Фан-техника | 15:42 / 25.10.2024
6594
3 дақиқада ўқилади

Олимлар миянинг 3D-атласини яратди – у нима учун керак?

3D-атласни миянинг тузилиши ва нейрон алоқаларини тушунтирадиган географик харитага қиёслаш мумкин.

Фото: iStock

Тадқиқотчилар сичқон миясининг ривожланишини кўрсатувчи ноёб уч ўлчамли атласни яратди. Бу атлас нейрон ривожланиши ва у билан боғлиқ касалликларни ўрганиш учун янги имкониятлар эшигини очади. Ишланма ривожланишнинг барча босқичлари учун илғор визуализация ва микроскопия усулларидан фойдаланган ҳолда яратилди.

Атлас сут эмизувчиларнинг бутун миясини ҳам эмбрионал босқичларда, ҳам эрта постнатал даврда батафсил ўрганиш имконини беради. Бу кашфиёт олимларни миянинг қандай шаклланиши ва унинг ривожланишида нима нотўғри кетиши мумкинлигини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.

3D-атласни Пенсилвания штати тиббиёт коллежи жамоаси яна бешта илмий институт билан ҳамкорликда Nature Communications журналида тақдим этди. Ушбу атлас мия тузилишининг ривожланиш динамикасини ҳар томонлама қамраб олувчи тасвирини кўрсатади, бу эса тадқиқотчиларга вақт ўтиши билан миянинг шакли ва ҳажмидаги ўзгаришларни таҳлил қилиш имконини беради. Тадқиқотнинг етакчи муаллифларидан бири доктор Ёнсу Кимнинг таъкидлашича, бундай харитани яратиш миянинг нормал шароитда қандай ишлаши ва унинг бузилишларида қандай ўзгаришлар содир бўлишини тушуниш йўлида муҳим қадам бўлди.

Илгари олимлар фақат икки ўлчовли тасвирлар билан чекланиб қоларди, бу эса нейрон алоқалари ва тузилмавий ўзгаришларни ўрганишни мураккаблаштирган. Эндиликда МРТ ва ёруғлик варағи флуорессент микроскопияси каби юқори технологик усуллардан фойдаланиш орқали, тадқиқотчилар мияни алоҳида ҳужайралар даражасида тасвирлаш имкониятига эга бўлди.

Олимлар янги усулни ГАМКергик нейронлар — мия ичидаги коммуникацияда муҳим роль ўйнайдиган ҳужайраларни кузатиш учун қўллади. Бу ҳужайралар шизофрения ва аутизм каби касалликларга алоқадор бўлиши мумкин. Яратилган атлас ушбу ҳужайралар миянинг турли қисмларида турли босқичларда қандай ривожланиши ва ташкил этилишини аниқлашга ёрдам берди.

Жаҳон миқёсидаги илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, жамоа барча фойдаланувчилар учун атласнинг интерактив версиясини яратди. Ушбу манба дунё бўйлаб олимларга ўз тадқиқотлари учун маълумотлардан эркин фойдаланиш имкониятини беради. Бундай ишланмалар олимларнинг турли тадқиқотлар натижаларини ўз лойиҳаларига бирлаштириш жараёнини осонлаштиради, шу билан бирга машинали ўрганиш ва сунъий интеллект усулларидан фойдаланган ҳолда нейрофан ривожига ҳисса қўшади.

Мавзуга оид