Боткенда Қирғизистон ва Тожикистон топографик ва ҳуқуқий ишчи гуруҳларининг учрашуви бўлиб ўтган ва унда чегаранинг қолган участкалари муҳокамаси давом эттирилган эди.
Тожикистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарига кўра, кейингиси Тожикистонда бўлиб ўтадиган учрашувда ишлар давом эттирилади.
Мавзуга оид
13:08
Ливандаги янги қурбонлар, жавоб ҳужумига тайёрланаётган Эрон ва жангга киришга ҳозирланаётган КХДР аскарлари — кун дайжести
13:59 / 01.11.2024
Ливанда оташкесим келишуви, Исроилнинг йўқотишлари ва Зеленский КХДР аскарлари ҳақида — кун дайжести
13:00 / 31.10.2024
Қамалда қолаётган ғазоликлар, АҚШнинг Исроилга ёрдами ва фронтда бой бераётган Украина — кун дайжести
13:40 / 30.10.2024