Жаҳон | 15:50 / 23.10.2024
2214
2 дақиқада ўқилади

Полша Россиянинг Познандаги консуллигини ёпмоқда

Россия Полшада қўпорувчилик актини тайёрлаётган эди, деди мамлакат ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский. Москва Познандаги Россия консуллигининг ёпилишига «оғриқли жавоб» берилишини ваъда қилди.

Фото: AP

Варшава Познандаги Россия консуллигини ёпмоқда, унинг ходимлари Полшада персона нон грата деб эълон қилинди. Бу ҳақда 22 октябр, сешанба куни Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский X ижтимоий тармоғида маълум қилди. Полша дипломатияси раҳбари бу қадамни Россия томонининг диверсион фаолияти билан изоҳлади.

«Россия Федерацияси республика ҳудудида (Полшада) қўпорувчилик ҳаракатини амалга оширишга уринди, прокуратурага кўра, бу (режалаштирилган қўпорувчилик) Россия давлати тузилмалари томонидан амалга оширилиши керак эди», деб ёзган Сикорский. Унинг қўшимча қилишича, «бу ҳаракатлар ягона эмаслиги ва такрорланиши мумкинлиги» ҳақида маълумотга эга.

Полшанинг Onet интернет-нашри ёзганидек, Полша прокуратурасининг хулосалари диверсант — 51 ёшли Украина фуқароси Сергей С.нинг кўрсатмасига асосланади. У Россия махсус хизматлари топшириғи бўйича Вроцлав шаҳридаги бўёқ ишлаб чиқарувчи корхонада ўт қўйишга тайёргарлик кўрган.

«Россия Полша ҳудудида гибрид уруш олиб бормоқда, мен ташқи ишлар вазири сифатида бунга қатъий муносабат билдиришга мажбурман, - дейилади Сикорскийнинг бошқа постида. - Биз бир қадам ҳам орқага чекинмаймиз, биз Полша Республикасини ҳимоя қиламиз, биз полякларни ҳимоя қиламиз».

Мавзуга оид