Ўзбекистон | 18:33 / 28.10.2024
5953
2 дақиқада ўқилади

1-курс талабаларига контракт тўлаш муддати узайтирилди

Бакалавриат ҳамда магистратуранинг 1-курс талабалари учун контракт тўлаш муддати 1 декабрга қадар узайтирилди.

Фото: Kun.uz

Давлат комиссиясининг тегишли баёни билан 1-курс талабаларига контракт тўлаш муддати узайтирилди, деб хабар берди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги.

Қайд этилишича, 2024/2025 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг қуйидаги бакалавриат ҳамда магистратура талабалари учун тўловларни амалга ошириш ва талабалар сафига қабул қилишни расмийлаштиришнинг муддати 2024 йил 1 декабрга қадар (шу куни ҳам) узайтирилди:

- базавий ёки табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқиш истагини билдирган абитуриентлар (1-курс);

- ПФ–213-сон фармони асосида қорақалпоғистонлик ёшлар учун ажратилган қўшимча қабул квоталарига талабаликка тавсия этилган абитуриентлар (1-курс);

- ўқиши кўчирилган (кўчириб тикланган) талабалар.

Бунда:

- қабул параметри доирасида ўқишга тавсия этилган абитуриентлар базавий тўлов-контракт шаклида бир йиллик ўқитиш қийматининг камида 25 фоизи миқдорида;

- табақалаштирилган тўлов-контракт (супер) асосида ўқиш истагини билдирганлар, улар учун белгиланган бир йиллик ўқитиш қийматининг камида 50 фоизи миқдоридаги тўловларни амалга ошириши лозим.

Амалдаги тартибга кўра, иккинчи ва ундан юқори курс талабалар контрактини тўлаш муддати ОТМ раҳбари томонидан узайтирилиши мумкин.

Мавзуга оид